Масжиди Ҳаромнинг ишлар бош бошқармаси намозхоналардан бирини эшитиш қоблияти билан боғлиқ ногиронлиги бўлган шахслар учун сурдо (ишорат) тилини биладиган таржимон билан ажратилганини маълум қилди. Бу ҳақда IQNAга таяниб islom.uz нашри хабар беради.
Хабарда айтилишича, жума намози, Фитр ва Қурбон байрамлари мавъизалари, ёмғир дуоси, дарслар ва Масжиди Ҳаромда айтиладиган ваъзларни сурдо таржима орқали уларга етказиш имконияти яратилган. Шунингдек, бу ерда кўзи ожизлар учун намозхонага олиб борадиган махсус оқ тутқичлар ҳам ўрнатилган. Улар учун Брайл ёзувидаги Қуръони каримлар ҳамда Мусҳафни тутиб турадиган махсус ускуна тайёрланган.
Бундан ташқари, бу каби намозхонлар учун ақлли соатлар ҳам ишга туширилган. Умуман олганда, ногиронларнинг бемалол ҳаракат қилишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шу йил 11 январь куни Жидда шаҳрида Ўзбекистон делегацияси ҳамда Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги раҳбарияти ўртасида мулоқот бўлиб ўтди.
Унда Ҳаж ва умра вазири доктор Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташе Шуҳрат Амоний иштирокида ўзаро алоқаларнинг истиқболлари ҳамда “Ҳаж – 2025” мавсумини юқори даражада ташкил этиш муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари ҳамда Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Валиаҳд ва Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ўртасидаги дўстона муносабатлар жадал ривожланаётгани, Аллоҳ таолонинг меҳмони бўлган зиёратчиларга намунали хизмат кўрсатилаётгани алоҳида қайд этилди.
Айниқса, ҳаж квотаси аввалгига қараганда 2 карра оширилгани, кейинги етти йилда 60 мингдан зиёд юртдошимиз ҳаж амалларини бажаргани юқори баҳоланди. Умра сафарлари учун чекловлар олиб ташлангани, қонуний тартибга солингани таъкидланди.
Сўнгги йилларда давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан юртимизда ҳаж ва умра сафарлари йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ташкилий тадбирлар, ҳуқуқий асослар, рақамлаштириш жараёнлари ва ўзбекистонлик зиёратчиларнинг тартиб-интизоми Саудия томонидан юқори баҳоланди.
Шунингдек, Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа сўзининг давомида Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларни эътироф этиш баробарида заминимиздан нафақат ислом уламолари, балки дунё цивилизациясига катта ҳисса қўшган Ибн Сино, ал-Хоразмий каби буюк мутафаккирлар, илм-фан намоёндалари етишиб чиққани ва юртдаги бугунги ўзгаришлар яна мана шундай алломалар чиқишига пойдевор бўлишини таъкидлади.
Мулоқот якунида томонлар эсдалик совғалари топширдилар.
ЎМИ Матбуот хизмати