Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

Хўп бўлади, ОНАЖОН

5.12.2018   3433   2 min.
Хўп бўлади, ОНАЖОН

Она – ажойиб хилқат. Мўътабар зот.

Динимизда оналар эъзозланган, жаннат уларнинг оёқлари остида деб эълон қилинган.

Ота-онасини рози қилган инсондан Аллоҳ таоло рози бўлиши айтилган.

“Кимга яхшилик қилай?” деб сўраган саҳобага Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта “Онангга!” деб, тўртинчисида “Отангга ва яқин қариндошларингга!” дея жавоб берганлар.

Дунёда боласини ёмон кўрадиган, унга ёмонлик етишини истайдиган бирорта она йўқ.

Ҳеч бир она боласини қарғамайди. Хафа бўлиб, аччиқланса ҳам, тилининг учида танбеҳ бериб, уришади.   

Боласи жонидан тўйдириб юборган тақдирда ҳам онаизор қарғамайди. Мабодо боласининг озорларига сабр косаси тўлиб кетганда, боласини эмас, ўзини сўкади. “Сени туғмай мен ўлай” дейди.

Ҳа, она ана шундай меҳрибон, мушфиқдир.

Қиш фасли ҳам кириб келди. Совуқ ҳавода юпун кийиниб юрган инсон шамоллаб қолиши ҳеч гап эмас.  

Онангиз сизга “Болам, иссиқ кийиниб ол. Шамоллаб қолма” деса ва аёлингизга қараб, “Қизим ўғлимнинг жемперини, пальтосини олиб чиқинг, кийиб олсин” деганида, “Кийимим қалин бўлиб кетади, қўполлашиб кетаман, ҳаракатларим ноқулай бўлади. Ёш бола эмасман-ку! Шу яхши. Совқотмайман” деб волидангизнинг истагини ерда қолдирманг!

Меҳрга тўла юракларини эзманг!

Қўполлашиб кетсангиз ҳам айтган нарсаларини кийиб олинг!

Онангиз хурсанд бўлиши учун кийиб олинг!

Ҳаракатларингизда ўнғайсизлик сезсангиз ҳам онажонингизнинг гаплари ерда қолмасин!

Онангиз рози бўлиши учун қўполлашиб, қалинлашиб кетишга ҳам рози бўлинг!

Эртага чиндан ҳам ҳаво совиб, ўша жемпер ва пальтоларни кийишга эҳтиёжингиз тушганда, истасангиз ҳам, кутсангиз ҳам, соғинсангиз ҳам “Болам жемперингни кийиб ол, шамоллаб қолма” деган овозни эшитмайсиз.

Ҳозир бошингизда шундай овоз соҳибаси бор экан, Аллоҳ таолога кўп шукр қилиб, иссиқ кийиниб юринг!

Шу кичик ишни айтганларида ҳам “Хўп бўлади” деб, кўнгилларини кўтариб, кўплаб савоб ишлаб олишнинг пайидан бўлинг!

Онасининг овозини эшитишни соғинганлар, аммо эшита олмаётганлар қанча!

Аллоҳ таоло ота-онаси ҳаёт бўлган азизларимизнинг ота-оналарига узоқ умр, сиҳат-саломатлик берсин!

Ота-онаси вафот этган азизларимизнинг ота-оналарини раҳматига олиб, охиратларини обод айлаб, жойларини жаннатда қилсин!

 

 

Нозимжон Иминжонов

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Фарзанд тарбиясига оид 6 оят

9.01.2025   3858   2 min.
Фарзанд тарбиясига оид 6 оят

Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига қилган насиҳатлари Қуръони каримда келтирилади.


Насиҳатнинг энг биринчиси – шикрдан қайтариш.

“Эй, ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).

Ширк энг оғир зулм, энг қабиҳ жаҳолат ва энг катта гуноҳ саналади.


Насиҳатнинг иккинчиси – ота-онанинг ҳаққини адо этиш.

“Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсаларда) дунёда яхши муомалада бўлгин” (Луқмон сураси, 15-оят).

Ота-она ҳатто мушрик бўлсалар-да, уларга қўпол муносабатда бўлмаслик талаб этилади.


Насиҳатнинг учинчиси – Аллоҳ ошкор махфий ҳар бир нарсани билиб турувчи Зот.

“Эй, ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир” (Луқмон сураси, 16-оят).


Насиҳатнинг тўртинчиси – намоз, амри маъруф, наҳйи мункар ва сабр.

“Эй, ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил!...” (Луқмон сураси, 17-оят).


Насиҳатнинг бешинчиси – очиқ юзли, ширин сўзли, тавозеъли бўлиш, кибрланмаслик.

“Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).


Насиҳатнинг олтинчиси – бақир-чақир қилмаслик.

(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир(Луқмон сураси, 19-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД