Насабшунос олим Исмоил ибн Ҳусайн Ғанавий ҳикоя қилиб айтадилар:
“Машҳур муфассир олим Фахруддин Ар-Розий (маълумот ўрнида айтамиз: бу киши “Ат-Тафсийр ал-кабийр” ёки “Мафотийҳул ғойб” номли тафсир китобини ёзганлар) Марв шаҳрига келдилар. У киши қадри баланд, номи машҳур, виқорли, ҳайбатли киши эдилар. Шу даражада катта олим эдиларки, у кишининг айтган гапларини рад этиб бўлмас, ҳузурларида биров чуқурроқ нафас олишга ҳам журъат этмас эди.
Марвга келган кунларидан бошлаб улуғ олимнинг олдида дарс ўқишга интилдим. Дарс кунларининг бирида менга: “Талабаларнинг насаби ҳақида бир ажойиб китоб ёзиб берсанг дегандим. Кейин мен ўша китобнингни ўқиб, ёдлаб олардим” дедилар.
Мен устоз айтганларидек қилиб насаблар борасида бир китоб ёзиб бердим. Китобни олиб келиб, у зотга узатганимда, ўтирган курсиларидан пастга тушдилар ва ердаги бўйра устига ўтирдилар. Менга қараб: “Анави курсига бориб ўтир!” дедилар. Мен бундай қилишни ўзимга эп кўрмай, бош тортдим. Устоз мени койидилар, хафа бўлиб, баланд овозда “Айтган жойимга ўтир!” дедилар. Ҳайбатларидан чўчиб, у киши айтган курсига бориб ўтирдим.
Кейин олдимда ўтирганча менинг китобимни ўқий бошладилар. Ора-орада тушунмаган жойларини мендан сўраб қўярдилар. Шу тарзда китобни охиригача ўқиб тугатдилар. Кейин менга қараб “Ана энди истаган жойингда ўтиравер! Бу насаб илмида сен менга устозсан. Мен эса бу борада сендан фойдаланаман, сенга шогирд ҳисобланаман. Шогирд устозидан пастроқда, олдида ўтириши одобдандир ” дедилар”.
Ҳоний Ҳожининг “Солиҳлар ва солиҳалар, зоҳидлар ва зоҳидалар ҳаётидан минг бир қисса” китобидан Нозимжон Иминжонов таржимаси
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.