Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Декабр, 2024   |   13 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:16
Қуёш
07:41
Пешин
12:23
Аср
15:13
Шом
16:57
Хуфтон
18:17
Bismillah
14 Декабр, 2024, 13 Жумадул сони, 1446

Умра зиёрати: Юртдошларимиз мамнунияти

4.12.2018   2755   1 min.
Умра зиёрати: Юртдошларимиз мамнунияти

Аввал хабар берганилганидек, Умра ибодатига борувчилар энди фақат йилнинг баҳор фаслида ёки Рамазон ойидагина эмас, балки бутун йил давомида Умра ибодатларига боришлари мумкин бўлди.

Жорий йилнинг 28 ноябрь санасида Фарғона вилояти зиёратчиларидан иборат бир гуруҳ юртдошларимиз Умра сафарига жўнаб кетган эдилар. Улар дастлаб, Мадинаи мунаввара шаҳридаги муқаддас жойларни зиёрат қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак масжидларида ибодатларни адо этиш шарифига муваффақ бўлдилар. Бу ҳақда гуруҳ раҳбари (Марғилон шаҳридаги «Зиё» масжиди имом-хатиби) Ҳасанбой Юсупалиев хабар берди.

– "Биз Мадинаи мунавварага етиб келдигу, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг масжидларига кўзимиз тушган заҳоти барчанинг кўзига ёш келди. У зотнинг равзаларида жам бўлган ҳолда салавот ва саломлар айтар эканмиз, қалбимиздаги ҳаяжон ва хурсандчиликни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Қолаверса, юртимиздан келган зиёратчилар учун ҳукуматимиз томонидан яратилган шароитлардан барча мамнун. Зиёратчиларимиз шундай шарт-шароитларни ҳозирлаган ҳамда бу борада тиним билмай хизмат қилаётган мутасаддилар, айниқса, Юртбошимиз ва юртимиз тинчлиги барқарор бўлишини сўраб дуо қилмоқдалар", - дейди гуруҳ раҳбари Ҳасанбой Юсупалиев.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Абу Бакрга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин

13.12.2024   1002   5 min.
Абу Бакрга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа этиб сайлангач, оиласини тижорат билан боқмоқчи бўлди. У киши халифаликка сайланганидан бир кун ўтиб, бозорга сотиқ учун кетаётганида Абу Убайда ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо билан учрашиб қолди. Улар: «Бутун мусулмонларнинг юки зиммангизга тушиб турганида, бозорда нима қилиб юрибсиз?» дея байтулмол (давлат хазинаси)дан маош олишни таклиф қилишди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Олган нарсамни тўлай олмайман деб қўрқаман», деди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу эса давлат ишидан ортиб, тижорат билан шуғулланишга вақт тополмаслигини айтди, уни давлат ғазнасидан тирикчилигига яраша маош олишга кўндирди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу икки йиллик халифалик даврида етакчи саҳобаларнинг розилиги билан хазинадан маош олди. Лекин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳамиша ўзига берилаётган бу маошга ҳаққим йўқ деб ўйлар ва уларни шахсий ишларига сарфламасликка астойдил ҳаракат қилар эди.

У киши ўлими яқинлашиб қолганини билгач, яқинларини чақириб, зарурий эҳтиёжидан қолган молларни олиб, хазинага қайтарилишини айтди. Ўлим тўшагида ётар экан, қуйидагича васият қилди:

«Умар мени ўз ҳолимга қўймади ва байтулмолдан олти минг дирҳам олишга мажбур бўлдим. Уларнинг барчаси фалон ердаги деворга яширилган. Уларни олиб, Умарга қайтариб беринглар», деди.

Кейин қизи ҳазрати Оиша онамизга қуйидагиларни айтди:

«Мусулмонларнинг ишини ўз қўлимга олганимдан буён мен уларга тегишли бир дирҳамни ҳам, бир динорни ҳам емадим. Аксинча, мен ҳам уларнинг энг камбағаллари каби кўпинча оч қолиб, энг эски кийимларни кийиб юрдим. Хазинага оид анави қул билан шу мато парчасидан бошқа ҳеч нарса йўқ. Сен уларни олиб, Умарга бер».

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу вафот этгач, омонатлар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга берилгач, у киши ҳайратини қуйидагича ифодалади:

«Абу Бакрга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин, ўзидан кейин келадиганларга қийин қилди», деди (яъни амалдор бўла туриб, мол-дунёга эга бўлишни йўқ қилиб қўйди)».

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа бўлганидан кейин орттирган молларини меҳнат туфайли эмас, мансаб туфайли кўпайган, деб ҳисоблади ва уларни байтулмолга қўшишга қарор қилди.

Бу иш у кишидан кейин келадиган Ислом жамияти рахбарларига ҳам вожиб бўлиб қолди. Мансабдан фойдаланиб, мол-мулк орттирди деган шубҳа пайдо бўлмаслиги учун мол-мулкни кўпайтиришга рухсат йўқ бўлиб қолди.

Ибн Саъд Саҳл ибн Абу Ҳасма ва бошқалардан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Сунҳда машҳур бўлган байтулмоли бор эди. Уни ҳеч ким қўриқламас эди. Унга:

«Эй Расулуллоҳнинг халифаси, уни ҳеч ким қўриқламайди-я?» дейишди.

«Унга хавф йўқ», деди.

«Нима учун?» дейишди.

«Қулфи бор», деди.

У ундаги нарса тугагунча берар эди. Абу Бакр Мадинага кўчиб ўтганида байтулмолни ҳам ўз ҳовлисига кўчирди. Унга Қубалийя ва Жуҳайна конларидан кўп мол келган эди. Абу Сулайм кони ҳам Абу Бакрнинг халифалигида очилди. Ундан ҳам садақалар келди. Ўшаларнинг ҳаммасини байтулмолга қўшар эди. Абу Бакр олтин-кумушларни одамларга парча-парча қилиб тақсимлар эди. Юз кишига бунча-бунчадан тегар эди. У мол тақсимлашда одамлар орасида, улар қул бўлсин, ҳур бўлсин, эркак бўлсин, аёл бўлсин, катта бўлсин, кичик бўлсин, тенг тақсим қилар эди. Туя, от ва силоҳ сотиб олиб, Аллоҳнинг йўлига ишлатар эди. Бир йили саҳродан келтирилган қатийфа, яъни тўнларни сотиб олиб, қишда Мадина аҳлининг тул аёлларига бўлиб берди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу вафот этиб, дафн қилинганидан сўнг Умар ибн Хаттоб омборчиларни чақириб, улар билан Абу Бакрнинг байтулмолига кирди. У билан бирга Абдурраҳмон ибн Авф, Усмон ибн Аффон ва бошқа розияллоҳу анҳулар ҳам бор эди. Улар байтулмолни очиб, унда динор ҳам, дирҳам ҳам топмадилар. Бир пул халтани топиб, очишган эди, бир дирҳам чиқди. Ҳаммалари: «Абу Бакрга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», дедилар. Мадинада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларидан бери бир тарозибон бор эди. У Абу Бакрга ҳам тарозибонлик қилган эди. Тарозибондан Абу Бакрга келган мол қанча эканлигини сўрашди. У икки юз минг эканлигини айтди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу муртадларни динга қайтарди. Арабларни Исломда қайта бирлаштирди. Ўша пайтдаги икки улкан империяни фатҳ қилишни бошлади. Қуръони Каримни бир мусҳафга жамлади ва бошқа кўплаб улкан ишларни амалга оширди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг қозиси эди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу эса девонбеги эди. Усмон ибн Аффон, Алий ибн Абу Толиб ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳум у кишининг мирзалари эди.

«Миллионер саҳобалар» китобидан

Мақолалар