Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Январ, 2025   |   20 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:44
Пешин
12:39
Аср
15:43
Шом
17:28
Хуфтон
18:45
Bismillah
20 Январ, 2025, 20 Ражаб, 1446

БААдаги фестивалда Ўзбекистон ҳам иштирок этмоқда

3.12.2018   2522   1 min.
БААдаги фестивалда Ўзбекистон ҳам иштирок этмоқда

2009 йилдан буён Бирлашган Араб Амирликларида ўтказиб келинаётган, мамлакат асосчиси Шайх Зайид номидаги Абу Даби маданий мерослар фестивалида илк бор тақдим этиладиган Ўзбекистон павильони энг катта композиция бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда "Тuron24" маълум қилди.

Фестивал доирасидаги Ўзбекистон павильони улкан Регистон майдони шаклида қурилиб, ён атрофидаги ҳужраларда ҳунармандчилик, нақш ўймакорлиги, гиламдўзлик, сўзана тикиш санъати каби ўзбек миллий маданий мерослари экспозициялари ва амалий санъат яралишини намойиш қилувчи миниатюра асарлари ўрин эгаллайди. Ўзбек миллий маданий павильони марказида эса катта қозонда 10 минг кишилик ош пиширилиши кўзда тутилган. Фестивал меҳмонлари ўзбек миллий рақслари лазги,тановар ва муножот, мақом ва бахшилар куйлари, доирачи ва дуторчилар санъатидан баҳраманд бўлишлари мумкин. Миллий ҳунармандлар ва ошпазлар томонидан мастер класслар ташкил этилиб, ўзбек миллий либослари кўргазмаси бўлиб ўтади. Шунингдек, фестивал давомида ташриф буюрувчилар ва нуфузли меҳмонлар учун “Ўзбегим” ва “Мақом” китоб албомларининг расмий тақдимот маросими ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.

Маълумот учун, жорий йилнинг 2 декабрида бошланган Абу Даби фестивали амирликларни бирлаштирган Шайх Зайид номи билан аталади. Ҳар йили БААнинг асос солинган куни арафасида бўлиб ўтадиган фестивалдан кўзланган мақсад – турли миллат маданий меросларини бир бирига ва дунёга танитиш учун кўприк сифатида хизмат қилишдир. Нуфузли миллий маданий ва замонавий санъат фестивалига ўтган йили қарийб ярим миллион одам ташриф буюрган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар

Ҳижри Исмоил

14.01.2025   5325   4 min.
Ҳижри Исмоил

Ҳижри Исмоил — Каъба яқинида жойлашган ярим ой шаклидаги ҳудуд. Ҳижри Исмоил “Исмоил тоши” деган маънони англатади. Айнан шу ерда Иброҳим алайҳиссалом рафиқалари Ҳожар ва ўғли Исмоилни қолдирганлар. Ҳижри Исмоил Хатим ҳам деб номланади. Хатим деб номланишига сабаб у Каъбадан синдириб, яъни ажратиб олингандир.

  • Ҳижр мармардан қилинган.
  • Хатим деворининг баландлиги 1 метр-у 32 см.
  • Деворнинг эни 1 метр-у 55 см.
  • Икки кириш орасидаги масофа 8 метр-у 77 см.
  • Каъба деворидан Хатим деворигача 8 метр-у 46 см.
  • Каъбадан Хатимгача мавжуд бўлак 3 метр.
  • Мултазам томондаги очиқлик ўлчами 2 метр-у 29 см.
  • Муқобил очиқликдаги ўлчам 2 метр-у 23 см.
  • Ташқаридан девор айланасининг узунлиги 21 метр-у 57 см.

Ҳижри Исмоил ҳақида қизиқарли маълумотлар

  1. Иброҳим ва Исмоил алайҳиссалом Каъбани қурганларида, Ҳижри Исмоил байтнинг бир қисми ҳисобланган. Иброҳим алайҳиссалом қурган Каъба девори Ҳижри Исмоилни ҳам ўраб олган эди. Ҳозирги пайтда Каъба билан Ҳижри Исмоилнинг ташқи девори орасидаги бўшлиқ жой бор. Каъбани тавоф қилганда ўша оралиқ ҳудудга кирмасдан айланиш керак, сабаби бу жой ҳам Каъбанинг бир қисми саналади.
     
  2. Кейинчалик қурайшликлар Каъбани қайта тиклаганларида, Байтуллоҳ куб шаклида бўлди ва Ҳижри Исмоил девори Каъбага туташ ярим доира шаклида қолди. Бу ерда Исмоил ва унинг онаси Ҳожар онамизнинг қабри бор, деган фикр бор, лекин бу илмий жиҳатдан асосли эмас.
     
  3. Қурайшликлар Маккада содир бўлган тошқин ва ёнғиндан сўнг баъзи жойлари бузилган Каъбани қайта тикладилар. Каъбани реконструкция қилиш режасида Ҳижри Исмоил Каъбанинг умумий майдонига кириши керак эди, аммо Қурайшда бунинг учун етарли маблағ йўқ эди.
  4. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан хатим ҳақида сўраб: «У Каъбаданми?» десам, у зот: «Ҳа», дедилар. Мен: «Унда нима учун Каъбага қўшиб юборишмаган?» десам, у зот: «Қавмингнинг, яъни Қурайшнинг маблағи етмай қолган…», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

  5. Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Мен Каъба ичига кириб намоз ўқишни яхши кўрар эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлимдан ушлаб ҳижрга киргиздилар, Каъбага киришни хоҳласанг, мана шу ерда ҳам ўқийвергин. Чунки у Каъбадан бир бўлакдир», дедилар», деб айтдилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).
     
  6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша, агар қавминг жоҳилиятдан энди қутулганини ҳисобга олмаганимда Каъбани бузишга буюриб, унинг чиқиб кетган (Ҳижри Исмоил) жойини киргизиб, ерга ёпиштириб, икки эшик, яъни шарқ ва ғарб томондан эшик очиб, Иброҳим алайҳиссалом бунёд этган пойдеворга етказар эдим», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
     
  7. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен Ҳижрда турар, Қурайш эса тунги сайрим (Исро) ҳақида саволлар берар эди. Улар Байтул Мақдисдаги мен эслаб қололмаган нарсалар ҳақида сўрашганида аввал ҳеч қачон бўлмаган қаттиқ қайғуга чўмдим. Шунда қараб турган томонимда Аллоҳ Қуддусни кўз ўнгимда гавдалантирди – улар мендан нима ҳақида сўраса, шунинг хабарини берардим… (Имом Муслим ривояти). Салафлардан қилинган ривоятда «Хатимда, мезоб остида дуолар мустажобдир», дейилган.

Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси.