Бир тўрғай бир филнинг йўли устида ўзига уя қуриб, тухум босди. Фил шу сўқмоқдан сув ичишга борар экан. Фил сув ичишга кетаётганида уяни топтаб, тухумни эзиб ўтиб кетди. Тўрғай бу бадбахтликни кўриб дарҳол, бу филнинг иши эканини англади. Учиб бориб филнинг бошига қўнди ва деди:
– Шоҳим! Сен нима учун тухумларимни пачоқлаб, болаларимни ҳалок этдинг? Ўзингга нисбатан мени заиф, кучсиз ва нотавон деб санаганинг учун шундай қилдингми?
– Ҳа ёлғиз шунинг учун, – деди фил.
Тўрғай буни эшитгач учиб қушлар ёнига борди ва бошига тушган фалокатни айтиб берди.
Қушлар:
– Биз филни нима ҳам қила олардик? Биз кучсиз паррандалармиз? – дедилар.
Тўрғай уларга деди:
– Илтимос қиламан, сиз мен билан бориб филнинг кўзини чўқиб кўр қилинг. Унинг бошига мен ҳам шўриш солишни биламан.
Улар рози бўлдилар. Тўрғай билан учиб бориб, филнинг кўзини ўйиб-ўйиб ташладилар. Шундан кейин фил на сув ичиш, на бир овқат топиб ейишнинг иложини қила олди. Турган жойида нима топса, шу билан кифояланиб кун кечирадиган бўлди. Тўрғай буни кўргач аламига чидолмай, ҳовуз ёқасига келиб қурбақаларга фил устидан шикоят қилди.
Улар:
– Биз кучли филга қарши нима ҳам қила олардик, – дедилар.
Тўрғай:
– Сиз фил турган жойга яқин бўлган бир чуқурнинг четига бориб, ўша ерда баланд овоз билан вақир-вуқур қилсангиз, фил сизнинг овозингизни эшитиб, у ерда сув бор экан, деб ёнингизга боради-да, чуқурга қулаб кетади, –деди.
Қурбақалар бунга рози бўлдилар. Чуқур четига бориб вақирлай бошладилар. Сувсизликдан қийналган фил қурбақаларнинг овозини эшитиб, улар томон йўл олди ва чуқурга йиқилиб ҳалок бўлди. Тўрғай эса учиб бориб унинг бошига қўнди ва қанот қоқиб деди: “Эй ўз кучига ишониб, менга ҳақорат кўзи билан боққан зулмкор! Жуссам кичкина бўлса-да, зўр ақл эканини кўрсатдим, сенинг бўйинг дароз бўлса-да, ақлинг қисқа экан, хўш, энди нима дейсан?!”
“Калила ва Димна”дан
Қиссадан ҳисса:
Аллоҳ таолонинг иродаси ила ўзларининг қудратига ишониб кичик ўлкаларга бостириб келган катта қўшинлар мағлуб бўлган;
Даврага рақибини назарига илмасдан чиққан полвоннинг йиқилганини, рингга кибрланиб чиққан боксчининг мағлуб бўлганини кўрмаганмисиз;
Агар кимгадир қизиқиб бошласангиз, у ҳам сизга қизиқа бошлайди. Ундан яхши сифат топсангиз, у ҳам сиздан ҳам яхши сифати топади...
Ўйингиз тинч, болаларингиз омон – бахтлисиз. Шу бахтингизни муҳофаза қилишни истасангиз бошқаларнинг бахтига чанг солманг;
Йўқ жойдан ўзига душман орттириб олган киши ўзининг ва фарзандларининг қаттол душманидир;
Қудратингизга ишониб, ўзингиз заиф санаган кишига зарба бермоқчи бўлаверсангиз, у наиложликдан ўзини ҳимоя қила бошлайди ва ўзини ҳимоя қилаётиб сизга зарар етказиб қўйиши мумкин.
Дамин Жумақул
Улуғ устозларнинг ибратли ҳаёт йўллари, солиҳ амаллари, гўзал хислатлари барчамизга ўрнакдир. Ана шундай етук олимлардан бири Шайх Дўстмуҳаммад домла Турсундир. У киши 1938 йили Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида туғилган. Домла дастлабки таълимни бобоси мулла Абдуллоҳ Охундан, сўнгра замонасининг етук уламолари муфтий Равшан ҳазрат, Маҳмуд домла, тошкентлик Лазгин домла, Душанбе шаҳар қозиси Абдурашид домла, Абдуллоҳ охундлардан Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида имларини олган.
Шайх Дўстмуҳаммад домла аллома Мавлавий Ҳиндистонийдан сабоқ олган. Шунингдек, Нақшбандия тариқати шайхи Ҳазрати Муҳаммад Шариф Ҳисорий, Шайх Абдуссалом Ғилоний, Ҳожи Муқимхон Эшон Ургутий, Абдусаломхон эшон, Шайх Миён Бўритош Нақшбандий, Шайх Аҳмаджон Махдум, Шайх Абдулҳай, Зиёвуддин Бобохон каби улуғ устозлардан иршод олиб, муршиди комил даражасига етган.
Дўстмуҳаммад домла илм олиш билан бирга уни халққа етказиш, маърифат тарқатишда ҳам фаол бўлган. Буюк фақих фаолияти давомида Денов шаҳридаги “Саййид ота” мадрасасида мударрислик қилиб, талабаларга фиқҳдан таълим берган. Шу билан бирга у киши олимларни эъзозлаган ва шогирдларини ҳам шунга тарғиб қилган. Давраларда бирор кишининг хатосини гапирмаган. Ҳаммани яхшилик билан тилга олар, динга, элга, бирдамликда хизмат қилиш кераклигини таъкидлаган. Янги диний адабиётлардан ҳар доим хабардор эди. Давраларда ҳамсуҳбатларини яхшиликка, китобхонликка чорлаган.
Бундан ташқари, Шайх Дўстмуҳаммад домла Шўрчи туманидаги “Домла Қосим” масжидининг бунёд этилишида ҳам ташаббускорлик кўрсатган ва кўп йиллар ушбу масжидга имом бўлган.
Дўстмуҳаммад домла замондош уламолар билан яқин алоқада бўлиб, улар билан суҳбатлар қилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам у кишининг фиқҳий масалаларда етук уламо бўлганини эътироф этган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар, у илмнинг ярмидир, у унутилади, у менинг умматимдан биринчи суғуриб олинадиган нарсадир” (Имом ибн Можа ривояти), деганлар.
Дўстмуҳаммад Турсун домла, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, уммат орасидан илк бор кўтарилиб кетаётган фароиз, яъни мерос тақсимоти масаласида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида 17 бобдан иборат “Мерос рисоласи” асарини ёзган. Китобда марҳумнинг мол-дунёси нималарга сарфланиши ва ундан кимлар мерос олиши оят ва ҳадислар асосида баён қилинган.
Инсонларни бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишга ташвиқ қилган, ёшларни ҳамма вақт замона фитналарига аралашиб қолмасликларини тайинлаган. Динимиз ривожида домланинг саъй-ҳаракатлари самарасиз кетмади. Ўзидан кўплаб китоблар ва қўлёзмалар мерос қолдирди. Шайхнинг шогирдлари бугунги кунда ҳам домла бошлаб берган илм йўлини давом эттирмоқда.
Шайх Дўстмуҳаммад домла 2013 йилда оламдан ўтиб, Шўрчи туманидаги “Ҳошимхон эшонбобо” қабристонига дафн этилган. Айни кунда Музработ туманида у кишининг номи билан “Дўстмуҳаммад бобо” жоме масжиди фаолият юритмоқда.
Аллоҳ таоло домлани раҳматига олсин!
Акбар ШУКУРОВ,
Музработ тумани “Дўстмуҳаммад бобо”
жоме масжиди имом ноиби