Айни пайтда юртимизда Мавлид ойи кенг нишонланмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларини ўрганиш, Ислом тарихига оид билимларни мустаҳкамлаш ва диний-маърифий илмларни кенгроқ тарғиб этиш мақсадида турли танлов ва тадбирлар ўтказилмоқда.
29 ноябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат иймондандир» номли сийрат мусобақаси бўлиб ўтди. Унда институт талабалари ўзаро мусобақалашишди. Тадбир кўтаринки кайфият ва дуои хайрлар билан ўтди. Ушбу мусобақа якунларига кўра ғолиблар аниқланиб, "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан бир қатор совғалар тақдим этилди.
19 – 29 ноябргача Тошкент ислом институтининг @islaminstitutuz номли телеграм каналида “Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танийсизми” номли тезкор савол-жавоб мусобақаси ўтказилди. Мусобақа ғолиблари аниқланиб, қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Фарзандингизнинг сочини тарасангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кимнинг сочи бўлса, уни парвариш қилсин”, деганлар, ўша ҳадисга мувофиқ тараб қўйяпман деб айтинг.
Ўғилчангизга атир сепсангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Менга бу дунёдан хушбўйлик, аёллар маҳбуб қилинди. Намоз эса кўз қувончим қилинди”, деганлар, ўша ҳадисга мувофиқ атир суртяпман деб айтинг.
Фарзандингиз мактабга кетаётганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ким илм талабида йўлга тушса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди”, деган ҳадисларини эслатинг.
Фарзандингизга кулиб қараганингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Биродарингнинг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақадир”, деган ҳадисларини эслатинг.
Фарзандингизни мақтасангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Яхши сўз ҳам садақадир”, деганларини эслатинг.
Фарзандингизга ёши катта кексаларни ҳурмат қилишни ўргатиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичикларимизга раҳм шафқат қилмаган, кексаларимизни эъзозламаганлар биздан эмас”, деганларини айтинг.
Шу тариқа фарзанд тарбиясини суннат ва сийратга боғлаб, ҳадислар асосида таълим-тарбия беринг.