Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Кишилар фақирликнинг бойликдан афзал экани борасида ихтилоф қилишди. Баъзилар фақирликни, баъзилар бойликни яхши дейишди. Масалан, солих бой афзалми ё солиҳ фақир афзалми хусусидадир. Баъзилар солиҳ бой афзал деса, бошқалар солиҳ фақир афзал дейишади. Биз солиҳ фақирни афзал санаймиз”.
Бойликни афзал дейдиганлар бу ояти каримани ҳужжат қилишади: «Сизни камбағал ҳолда топиб, (Хадичага уйланишингиз туфайли) бой қилиб қўймадими?!» (Зуҳо сураси, 8-оят). Ояти каримада Пайғамбарига бойлик лутф-марҳамат ўлароқ зикр этилган. Агар бойлик яхши бўлмаганида, Аллоҳ таоло уни бу ўринда зикр қилмаган бўлар эди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бойлик тақво билан нақадар гўзалдир”, “Яхши мулк яхши киши учун нақадар ярашиқлидир!” деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Улуғлар айтишган: “Мол-мулк ғурбатда ватан, фақирлик ватанда ғурбат. Ким фақирлик кўрпасига ўранса, қаерда бўлса ҳам ғарибдир”.
Муҳаммад ибн Каъб Қуразий: “Агар давлатманд киши тақво соҳиби бўлса, Аллоҳ унинг мукофотини икки ҳисса қилиб беради”, деди ва ушбу оятни ўқиди: «На молларингиз ва на фарзандларингиз сизларни Бизнинг даргоҳимизга яқин қилувчидир. Фақат имон келтирган ва солиҳ амал қилган зотлар – айнан ўшаларгагина қилган амаллари сабабли неча баробар мукофот бордир ва улар (жаннатдаги) кўшклар узра осойишталикда бўлурлар» (Сабаъ сураси, 37-оят).
Бу ояти каримадан аёнки, имон келтирган ва эзгу ишларни қилиб ўтганлар ва ўз бойликларини Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида сарфлаган, фарзандларига яхши тарбия бериб, дину диёнат, илму маърифат соҳиблари бўлишига моддий ва маънавий жиҳатдан жидду жаҳд қилганларга Аллоҳ таоло ажрларини кўпайтириб берар экан.
Фақирлик афзал, деганларнинг ҳужжати бундай:
«Дарҳақиқат, инсон ҳаддидан ошар. (Бунга) сабаб ўзини бой – беҳожат санашидир» (Алақ сураси, 6–7-оятлар). Яъни, бойлик кишининг ҳаддидан ошишига сабаб бўлади.
Исо алайҳиссалом бундай деган: “Фақирлик дунёда машаққат, охиратда қувончдир. Бойлик дунёда қувонч, охиратда машаққатдир”.
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ё Аллоҳ, мени фақир ҳолда яшат ва шу ҳолда жонимни ол. Қиёмат кунида йўқсиллар билан бирга жамла”, дедилар. Ойша розияллоҳу анҳо: “Нега, ё Расулуллоҳ?” деб сўради. Шунда у зот: “Чунки фақирлар бойлардан қирқ йил илгари жаннатга киришади. Эй Ойша! Йўқсил сўраб келса, яримта хурмо бериб бўлса ҳам, унинг қўлини бўш қайтарма. Эй Ойша! Йўқсилларни яхши кўр, уларга яқин бўл. Аллоҳ қиёматда сени жаннатга яқин қилади”, дедилар» (Имом Термизий. “Зуҳд”).
Фақиҳ раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Фақирлик бойликдан афзалдир. Аммо бой бўлиш ҳам айб эмас. Кузатсангиз, улуғ саҳобалар орасида ҳам бойлар бўлган. Уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бойликларидан воз кечишни буюрмадилар. Агар бой бўлиш ёмон бўлганида, уларни бой-бадавлат бўлишдан қайтарган бўлар эдилар. Демак, айб бойликда эмас, бой бўлгач, Аллоҳ таолонинг амирларига зид иш қилишдадир”.
Абу Лайс Самарқандийнинг
“Бўстонул орифин” асаридан
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ
таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир кун келиб, фарзандларингизни ҳам қарғаб қўйсангиз нима бўлади?
Қиз бола мусибат келганда, қийинчилик пайтида ўзини ўзи қарғашга ўрганиб қолса, афсуски, бу нарса тилига ўрнашиб қолади. Йиллар ўтиб, худди шу ишни фарзандларига ҳам қилмайди деб, ким кафолат бера олади? Бундай ёмон одатга ўрганиб қолган аёл болалари ёшлик қилиб, жаҳлини чиқарса, уларни қарғаб ташлайди, уларга қўшиб, «Худо жонимни олса-ю, шулардан қутулсам» деб, ўзини ҳам қарғайди. Аслида бошингизга тушган ҳар қандай мусибат – Аллоҳнинг синовидир. Ёмон дуоларингиз, қарғишларингиз ижобат бўлиб, афсус-надоматда қоладиган кун келиб қолмасин, бугуноқ ўзингизни ўнгланг! Зеро, ҳаётда фарзандларини дуоибад қилган учун қанча-қанча оилалар хароб бўлган!
Ўзингизга ўлим тилаганмисиз?
Бошимизга оғир иш тушиб қолса, кўзимизга дунё қоронғи бўлиб, яшагимиз келмай қолади. Бу – Аллоҳни танимаслик, динни тушунмаслик, ҳаётнинг қадрига етмасликдир. Бундай кимса учун гўё келажак ҳаёти зимистондан иборат, уни ҳеч қандай яхшилик кутмаётгандек туюлади. Гўёки бу ҳаётда бирорта меҳрибони қолмагандек бўлиб қоади. Бундай ҳолатда инсон беихтиёр ўлимни орзу қилиб қолади, бундай азоблардан халос этишини сўраб, Аллоҳ таолога ёлвора бошлайди.
Шу ўринда бир савол туғилади: қаршимиздаги ҳамма эшиклар ёпилиб, яшашдан умидимиз узилиб қолса, бу азоблардан қутулиш учун ўлимни орзу қилишга ҳаққимиз борми ўзи?
Бу саволга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай жавоб берганлар:
«Ҳеч бирингиз бирор кулфат туфайли ўзига ўлим тиламасин! Шунда ҳам бошқа чораси қолмаса, «Аллоҳим, агар мен учун яшаш хайрли бўлса, мени яна яшатгин. Агар мен учун ўлим хайрли бўлса, жонимни олгин», десин».
Саҳобалар ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал одоблари билан зийнатланганлар. Шунинг учун ҳаётларининг энг қийин онларида ҳам ўлимни орзу қилмаганлар.
Қайсдан ривоят қилинади: «Ҳаббоб ибн Аратни кўргани бордик. У қорнидаги ярага етти марта куйдирма босган экан. Борсак, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни ўлим тилашдан қайтармаганларида, ўзимга ўлим тилаган бўлардим», деди» (Имом Бухорий ривояти).
Бир қиз айтади: «Гўдаклигимда отам менга Пайғамбаримизнинг «Ҳеч бирингиз зинҳор ўзига ўлим тиламасин», деган сўзларини ўргатганлар. Отам бу ҳадисни менга жуда кўп эслатар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳим, мен учун яшаш хайрли бўлса, мени яна яшатгин. Агар мен учун ўлим хайрли бўлса, жонимни олгин», дейишни ўргатганларини яхшилаб ёд олишга ундар эдилар. Отам: «Инсон ҳаётда кўп қийинчиликларга, мусибатларга дуч келиши мумкин. Аллоҳ асрасин, шундай пайт келиб қолса, ҳеч қачон ўзингга ўлим тиламагин! Умидсизликка тушсанг, Аллоҳга таваккул қилгин-да, «Аллоҳим, мен учун яшаш хайрли бўлса, мени яна яшатгин. Агар мен учун ўлим хайрли бўлса, жонимни олгин», деб дуо қилгин!» дер эдилар.
Отам бу дуони ёд олишимга нима учун бунчалик ҳаракат қилганларига, ўзига ўлим тиламасликни бунчалик қаттиқ тавсия қилганларига ҳайрон бўлиб юрардим. Йиллар ўтиб, ўсмирлик ёшига етдим. Ўша даврга хос муаммоларга дуч кела бошладим. Ана шунда беихтиёр отамнинг сўзларини эслаб қолдим. Кўпчилик дугоналарим салгина қийналса ҳам, ўзига ўлим тилаётганини кўриб, ҳайрон қолар эдим. Мен ҳам улардек бўлиб қолишим ҳеч гап эмас эди. Лекин отам ўргатган набавий дуолар туфайли Аллоҳ мени бундай қисматдан асради.
Пайғамбаримизнинг ўлимни орзу қилишдан қайтаришларида яна бир гўзал маъно борлигини англаб етдим. Ўлимни орзу қиладиган, яшашни ёмон кўрадиган қиз Аллоҳга ўлим тилаб дуо қилаверса-ю, Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилмаса, ўз жонига қасд қилишга ҳам журъат қилиб қолиши мумкин. Бу эса жуда катта гуноҳ! Ўлим тилашнинг нечоғлик хатарли эканини яхши англаган қиз эса жонига қасд қилиш нақадар ёмонлигини тушуниб, бу ҳақда ўйлашдан ҳам эҳтиёт бўлади. Жуда қайғуга ботиб, умидсизликка, тушкунликка тушиб қолса ҳам, «Аллоҳим, мен учун яшаш хайрли бўлса, мени яна яшатгин. Агар мен учун ўлим хайрли бўлса, жонимни олгин», деб дуо қилса, Аллоҳга таваккул қилса, мабодо вафот этиб қолса ҳам, албатта яхшилик бўлади. Аллоҳ унга умр берса, Аллоҳга ишонгани учун «Демак, ҳали ҳаётимда жуда кўп яхшиликлар бор экан», деб яшайди. Аллоҳ таоло банданинг дуосини албатта ижобат қилади. Мана шундай тушунча қиз болани умидсизликдан, жонига қасд қилиш каби хаёллардан асрайди. Мен бу дуонинг фойдасини ҳаётимда жуда кўп синаб кўрганман, бу дуо менга ҳар доим умид бахш этган, мени янада кўпроқ сабр қилишга чорлаган, келажакка умидимни оширган. Албатта, буларнинг барчаси Аллоҳнинг фазлидир».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.