Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Ноябр, 2024   |   28 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:03
Қуёш
07:27
Пешин
12:16
Аср
15:14
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
29 Ноябр, 2024, 28 Жумадул аввал, 1446

Нишонга урилган гаплар: “Донишманд қўли билан Ойга ишора қилганда, жоҳил бармоққа қарайди”

29.11.2018   3991   3 min.
Нишонга урилган гаплар: “Донишманд қўли билан Ойга ишора қилганда, жоҳил бармоққа қарайди”

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Киши Қуръонни холис Аллоҳнинг розилигини, карамли юзини истаб, қалбидан тиловат қилса, уни тинглаётганлар бу тиловатдан таъсирланадилар.

Шайх Абдулбосит Абдуссамад раҳимаҳуллоҳ

*****

Донишманд қўли билан Ойга ишора қилганда, жоҳил бармоққа қарайди.

“Тарих мухрлаган сўзлар”

*****

Заковатли, ақлли инсонларни раҳбар қилиб тайинлансаю, уларга қиладиган ишларини биз ёзиб берсак, бу мантиқсизликдир. Биз уларни бизга нима иш қилишимизни айтиб, йўл-йўриқ кўрсатиб туришлари учун раҳбарликка тайинлаганмиз.

“Тарих мухрлаган сўзлар”

*****

Жоҳиллар ва аҳмоқлар ўзлари тушуна олмаган нарсаларнинг устидан куладилар.

Пифагор

*****

Тўқнашувлар икки хил бўлади:

  • Бири бошни очади (ёради);
  • Бири ақлни очади.

Аббос Маҳмуд Аққод

*****

Агар бир лаҳзалик ғазабингни боса олсанг, ўзингни юз кунлик надоматдан қутқарган бўласан.

“Тарих мухрлаган сўзлар”

*****

Ҳаётдаги муваффақиятсизлик сабабларидан бири – ҳамманинг диққат марказидаман, ҳамма мен билан оввора деб ўйлашингдир. Унутма, кўпчиликка сенинг қизиғинг йўқ.

“Тарих мухрлаган сўзлар”

*****

Яхши инсон бўлганинг учун ҳаммадан сенга адолат ила муомала қилишини кутишинг худди “Гўшт емайдиган вегетариан бўлганим учун ҳўкиз менга ҳужум қилмайди” деб ўйлашингга ўхшайди.

“Тарих мухрлаган сўзлар”

*****

Ҳар куни тонгда асло ғазабланмайман деб қарор қиламан. Кунимни бир муддат тинч ўтказаман. Кейин баъзи аҳмоқларга йўлиқиб қоламан. Улар эса менинг қароримни амри маҳол ишга айлантириб ташлашади.

“Тарих мухрлаган сўзлар”

*****

Ёлғонни фош этишнинг энг афзал қурилмаси – кунлардир.

“Тарих мухрлаган сўзлар”

*****

Муваффақиятли бўлмоқчи бўлсанг, битта қоидани ҳурмат қилишинг керак. Бу қоида: ЎЗИНГНИ АЛДАМА!

“Тарих мухрлаган сўзлар”

*****

Хатоларнинг энг оғири – ўзингни хатолардан пок деб билмоғингдир.

Томас Карлайл

*****

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Кишиларнинг фиқҳдан узоқлашиш сабаблари

29.11.2024   729   9 min.
Кишиларнинг фиқҳдан узоқлашиш сабаблари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Тарихдан сабоқ олайлик

Азиз ва муҳтарам диндошлар. Сиз билан биз мусулмонлар ўз миллатимиз, умматимиз тарихини яхши ўрганишимиз ва бу муҳташам тарихдан ўзимиз учун керакли сабоқлар олиб боришимиз лозим. Жумладан, бир марта содир этилган хатони қайта такрорламаслигимиз керак. Ана шундай такрорланмаслиги лозим ишлардан бири ўзаро ихтилоф қилмасликдир. Тарихимизга назар соладиган бўлсак, ихтилоф доимо катта мусибатларга сабаб бўлган.

Тарихимизни яхши ўрганган ҳар бир киши ҳозирги кундаги ихтилофлар ва улар туфайли келиб чиқаётган мусибатларни кўриб, эски ҳодисалар айнан такрорланаётганини билиб, қаттиқ афсус қилади.

Қадимги тарихимизга назар солишни давом эттирадиган бўлсак, мусулмон уммати айни ўзаро ихтилофларга чек қўйиш учун омма халқ фиқҳий мазҳабларга эргашиши лозимлигини қаттиқ таъкидлаган эди. Ҳамма бир хил бўлиши, бир хил ўйлаши мумкин бўлмаганидан ҳам бир эмас, тўрт фиқҳий мазҳабни ҳақ, деб тан олган эди. Шу билан бирга эътироф қилинган мазҳабларга эргашувчилар бир-бирларини ҳурмат қилишлари лозимлиги қайта-қайта таъкидланган эди. Қолаверса мазҳаблараро ихтилоф қилиш ҳаромлигига алоҳида аҳамият берилган эди.

Ўтган азизларимиз ўзларининг яшаб турган ҳолатларидан келиб чиқиб, хусусан, ўша замоннинг мустабид ҳокимлари шариатни ўз хоҳишларига буришга тамаъ қилмасинлар, деб ижтиҳод эшигини беркитган, ҳамма муайян фиқҳий мазҳабга эргашсин, деган иттифоққа келган эдилар. Бутун бошли Ислом уммати бу ижмоъни мамнуният билан қабул қилган эди.

 

Кишиларнинг фиқҳдан узоқлашиш сабаблари

Аммо яхши ният билан қилинган бу иш замон ўтиши билан суиистеъмол қилинди. Мазҳабларга ҳурмат-эҳтиром ўрнига ноўрин мутаассиблик қилинган ҳоллар ҳам бўлди. Натижада турли фиқҳий мазҳаблар атбоълари орасида ҳар хил ихтилофлар, келишмовчиликлар ва ноқулай ҳолатлар вужудга келди. Жуда оз бўлса ҳам содир бўлган бу ноқулай ҳолат ҳозиргача мазҳаб мухолифлари томонидан, мазҳаб орага тафриқа солувчи энг бош омил, деган маънода ишлатилиб келмоқда.

Аммо фиқҳий мазҳабларга ноўрин таассуб қилишликнинг зарари бу билан тамом бўлиб қолмайди. Салафи солиҳ уламоларимизнинг ижтиҳоднинг келажаги ҳақидаги кўрсатмаларига ҳам ноўрин мутаассиблик қилинди. Уларнинг бу нозик масала мустабид ҳукмдорлар ва уларга ёқиш учун ҳар нарсага тайёр чаламуллаларга ўйинчоқ бўлиб қолмаслиги йўлида қабул қилган ижмоълари ўз ўрнида ишлатилмади. Маълум усулий қоидалар ва муҳим ижтиҳодлар дахлсизлиги ҳақидаги кўрсатмалар жамики фиқҳ китобларидаги ҳамма сўзлар дахлсиздир, деган маънода талқин қилинди. Натижада асрлар оша фиқҳ масалалари ўрта асрдан олдинги ҳолида музлаб қотиб қолди. Замон, макон ва омиллар ўзгариши билан мусулмон уммати ҳаётида ҳам содир бўладиган турли янги масалаларни ҳал қилиши лозим бўлган улкан омил ҳаракатсиз қолди. Бориб-бориб фиқҳ китобларимизни йиллаб диний таҳсил олган кишилар ҳам осонликча тушуна олмайдиган ҳолга етилди. Кишилар маломатдан қўрқиб фиқҳий китобларимиздаги замон ўтиши билан эскириб, истилоҳдан чиқиб кетан сўзлар ўрнига бошқа муродиф сўзни алмаштиришга ҳам журъат қила олмас эдилар.

Ҳозирга келиб барча исломий илмларда замон руҳи эсиб турибди. Тафсир, Ҳадис, Сийрат, Улумул Қуръон, Улумул Ҳадис ва бошқа бир қанча Исломий илмлар бўйича кўплаб янги асарлар битилди ва битилмоқда. Мазкур асарларда ўқувчи ўзининг барча замонавий саволларига жавоб топади. Бу асарлар кишиларни жалб қилишнинг ҳамма услубларини ҳисобга олиб битилгандир. Аммо фиқҳ ҳақида бу гапларни айта олмаймиз. Бир-иккита жузъий ва ўта содда уринишларни ҳисобга олмаганда деярли ҳеч нарса қилингани йўқ. Улкан Исломий илм бўлмиш фиқҳ илмидаги асрлардан буён давом этиб келаётган бу турғунлик оқибатида кишиларда фиқҳдан четлаш юзага келди. Ўзининг замонавий муаммоси ҳақида жавоб излаб фиқҳга мурожаат қилган одам унда бир неча асрлик гапни кўрганидан кейин шундоқ бўлиши ҳам табиий бир ҳол. Наҳотки ўтган мужтаҳидларимиз раҳматуллоҳи алайҳимларни кўз қорачиғимиздек эъзозлаган, уларни бош устига қўйган ҳолимизда, уларнинг ижтиҳодларига тил тегизмай туриб, баъзи масалаларимизни ҳал қила олмасак. Ҳеч бўлмаса, эски китобларимизни замонавий истилоҳларга ўгириб, халқ оммасига тушунарлироқ тилда тақдим қилсак бўлади-ку!

Камина ходимингиз бундан бир неча йиллар аввал бир мақоламда ушбу маънога бир оз ишора қилиб ўтган эдим. Ўшанда баъзи аҳли илмлар буни мужтаҳидлар мақомига журъат эмасмикин, дея мулоҳаза ҳам қилган эдилар. Мен уларга бундоқ хаёлдан умуман йироқ эканимни баён қилиб берган эдим. Энди эса кўпчилик уламолар билан бўлган суҳбат ва баҳсларда ушбу фикр ҳамда мулоҳазаларни қўллаш ҳолати кўпайиб бормоқда. Баъзи кишилар фиқҳга янгича ёндашмоқ зарурлиги ҳақида китоб ҳам ёздилар. Келажакда фиқҳ илмида ҳам аввалги пайтлар каби жозибадорлик пайдо бўлса ажаб эмас, деган умиддамиз.

Демак, диний масалалардаги ихтилофларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар фақат бир томонлама эмас экан. Фиқҳни маҳкам ушлашлик чегарадан чиқиб, мутаассибликка ўтиб кетиши ҳам бу ишда қўл келди, десак хато бўлмаса керак. Ҳозирда айни шу нарса одамларни, айниқса ёш авлодни фиқҳ илмидан узоқда қолишларига сабаб бўлаётгани ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бир нарсани билмаган одам унга яқин бўлиши қийин. Фиқҳдан узоқда қолган кишилар уни танқид қилиши ҳам шундан келиб чиқаётган бўлса ажаб эмас. Мусулмонлар ҳаётидаги барча муаммоларни ўз вақтида шариат юзасидан ҳал қилиб, ҳукмини айтиб бериши лозим бўлган буюк илм – фиқҳ илми бугунги кунимизда ҳаётдан орқада қолиб тургани афсусланарли бир ҳолдир. Худди ана шу ҳолат ҳозирда фиқҳни баъзи ҳукмдорлар ва чаламуллалар ўзига хос хизмат қилдиришига ҳам сабаб бўлмоқда.

 

Нима қилмоқ керак?

Ушбу ва бу ерда айтилмаган яна бошқа омилларни эътиборга олган ҳолда фиқҳ илмини ўрганиш, ўтган буюк фақиҳларимиз қолдирган улкан илмий меросдан унумли фойдаланиш ва мусулмонлар оммасига бу илмни замон руҳига мос равишда етказишни илмий ва тўғри равишда йўлга қўймоқ зарур. Ана шунда фиқҳ ҳақидаги ихтилофлар ҳам барҳам топиши учун катта бир қадам қўйилган бўлади, иншааллоҳ.

Умуман олганда эса мусулмонлар иложи борича диний саводларини ўстириш устида ишламоқлари лозим. Аҳли илмлар эса илмни пухта эгаллаш пайида бўлишлари, кишиларни ихтилофга солиш ўрнига уларни ихтилофдан чиқариш ҳақида қайғуришлари лозим. Агар баъзи бир масалада турли фикрда бўлиб қолсалар, уни дарров халқ оммаси ичига олиб чиқмасдан, аввал ўзлари илмий мажлисларда ҳал қилиб олиб, бир фикрга келганларидан кейингина кўпчиликка эълон қилишлари лозим. Қисқасини айтадиган бўлсак, ҳаммамиз бир тан, бир жон бўлиб, ихтилофга қарши курашмоғимиз зарур. Ихтилофга олиб борадиган ҳар бир йўлни, сўқмоқни яхшилаб тўсмоғимиз лозим.

Ҳар бир мусулмон банда Аллоҳ таолонинг: «Албатта, мўминлар биродардирлар. Бас икки биродарингиз орасини ислоҳ қилинг», деган оятига доимий равишда оғишмай амал қилмоғи керак. Ҳамма дин қардошлари билан биродарлик алоқаларини борган сари мустаҳкамлаб бормоғи лозим ва лобуддир. Шунингдек, ҳар бир мусулмон банда икки биродари орасига ихтилоф тушиб қолганини билиши билан дарҳол уларнинг орасини ислоҳ қилишга ўтмоғи даркор.

Азиз диндошлар! Бизлар ўзаро ихтилофларимиз барча мувафақиятсизликларимиз манбаи эканини тушуниб етмоғимиз лозим.
Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло Ўзининг абадий дастури, Қуръони Каримда биз мусулмон бандаларига хитоб қилиб: “Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади” дегани бежиз эмас. Ҳа, Улуғ Аллоҳ тўғри айтади, ихтилоф мусулмонларни тушкунликка учратади, куч-қувватларини кетказади. Агар тушкунликка учрамайлик, куч-қувватимиз кетмасин, десак ихтилоф қилмайлик.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Сиз билан биз умматларига хитоб қилиб: «Ихтилоф қилманглар. Албатта, сиздан аввалгилар ихтилоф қилдилар ва ҳалок бўлдилар», деганлар. Агар ўтган умматларга ўхшаб ҳалокатга дучор бўлмайлик, десак ихтилоф қилмайлик.

Бир-биримиз ила ихтилоф қилиш учун сарф қилаётган ақл-заковат, илм-маърифат, куч-қувват ҳамда вақту имкониятларимизни бошқаларни динимизга, ибодатга даъват қилишга сарфлайлик.

Ушбу камтарона сатрларга нуқта қўйишдан олдин, тарих давомида Аллоҳнинг инояти ила кўплаб қийинчиликларни шараф билан енгиб чиққан мусулмонлар бу сафарги қийинчиликларни ҳам енга олишларига ишончимиз комил эканини таъкидламоқчиман.

Аллоҳ биз билан! Аллоҳ мусулмонлар жамоаси билан! Ва охирги дуоимиз, оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамд бўлсин, демоқдир.

 

Кейинги мавзулар:

Афсус;
Ихтилофчиларнинг иш услуби;
Ихтилофчи бемазҳаблар;
Қуръон ва суннатдан шаръий ҳукмларни чиқариш усуллари.

Кутубхона