Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Май, 2025   |   10 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:40
Қуёш
05:12
Пешин
12:25
Аср
17:20
Шом
19:31
Хуфтон
20:57
Bismillah
08 Май, 2025, 10 Зулқаъда, 1446

«Оят» сўзининг маънолари

27.11.2018   7835   2 min.
«Оят» сўзининг маънолари

Бу мавзуга киришдан олдин Қуръони Каримга оид энг машҳур икки истилоҳ–«оят» ва «сура» сўзларининг луғавий ва истилоҳий маънолари ила танишиб олсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

«Оят» сўзининг бир неча луғавий маъноси бор:

1. «Мўъжиза».

Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Бани Исроилдан сўрагин, Биз уларга қанча очиқ-ойдин оят-мўъжиза берган эканмиз» (211-оят), деган.

2. «Белги-аломат».

Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Албатта унинг мулкининг оят-белгиси, сизларга Роббингиздан ичида сакина бор тобут келишидир» (248-оят), деган.

3. «Ибрат».

Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида: «Албатта, бунда мўминлар учун оят-ибрат бордир» (77-оят), деган.

4.  «Ажойиб иш».

Аллоҳ таоло Мўминун сурасида: «Ва Биз Ибн Марямни ва унинг онасини оят–ажойиб иш қилдик» (50-оят), деган.

5. «Бурҳон, далил».

Аллоҳ таоло Рум сурасида: «Осмонлару ернинг яратилиши ва тилларингизу рангларингизнинг турли бўлиши, Унинг оят-далилларидандир» (22-оят), деган.

6. «Жамоат».

Арабларда, қавм ояти–жамоаси билан чиқди, деган гап бор.

7. Қуръон ояти.

Уламолар истилоҳида эса, Қуръон сурасига кирган, бошланиши ва тугаши белгили сўзлар тоифаси «оят» деб аталади.

Шу билан бирга, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти юқоридаги луғавий маъноларни ўз ичига олган бўлади.

Ҳа, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти мўъжиза, ибрат, ажойиб иш, белги-аломат, ҳарф ва сўзлар жамоаси ҳамда Аллоҳ таолонинг қудрати далилидир.

Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти, унинг аввали ва охири ҳақидаги илмни Аллоҳ таолодан Жаброил алайҳиссалом билган. У кишидан Пайғамбар алайҳиссалом, у зотдан эса, мусулмонлар ўрганганлар.

Қуръони Каримдаги энг қисқа оят «Йасин» бўлиб, икки ҳарфдан иборатдир.

Энг узун оят эса, Бақара сурасидаги «Қарз олди-берди» оятидир. Оятларни бир-биридан ажрата билиш, уларнинг бошланиш ва тугаш жойларини англаб етиш маъноларни яхши тушуниб етишга ва бошқа бир қанча ишларда ёрдам беради. 

Қуръони Каримда оят сўзи кўп такрорланган. Оят сўзи баъзи бир жойларда юқорида зикр қилинган маъноларнинг ҳаммасини, иккинчи бир жойда икки-учтасини, учинчи жойда эса, фақат биттасини ифода этиб келган. Ушбу нозик фарқни англаб етилгандагина маъно тўғри тушунилади. 

 

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Бухоролик бўлғуси ҳожилар улуғ сафарга тайёрланмоқда

05.05.2025   3861   1 min.
Бухоролик бўлғуси ҳожилар улуғ сафарга тайёрланмоқда

#Янгиликлар #Ҳаж_2025

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги “Абу Ҳафс Кабир” жоме масжидида Ҳаж ва умрага оид дарслар ўтказилди.


“Мир Араб” ўрта махсум ислом таълим муассасаси мудири  Жалолиддин домла Сабуров ва Эркин домла Қудратов бу йил ҳаж сафарига кетаётган навбатдаги гуруҳ аъзолари ва тайинланган элликбошилар иштирок этди.


Маърузада ҳаж қоидалари, уларни бузиш оқибатлари, сафар одоблари, мусофир кишининг ибодати, сафарга тайёргарлик ва унда эътибор қаратилиши лозим бўлган кўрсатмалар хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, амалиётга оид маслаҳатларни баён этди.


Дарс мобайнида иштирокчиларни қизиқтирган ақидавий, фиқҳий ва диний-ижтимоий мавзулардаги саволларга устозлар томонидан атрофлича жавоблар берилди.


Аллоҳ таоло Ҳаж сафарига отланаётган ҳамюртларимизнинг сафарини хайрли қилсин, улуғ ибодатни бекаму-кўст адо этиш барчамизга насиб этсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги

Матбуот хизмати

Бухоролик бўлғуси ҳожилар улуғ сафарга тайёрланмоқда Бухоролик бўлғуси ҳожилар улуғ сафарга тайёрланмоқда Бухоролик бўлғуси ҳожилар улуғ сафарга тайёрланмоқда Бухоролик бўлғуси ҳожилар улуғ сафарга тайёрланмоқда