Орамизда ҳомиланинг ўғил ёки қиз эканини, кафтга қараб келажакда нима бўлишини, расмга қараб, инсонни қанча умр кўришигача айтиб берадиган “билимдонлар” ҳамон учраётгани ачинарли ҳолдир. Бундай инсонларнинг гап-сўзига қулоқ солиб мудҳиш хатога, улкан гуноҳга қўл ураётганлар ҳам афсуски йўқ эмас! Шунингдек, тиббий текширувлар натижасини мутлақ билиб, ҳомиласини олдиришга уринаётганлар, аксар ҳолларда эса бундай қилмишидан кейин афсус чекаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил этмоқда. Қуйида шу каби ҳолатларга мисол бўладиган икки воқеани ҳукмингизга ҳавола этмоқчимиз.
Учта қизи бўлган аёл тўртинчисига ҳомиладор бўлганида ультра товуш ташхиси орқали текширтирганда қиз дейилган. Шунда уйга келиб, турмуш ўртоғи билан маслаҳатлашиб, олдиришга қарор қилишади. Бундан хабар топган қайнона қаршилик қилади. Бу ишни гуноҳлигини тушунтиради. Вақти соати келиб келин қиз эмас ўғини дунёга келтиради.
Яна бошқа бир воқеада тўртта қизи бўлган аёл ҳам замонавий аппаратлар воситасида ҳомиласини текширтирганда қиз экани маълум бўлади. Олдириб ташламоқчи эканини билган шифокор: “Ҳомилангиз катта бўлиб қолган. Хавфли бўлиши мумкин”, дейди. Аёл эса; “Ҳохлаган пулингизни бераман, олиб ташланг”, деб шифокорни кўндиради. Ҳомила бўлакларга бўлиб олиб ташланаётганда, Аллоҳнинг қудрати билан белдан паст қисми бутун чиқиб келади. Бундай ҳолатни кўриб, шифокор ҳам ҳайратда қолади, чунки ҳомила ўғил эди!
Аллоҳ таоло: “Бирор нарса (яратиш)ни ирода қилганида, Унинг иши фақатгина: «Бўл!»– дейишдир. У (нарса) эса бўлур (вужудга келур)”, деб марҳамат қилган (Ёсин, 82 оят).
Олиб ташланган ҳомиласи ўғил эканини билган аёл ўзини минг ёққа уриб, дод фарёд чекади. Аммо вақт ўтиб бўлган, афсусланишнинг эса мутлақо фойдаси йўқ эди.
Шунингдек, Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
“Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур. Ёки уларга ўғил-қизларни жуфтлаб берур ва хоҳлаган кишисини фарзанд кўрмайдиган қилиб қўйгай. Албатта, У (бунинг ҳикматини) билувчи ва (ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир” (Шўро, 49-50 оят).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ер юзидаги ҳар бир экинга, дарахтлардаги ҳар бир мевага, ернинг қаъридаги ҳар бир уруғга “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Бу фалончининг ризқидир”, деб ёзиб қўйилган” дедилар.
Фарзанд ўғилми, қизми Аллоҳ таолонинг буюк неъматидир. Бундай ҳолатларда оталар ҳам “зурриёдимнинг давомчиси бўлиши керак. Ўғил кўрмасдан ўтаманми?” Ёки “шунча қизни боқишнинг, уларни узатишнинг ўзи бўладими?”, демасдан, аёлларига руҳий далда бўлишлари ва Аллоҳдан яхшиликни биргаликда сўрашлари лозим бўлади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб шундай дейди:
“(Эй, инсонлар!) Болаларингизни қашшоқликдан қўрқиб ўлдирмангиз – уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ризқ берурмиз. Уларни ўлдириш, шубҳасиз, катта хатодир. (Исро, 31 оят).
Аллоҳ таоло кимларгадир ўғил, кимларгадир қиз фарзандлар ато этади. Баъзиларни эса фарзандсизлик билан синайди. Кўпчиликка эса ўғил-қиз аралаш берилади. Бу илоҳий тақсимот – биз бандалар Аллоҳ таолонинг тақдирига қанчалик розимиз ва уни Ўзи рози бўладиган даражада яшаб ўтишимиз учун синовдир. Бинобарин, биз бандалардан ҳар бир неъматга шукр ва мусибатга сабр матлуб ва маҳбубдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
Мунира АБУБАКИРОВА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолонинг раҳмати кенг, Унинг мағфират эшиклари биз учун ҳамиша очиқ. Мўмин-мусулмонлар беш маҳал намознинг ҳар бир ракатида “Фотиҳа” сурасининг: «(У) Mеҳрибон, Раҳмли» оятини тиловат қилганда, бир кунда 64 маротаба Аллоҳнинг Меҳрибон ва Раҳмли эканлигини зикр қиладилар.
Қуръони каримда “раҳмат” ва унга боғлиқ бўлган 315 дан ортиқ сўзлар учрайди. Ростгўйлик – 145 марта, сабр – 90 марта, афв – 43 марта, саҳийлик – 42 марта, тўғрилик – 40 марта, содиқлик – 29 марта, одиллик – 24 марта, беозорлик – 15 марта зикр этилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг юзта раҳмати бордир. Улардан биттасини жин, инс, ҳайвонот ва ҳашаротлар орасига нозил қилгандир. Бас, ўша ила улар бир-бирларига меҳр ва раҳм кўрсатадилар. Ўша ила ваҳший ҳайвон ўз боласига меҳр кўрсатади. Аллоҳ тўқсон тўққизта раҳматини кейинга қўйган. Улар ила қиёмат куни бандаларига раҳмат кўрсатади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ халойиқни халқ қилганда Ўз Китобига “Албатта раҳматим азобимдан ғолиб келадир”, деб ёзиб қўйди», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Шундай экан, агар дуоингиз қабул бўлмаса маҳзун бўлманг. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир мусулмон гуноҳ қилмай, силаи раҳмни узмай туриб дуо қилса, албатта, унга уч нарсадан бирини беради. Ё сўраган нарсасини тезда беради. Ёки унинг мукофотини охиратга олиб қўяди. Ёхуд унга тенг ёмонликни ундан даф қилади", дедилар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум: "Ундоқ бўлса, кўпайтирилар экан-да?" дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кўпайтирувчироқ”, дедилар.
Агар касал бўлсангиз ёки бирор кўнгилсизликка дучор бўлсангиз, бу Аллоҳнинг сизга ғазаб қилгани ёки жазолаганини билдирмайди, балки бу ҳам раҳматдир. Зеро, мусибат орқали Аллоҳ таоло бандаларини синаб, Ўзига яқин қилади ва гуноҳларини мағфират этади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Агар бошингизга бирор мусибат тушса, бу Аллоҳнинг сизга ёмонликни исташи эмас, бу ҳам раҳмат. Бу билан Аллоҳ сизга ўзининг яхши кўрган бандаларидан бири бўлиш имконини берган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Яхшиликлар катта синовлар билан келади. Қачонки Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Аллоҳ ўша бандага бир синовни юборади. Агар банда синовга сабр қилса, Аллоҳнинг раҳматига эришади, аммо сабрсизлик қилса Унинг ғазабига дучор бўлади”.
Агар бирор савобли амал қилсангиз ҳам буни Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила адо этганингизни унутманг. Лекин гуноҳ иш содир этсангиз дарҳол тавба қилиб, Аллоҳга истиғфор айтинг. Зеро, “Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир” (Бақара сураси, 143-оят.)
Даврон НУРМУҲАММАД