Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Май, 2025   |   5 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:48
Қуёш
05:18
Пешин
12:25
Аср
17:17
Шом
19:25
Хуфтон
20:50
Bismillah
03 Май, 2025, 5 Зулқаъда, 1446

“Мобил масжид”га 45 давлатдан буюртма тушди

27.11.2018   3299   1 min.
“Мобил масжид”га 45 давлатдан буюртма тушди

Аввалроқ, япониялик мутахассислар томонидан турли йирик мусобақалар пайтида мусулмон мухлислар учун қулайлик яратувчи мобил масжид лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва бу лойиҳа бугунги кунда амалга оширилиш жараёнида экани ҳақида хабар берган эдик.

2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган олимпиада ўйинлари пайтида фойдаланиш учун ишлаб чиқарилган “мобил масжид”га дунё бўйича қизиқиш юқори бўлди ва ҳозиргача 45 давлатдан буюртма келиб тушган.

ВВСга таяниб Азон нашрининг хабар беришича, “мобил масжид”лардан 2022 йилда Қатарда ўтказиладиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида ҳам фойдаланиш режалаштирилган.

Ташқи кўринишидан оддий юк машинасидан фарқ қилмайдиган “мобил масжид”нинг ён деворлари очилиб, бир пайтнинг ўзида эллик киши намоз ўқиши учун имконият пайдо бўлади. Шунингдек, “мобил масжид”нинг тўрт кишилик таҳоратхонаси ҳам бор. “Мобил масжид”ни тайёрлаш 890 минг долларга тушди.

Ишлаб чиқарувчи фирма ушбу лойиҳани сайёҳлик минтақалари ва халқаро тадбирларда ҳам қўллашни ният қилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар

Имом Мотуридий ҳақида 15 факт

30.04.2025   10551   3 min.
Имом Мотуридий ҳақида 15 факт

1. Олимнинг тўлиқ исми шарифи Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий Ансорий.


2. Камолиддин Баёзийнинг таҳқиқига кўра бу зотнинг насаби улуғ саҳобий Абу Айюб Ансорийга бориб тақалади.


3. Абу Мансур Мотуридийнинг қайси йилда туғилгани аниқ маълум эмас. Аммо устози Муҳаммад ибн Муқотил Розий ҳижрий 248 (милодий 862) йилда вафот этгани айтилган. Шунга кўра, Абу Мансур Мотуридий ҳижрий 240 (милодий 854) йилдан олдин туғилгани тахмин қилинади.


4. Имом Мотуридий кўплаб устозлардан таълим олган. Қуйидагилар уларнинг энг машҳурлари:

  1. Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ Жузжоний;
  2. Имом Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёзий;
  3. Нусайр ибн Яҳё Балхий;
  4. Муҳаммад ибн Муқотил Розий ва бошқалар.


5. Ушбу олимлар Имом Мотуридийни Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳгача бўлган санадини боғловчи устозлар ҳисобланади.


6. Имом Мотуридийнинг шогирдлари унинг илимй меросини давом эттириб, бу таълимотни ривожлантирганлар. Масалан:

  • Абулқосим Исҳоқ ибн Муҳаммад Ҳаким Самарқандий.
  • Имом Абулҳасан Али ибн Саъийд Рустуғфаний.
  • Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад Самарқандий.
  • Имом Абу Муҳаммад Абдулкарим Паздавий.


7. Абу Мансур Мотуридий тафсир, усулул фиқҳ ва ақоид каби шаръий илмларнинг турли йўналишлари бўйича асарлар таълиф этган.


8. Тафсир йўналиши бўйича “Таъвилоту аҳли сунна” номли тафсир ёзган.


9. Усулул фиқҳ йўналишида “Маъхозуш шароиъ” (Шаръий ҳукмлар манбаси) ва “Жадал” (Илмий баҳслар) номли иккита китоб ёзган.


10. Уламолар Абу Мансур Мотуридий ақоид илми бўйича ёзган асарларини ўрганиб чиқиб, уларни уч турга ажратганлар:

  1. Мақолот (мақолалар);
  2. Раддиялар;
  3. Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари.


11. Абдулҳай Лакнавий “ал-Фавоидул-баҳия” асарида Имом Абу Мансур Мотуридийни мутакаллимлар имоми ва мусулмонларнинг тўғри ақидасини асослаб берган буюк аллома сифатида тавсифлайди. Унинг таъкидлашича, Имом Мотуридий беназир асарлар яратиб, ботил ақида вакилларининг бузғунчи ғояларига раддиялар берган.


12. Уламолар айтадиларки, Ҳужжатул Ислом (Ислом дини ҳужжати) дейилганда фақат Имом Ғазолий тушунилганидек, Имомул ҳудо (тўғри йўлга бошловчи) дейилганда ҳам фақат Имом Мотуридий тушунилади.


13. Бутун ҳаётини илм маърифат ўрганиш ва уни ёйиш билан ўтказган Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 333 (милодий 945) йилда тахминан тўқсон беш ёшида Самарқандда вафот этган ва Чокардиза қабристонига дафн этилган.


14. 2020 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази” ташкил этилган.


15. Шунингдек, 2025 йил март ойида Давлатимиз раҳбари томонидан буюк олимга юксак ҳурмат ифодаси ўлароқ “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.