Аввалроқ, япониялик мутахассислар томонидан турли йирик мусобақалар пайтида мусулмон мухлислар учун қулайлик яратувчи мобил масжид лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва бу лойиҳа бугунги кунда амалга оширилиш жараёнида экани ҳақида хабар берган эдик.
2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган олимпиада ўйинлари пайтида фойдаланиш учун ишлаб чиқарилган “мобил масжид”га дунё бўйича қизиқиш юқори бўлди ва ҳозиргача 45 давлатдан буюртма келиб тушган.
ВВСга таяниб Азон нашрининг хабар беришича, “мобил масжид”лардан 2022 йилда Қатарда ўтказиладиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида ҳам фойдаланиш режалаштирилган.
Ташқи кўринишидан оддий юк машинасидан фарқ қилмайдиган “мобил масжид”нинг ён деворлари очилиб, бир пайтнинг ўзида эллик киши намоз ўқиши учун имконият пайдо бўлади. Шунингдек, “мобил масжид”нинг тўрт кишилик таҳоратхонаси ҳам бор. “Мобил масжид”ни тайёрлаш 890 минг долларга тушди.
Ишлаб чиқарувчи фирма ушбу лойиҳани сайёҳлик минтақалари ва халқаро тадбирларда ҳам қўллашни ният қилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Айни дамда “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусидаги халқаро анжуман қизғин давом этмоқда.
Тадбир аввалида Қуръон оятлари тиловат қилинди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро конференция иштирокчиларига табригини Президент маслаҳатчиси Русланбек Давлетов ўқиб эшиттирди.
Табрикда Президентимиз қатнашчиларни улуғ алломалар юртига ташрифи ва нуфузли тадбирдаги иштироки билан қутлаб, буюк ватандошимиз асос солган мотуридийлик мактаби ва таълимоти эътиқод борасида асрлар давомида бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат тимсоли бўлиб келаётганини алоҳида қайд этган.
Шунингдек, мамлакатимизда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий каби буюк алломаларимиз номлари билан аталадиган халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси фаолият кўрсатаётгани, жумладан, Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-тавҳид” китоблари илк марта ўзбек тилига таржима қилиниб, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилгани таъкидлаб ўтилган.
Ўз навбатида анжуман иштирокчиларига ўз ҳаётини ана шундай эзгу ишга бағишлаб келаётгани, Имом Мотуридий ва Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан бошқа улуғ алломаларимизнинг бой илмий-диний меросини ўрганиш йўлидаги машаққатли меҳнати, изланиш ва тадқиқотлари учун самимий миннатдорлик билдириб, уларга сиҳат-саломатлик, келгуси фаолиятида янги ютуқлар ва конференция ишига муваффақият тилаган.
Анжуман иштирокчилари Президентимизнинг табриги ва илиқ тилакларидан бағоят мамнун бўлишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати