Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Декабр, 2024   |   22 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:21
Bismillah
23 Декабр, 2024, 22 Жумадул сони, 1446

Тафаккур қандай қилинади?

26.11.2018   5940   4 min.
Тафаккур қандай қилинади?

Тафаккур  кишини Аллоҳ таолони нақадар буюк ва мехрибон Зот эканлигини, Қудрат ва Азамат соҳиби эканлигини ҳис қилишга, неъматларга шукр ва синовларга сабр қилишга ундайдиган, ўзининг ҳақир ва ожиз эканлигини эътироф этишга, ибодат ва итоатга рағбатни оширувчи, барча Аллоҳ рози бўладиган амалларни қилишга ҳамда у Зот қайтарган амаллардан қайтишга сабаб бўладиган  хислат. Агар банда Аллоҳ таолонинг оят-аломатларига тафаккур билан қараса, ишончи ва маърифати зиёда бўлади.  Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жудаям кўп оятларида тафаккурга чақиради. Ўзининг яратган нарсаларини зикр қилиб уларда:         “ Тафаккур қиладиган кишилар учун оят-аломатлар бор”, дея айтади. “ Шоядки тафаккур қилсаларингиз”, дейди. Шунинг учун Росулуллоҳ (с.а.в.): “ Бир соатлик тафаккур бир йиллик нафл ибодатдан яхшироқдир”,( Ибн Можа) деганлар.

Абу Лайс Самарқандий (р.а.) айтадилар: “ Агар инсон тафаккур қилиш фазилатига етишни ҳоҳласа, беш нарса ҳақада фикр қилсин:

1) Аллоҳнинг мўжиза ва аломатлари тўғрисида;

2)Аллоҳнинг ботиний ва зохирий неъматлари тўғрисида;

3)Унинг савоби тўғрисида;

4)Унинг азоби тўғрисида;

5)Унинг яхшилиги ва ўзининг жафоси тўғрисида”.

 Аллоҳ таолонинг мўжиза ва аломатларини тафаккур қилиш Аллоҳ таолонинг қудратига қарашдир. Аллоҳ таоло осмонни ва ерни қандай яратганига, қуёшни шарқдан чиқариб, ғарбга ботираётганига, кеча-кундузни алмашадиган қилиб қўйганига ва ўзининг хилқатига назар солишдир. 

Аллоҳ таоло айтади: “Ва ер юзида чуқур ишонувчилар учун белгилар бордир. Ва ўзларингизда ҳам. Ёки кўрмаяпсизларми?” (Зорият, 20-21-оят)

Атрофга тафаккур ва ибрат кўзи билан қараган киши  ҳар қадамлар Аллоҳнинг мўжизалари ва ажойиботларини кўраверади.

Аллоҳ таолонинг неъматлари ҳақида фикрлаш Унинг нематларига эътибор қаратишдир. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ сизларга осмонлардаги  ва ердаги нарсаларни беминнат хизматкор  қилиб қўйганини ва сизга зохирий ва ботиний неъматларни мукаммал қилиб берганини билмадингизми?”. ( Луқмон,20) Неъматлар ҳақида тафаккур қилиш инсоннинг Роббисига бўлган муҳаббатини ҳамда шукрини  зиёда қилади.

Аллоҳ таолонинг савоби тўғрисида фикр қилиш эса, У Зотнинг ўз тақводор  бандалари учун жаннатда қандай кароматлар тайёрлаганининг савобини фикрлашдир. Унинг савоблари ҳақида тафаккур қилиш жаннатга рағбатни, унинг талабида ҳаракат қилишни ва Аллоҳ таолонинг тоатига қувватни зиёда қилади.

Унинг азоби тўғрисида фикрлаш эса Аллоҳ таоло душманлари ва итоатсиз кишилар учун дўзахда тайёрлаб қўйган  азоблар ва хорликларни фикрлашдир. Бу эса  бандада қўрқинчни, гуноҳ ва маъсиятлардан тийилиш қувватини оширади. 

Аллоҳ таолонинг яхшиликлари ва ўзиниг жафоси ҳақида тафаккур қилган киши ўзининг Аллоҳга бўлган осийлиги бардавом бўлишига қарамай, Роббиси унинг гуноҳларини беркитиб турганини, азобламасдан, унга ҳамон ризқини бериб турганини кўради ва унинг ҳаёси ва хижолати зиёда бўлади.

Банда қачонки шу бешта нарса ҳақида фикр қилсагина, Пайғамбар (с.а.в.) айтган даражаларга  эришади. Бундан бошқа нарсалар тўғрисида эса фикр юритилмайди. Чунки бундан бошқа нарсаларда қилинган тафаккур шунчаки васваса бўлади.

Уламолар айтишадики: “Уч нарсада тафаккур қилиш мумкинмас.

1)Камбағаллик тўғрисида. Чунки, у инсонда ғамни ва хафаликни кўпайтиради ҳамда бойликка рағбатни зиёда қилади.

2)Ўзгалар тарафидан унга нисбатан қилинган зулм ҳақида ҳам тафаккур қилинмайди. Чунки бу қалбни қаттиқлаштаради, ғазаб ва адоватни зиёда қилади.

3)Узоқ умр кўриш ҳақида тафаккур қилинмайди. Чунки бу ўлимни унуттиради. Дунёга муҳаббатни зиёда қилади ва охират учун амал қилишни кечиктиради.

Демак, ҳар бир банда уйқуга ётишдан олдин бугунги ўтган куни ҳақида тафаккур қилмоғи жудаям афзал амалдир. Агар у бугунги ўтган кунида хайрли ва савобли амалларни топса Аллоҳга ҳамд айтиши, хато ва гуноҳ ишларни кўрса Аллоҳга истиғфор айтиши лозим бўлади.

Аллоҳ  таоло барчаларимизни тафаккур ила ибрат олувчи бандаларидан қилсин.

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек

Мақолалар
Бошқа мақолалар

"Ўрганадиган илм" нима дегани?

23.12.2024   1199   4 min.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фақиҳлар фиқҳга шундай таъриф беришади: «Фиқҳ мукаллафларнинг амалларини ҳалол ва ҳаромлик, фасод ва саҳиҳлик жиҳатидан ўрганадиган илмдир». Бу таърифни ҳам кенгроқ таҳлил қилиб кўрайлик. «Ўрганадиган илм» нима дегани? Ҳозиргина «Илм бир нарсанинг воқеликка мувофиқ келишидир», дедик.

Фиқҳнинг мавзусига бир мисол келтирайлик. Масалан, мен мукаллафман. Хотинимга «Сен талоқсан», дедим. Бунинг ҳукми нима бўлишини фиқҳ ўрганади. Демак, фиқҳ мен каби мукаллафларнинг мана шу каби ҳолатларини ўрганади. Масалан, мен шерикчилик ақдини тузишим мумкин, бирон нарсани сотишим, ижарага олишим мумкин. Фиқҳ ана шундай ҳолатларни, мен қилган ишнинг ҳалол ёки ҳаром, саҳиҳ ёки фасодлигини ўрганади. Демак, фиқҳнинг мавзуси мукаллафлар қиладиган амалларнинг ҳолатини ўрганишдир.

Фақиҳларнинг фиқҳга берган таърифларида «далил» деган сўз борми? Йўқ. Улар фақат мукаллафларнинг амаллари ҳақида гапиришди, ҳукмларнинг мукаллафларга нисбатан жорий бўлиш ҳолатларига эътибор қаратишди. Демак, умумий қилиб айтадиган бўлсак, фиқҳга икки хил таъриф берилди. Бири усулий уламоларнинг таърифи, яъни «Қуръон ва Суннатдан ҳукмларни қай тарзда чиқариб олиш ҳақидаги илм» деган таъриф. Иккинчиси фуқаҳолар берган таъриф бўлиб, унда ҳосил бўлган ҳукмларнинг мукаллафларга қандай жорий қилиниши асосий ўринга қўйилди. Бу ҳукмлар мутлақ мужтаҳидлар тарафидан чиқарилади. Ҳукмни фақат мутлақ мужтаҳид чиқара олади. Ана шу мужтаҳид муайян бир ҳукмни Қуръон ва Суннатдан қандай чиқарганини ўрганиш усул илмининг мавзусидир. Чиқарилган ҳукмни ўзимизга ва жамиятга татбиқ қилиш эса муфтий ва фақиҳларнинг ишидир.

Демак, фиқҳга икки хил қараш мумкин экан: ҳукмни чиқариб олиш ва уни татбиқ қилиш. Бизнинг хатоимиз шуки, ҳукмни ишлаб чиқиш билан уни татбиқ қилиш орасидаги фарқни тушунмаяпмиз. Тушунмаганимиз учун кераксиз гапларни гапиряпмиз. Биз юқорида айтиб ўтган икки йўналиш – таҳаллул, яъни динга енгил қараш ва ташаддуд, яъни динда ғулувга кетиш йўналишлари ё иккинчи таърифдан бехабар қолишди, ёки унга эътиборсиз қарашди. Улар фақат биринчи таърифни, яъни ҳукмни қай тарзда ишлаб чиқишни изоҳлашди.

Масалан, сиз биринчи йил илм олаётган бўлсангиз, улар сизга: «Сен айтган ҳукмни фақат далил келтирсанг, қабул қиламиз», дейишади. Ахир сиз ҳали далилларни билмайсиз-ку! Бирорта жумлани оят деб ўйлашингиз мумкин, лекин аслида у оят бўлмаслиги мумкин. Бир ҳадисни Бухорийда келган, деб айтишингиз мумкин, лекин у Бухорийдан ривоят қилинмаган, тўқима ҳадис бўлиб чиқиши мумкин, чунки сиз ҳали далилларни ўрганмагансиз. Улар мана шу даражадаги одамлардан далил сўрашди, очиқ-ойдин далили бўлмаган ҳукмни эса ботилга чиқаришди. Бунга бироз кенгроқ ёндашиш керак...

Юқорида айтганимдек, асосий мақсадим таърифларга доир қўшимча маълумотларни айтиб ўтиш эди. Келинг, шу масалани кўрайлик. Ана ўша йўналиш эгалари ҳар бир ҳукмга далил талаб қилишяпти. Аввало айтинг-чи, далил нима ўзи? Улар: «Далил – бу Қуръон ва Суннат», дейишади. Уларнинг «Далил Қуръон ва Суннатдир», дейиши илмий маънода хатодир, чунки далилни фақат Қуръон ва Суннатгагина чеклаб қўйсак, динни зое қилиб қўямиз, чунки булардан бошқа далиллар ҳам бор. Далил тўғри ёндашиш орқали талаб қилинган маълумотга етказадиган манбадир. Демак, Қуръон ва Суннат далилларнинг асосий қисмидир, лекин далилларнинг барчаси эмас, чунки ижмоъ ҳам далил, қиёс ҳам далилдир. Тўғри ёндашиш орқали талаб қилинган маълумотга етказадиган ҳар қандай манба далил бўлади. Лекин бу гапни улар тушунмайди. Улар далилни фақат Қуръон ва Суннат, деб тушунишади.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан