Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Декабр, 2024   |   24 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:02
Хуфтон
18:22
Bismillah
25 Декабр, 2024, 24 Жумадул сони, 1446

30.11.2018 й. Тил офатлари

23.11.2018   6796   16 min.
30.11.2018 й. Тил офатлари

بسم الله الرحمن الرحيم

ТИЛ ОФАТЛАРИ

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ الَّذِي خَلَقَ الْإِنْسَانَ وَعَلَّمَهُ الْبَيَانَ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الْمُصْطَفَى وَالْمُجْتَبَى لِلْهِدَايَةِ إِلَى الْجِنَانِ الَّذِي حَذَّرَ أُمَّتَهُ مِنْ آفَاتِ اللِّسَانِ وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَأَتْبَاعِهِ فِي كُلِّ زَمَانٍ وَمَكَانٍ

   

Ҳурматли жамоат! Динимизда мўминнинг сўзи амали каби эътиборлидир. Тилнинг тоати ҳам, исёни ҳам катта бўлади. Масалан, имон келтириш – тилнинг тоати ва куфр келтириш – тилнинг исёнларидан биридир. Никоҳ ва талоқ масалаларида ҳам мўмин ва мўминаларнинг бир оғиз сўзи ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Розиликни ифодаловчи сўз билан икки бегона инсон бир умрлик жуфтга айланади ёки ажралишни билдирадиган сўз билан эр-хотин бир биридан ажралади. Аллоҳ таоло бандаларининг ҳар бир сўзи ҳисобда эканини бизга билдириб, шундай дейди:

مَا يَلْفِظُ مِنْ قَوْلٍ إِلَّا لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ

  (سُورَةُ ق الْاَيَةُ-17)

яъни: У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир(Қоф сураси, 17-оят).
Демак, фаришталар одамлар гапираётган, амалга ошираётган савоб ёки гуноҳ сўз ва амалларни ёзиб борадилар ҳамда бу китоб қиёмат кунида ўқиб кўриши учун кишининг ўзига тақдим этилади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабалга динимизда ишнинг боши, асоси ва чўққиси нима эканини айтиб, мана шу яхшиликларнинг асли тилни сақлаш билан бўлишини баён қилдилар. Муоз разияллоҳу анҳу бундан ажабланиб: “Ҳали гапирган нарсаларимиздан ҳам жавобгар бўламизми?” деганларида Пайғамбаримиз шундай дейдилар:  

... ثَكِلَتْكَ أُمُّكَ، وَهَلْ يَكُبُّ النَّاسَ في النَّارِ على وُجُوهِهِمْ إِلاَّ حَصَائِدُ ألْسِنَتِهِمْ

(رَوَاهُ الْاِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)

яъни: “...Онанг сенга йиғласин, одамларни дўзахга юзлари билан йиқитадиган нарса фақат тилларининг ҳосилидир” (Имом Термизий ривояти).

Мана шу ҳадисдан билинадики, тилни сақлаш барча яхшиликларнинг аслидир. Чунки тилнинг исёнига: энг катта гуноҳ бўлган ширк, Аллоҳ таоло ҳақида билмаган нарсасини гапириш, ёлғон гувоҳлик бериш, сеҳр, бўҳтон, ғийбат, чақимчилик ва бошқа сўзга боғлиқ гуноҳлар киради.

Тилни сақлаш тўғрисида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:

...وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوِ لْيَصْمُتْ

(رَوَاهُ الْاِمَامُ الْبُخَارِيُّ)

яъни: “...Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, яхши (гаплар)ни гапирсин ёки жим турсин” (Имом Бухорий ривояти).

Ёлғон гувоҳлик бериш ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:

فَاجْتَنِبُوا الرِّجْسَ مِنَ الْأَوْثَانِ وَاجْتَنِبُوا قَوْلَ الزُّورِ

  (سُورَةُ الْحَجِّ الْاَيَةُ-30)

яъни: “Бас, бутлардан иборат нажосатдан узоқлашиб, ёлғон сўздан ҳам четда бўлингиз!” (Ҳаж сураси, 30-оят). Ояти каримада ёлғон гувоҳликнинг бутларга сиғиниш билан ёнма-ён зикр қилиниши ёлғон гувоҳликнинг катта гуноҳлигига ишора қилади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам катта гуноҳларни санаб шундай огоҳлантирадилар:

اَلشِّرْكُ بِاللهِ وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ وَقَتْلُ النّفْسِ وَقَوْلُ الزّورِ

(رَوَاهُ الْاِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)

яъни: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш ва ёлғон гувоҳлик бериш” (Имом Термизий ривояти). Диққат қилсак, ҳадиси шарифда ҳам ёлғон гувоҳлик бериш Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш каби катта гуноҳлар билан бирга зикр қилинмоқда.

Ғийбат  ҳам тил офатларининг каттаси ва жамиятда кенг тарқалганидир. Ғийбат – бир кишини йўқлигида унга ёқмайдиган гап (сифат) билан ёдга олишдир. Ғийбатни Қуръони каримда вафот этган биродарининг гўштини ейишга ўхшатилади:

وَلَا تَجَسَّسُوا وَلَا يَغْتَبْ بَعْضُكُمْ بَعْضًا أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَنْ يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتًا فَكَرِهْتُمُوهُ

وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ تَوَّابٌ رَحِيمٌ

 (سُورَةُ الْحُجُرَاتِ اَلْاَيَةُ-12)

яъни:(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир(Ҳужурот сураси, 12-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар айбини ахтариб, ғийбат қилиб юришнинг ёмон оқибатидан огоҳлантирдилар:

يَا مَعْشَرَ مَنْ آمَنَ بِلِسَانِهِ وَلَمْ يَدْخُلِ الإِيمَانُ قَلْبَهُ ، لاَ تَغْتَابُوا الْمُسْلِمِينَ ، وَلاَ تَتَّبِعُوا عَوْرَاتِهِمْ فَإِنَّ مَنْ تَتَبَّعَ عَوْرَةَ أَخِيهِ تَتَبَّعَ اللهُ عَوْرَتَهُ ، وَمَنْ تَتَبَّعَ اللهُ عَوْرَتَهُ يَفْضَحْهُ فِي جَوْفِ بَيْتِهِ

(رَوَاهُ الْاِمَامُ اَبُو دَاوُدُ وَالْاِمَامُ اَحْمَدُ)

яъни: “Эй тили билан имон келтириб, қалбига имон кирмаганлар! Мусулмонларни ғийбат қилманглар. Уларнинг айбларини ахтарманглар. Ким биродарининг айбини ахтарса, Аллоҳ ҳам унинг айбини ахтаради. Аллоҳ кимнинг айбини ахтарса, уни уйида бўлса ҳам, шарманда қилади” (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривояти). “Уйида бўлса ҳам” дегани, мени ҳеч ким кўрмайди, деб уйини ичида қилган гуноҳини ҳам ошкор қилиб қўяди, маъносидадир.

Туҳмат (қазф) – зино ва ливота каби фаҳш ишлар билан ўзгаларни айблашдир. Пок одамларга бундай туҳмат қилиш Қуръон, суннат ва ижмоъ билан ҳаром қилингандир. Бир тўда туҳматчилар Оиша онамизга жирканч бўҳтон қилишди. Аллоҳ таоло ўз каломида мўминларнинг онасини поклади ва бу қиёматгача келадиган умматга ибрат бўлиб қолди.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам еттита ҳалок қилувчи (катта) гуноҳларни санадилар. Уларни ичида покдомон, фаҳш ишлардан бехабар аёлларга туҳмат қилишни ҳам катта гуноҳ сифатида айтиб ўтганлар:

اِجْتَنِبُوا السَّبْعَ الْمُوبِقَاتِ قَالُوا يَا رَسُولَ اللَّهِ وَمَا هُنَّ قَالَ الشِّرْكُ بِاللَّهِ وَالسِّحْرُ وَقَتْلُ النَّفْسِ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ وَأَكْلُ الرِّبَا وَأَكْلُ مَالِ الْيَتِيمِ وَالتَّوَلِّي يَوْمَ الزَّحْفِ وَقَذْفُ الْمُحْصَنَاتِ الْمُؤْمِنَاتِ الْغَافِلَاتِ

(رَوَاهُ الْاِمَامُ الْبُخَارِيُّ)

яъни: “Етти ҳалок қилувчи (гуноҳ)дан сақланинглар”. “Эй, Аллоҳнинг расули улар нималар?” – дейишди. Шунда: “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, рибо ейиш, етимнинг молини ейиш, жанг кунида ортга қочиш ва оилали-покиза, мўмина, (зинодан) бехабар аёлларни зинода айблаш”, – дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ёлғон – бир нарсани аслидагидан ўзгача қилиб хабар бериш, яъни хабарнинг воқеъликка тўғри келмаслигидир. Аллоҳ таоло мўминларни ёлғон гапиришдан қайтаради:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لِمَ تَقُولُونَ مَا لَا تَفْعَلُونَ. كَبُرَ مَقْتًا عِنْدَ اللَّهِ أَنْ تَقُولُوا مَا لَا تَفْعَلُونَ

(سُورَةُ الصَّفِّ اَلْاَيَةُ-2-3)

яъни:Эй, имон келтирганлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қилдик ёки қиламиз деб) айтурсиз?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишингиз Аллоҳ наздида катта нафрат (боиси)дир” (Саф сураси, 2-3-оятлар).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир эшитган нарсасини гапиришдан қайтардилар:

كَفَى بِالْمَرْءِ كَذِبًا أَنْ يُحَدِّثَ بِكُلِّ مَا سَمِعَ )

رَوَاهُ الْاِمَامُ مَسْلِمٌ)

яъни: “Ҳар бир эшитган нарсасини гапириш кишининг ёлғончи эканига етарли бўлади” (Имом Муслим ривояти).

Қуйидаги ҳадиси шарифда эса ростгўйлик жаннатга, ёлғон эса дўзахга олиб бориши таъкидланади:

إِنَّ الصِّدْقَ يَهْدِي إِلَى البِرِّ وَإِنَّ البِرَّ يَهْدِي إِلَى الجَنَّةِ وَإِنَّ الرَّجُلَ لَيَصْدُقُ حَتَّى يُكْتَبَ عِنْدَ اللهِ صِدِّيقاً وَإِنَّ الْكَذِبَ يَهْدِي إِلَى الْفُجُورِ وَإِنَّ الْفُجُورَ يَهْدِي إِلَى النَّارِ وَإِنَّ الرَّجُلَ لَيَكْذِبُ حَتَّى يُكْتَبَ عِنْدَ اللهِ كَذَّاباً

(مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ)

яъни: “Албатта, ростгўйлик яхшиликка етаклайди, яхшилик эса жаннатга олиб боради. Киши (доим) рост гапирганидан, Аллоҳнинг наздида сиддиқ (ўта ростгўй) деб ёзилади. Ёлғон (фисқу) фужурга етаклайди, фужур эса дўзахга олиб боради. Киши (доим) ёлғон гапирганидан, Аллоҳнинг наздида каззоб (ўта ёлғончи) деб ёзилади” (Муттафақун алайҳ). Демак, инсон рост ёки ёлғон гапиришга одатланса, бу унинг учун табиатга айланади ва бу нарса Аллоҳ таолонинг наздида битиб қўйилади.

Чақимчилик – ўртани бузиш учун бир одамнинг гапини бошқасига етказиш. Чақимчилик тўғрисида Қуръони каримда шундай дейилади:

وَلَا تُطِعْ كُلَّ حَلَّافٍ مَهِينٍ هَمَّازٍ مَشَّاءٍ بِنَمِيمٍ 

سُورَةُ الْقَلَمِ اَلْاَيَةُ-10-11

яъни:(Эй, Муҳаммад!) Ҳар қандай тубан қасамхўрга (Валид ибн Муғирага) итоат этманг! (У) ғийбатчи, гап ташувчи” (Қалам сураси, 10-11-оятлар).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам чақимчи тўғрисида:

لَا يَدْخُلُ الجَنَّةَ نَمَّامٌ

(مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ)

 яъни: “Чақимчи жаннатга кирмайди”, – дедилар (Муттафақун алайҳ). Али разияллоҳу анҳу: “Чақимчи бир соатда бир ойлик фитнани қилади”, – дер эдилар.

Ҳурматли жамоат! Кўриб турганимиздек, бўҳтон ва асоссиз хабар тарқатиш, миш-миш тарқатиш жамиятимизга катта зарар етказади. Жамият аъзолари ўртасида келишмовчилик, бир-бирини ёмон кўриш, буғзу адоват уруғларини экади. Айниқса, халқ ғамида юрган раҳбарлар ҳақида асоссиз туҳматлар ва нолойиқ гаплар айтиш, халқ билан раҳбарлари ўртасини бузишга ҳаракат қилиш қадимдан миллат душманлари қўллаган усуллардир. Бунинг ёрқин мисоли, Усмон разияллоҳу анҳунинг шаҳид қилинишида намоён бўлди. Бир тўда фитначи, чақимчилар волийларни ҳазрати Усмонга қарши қайрашди, натижада тушунмовчилик келиб чиқди ва фитначилар мақсадларига эришди. Ҳозирги кунимизда яна бир халқ хизматида бўлиб турган жамоат – олимлар, имом-домлаларни ёмонотлиқ қилиш, улар ҳақида бўҳтон сўзларни айтиш, ҳар хил ҳақоратли расмларни ишлаш бу динимизнинг “илдизига болта уриш” ҳисобланади. Чунки халқ олиму уламодан дин диёнат, сабр-тоқат ва қаноат, қолаверса, одоб-ахлоқни ўрганади. Уларни халққа ёмон кўрсатиш Аллоҳнинг динига душманликнинг ўзгинаси! Душманликдан бошқа нарса эмас! Балки бу ишларни қилаётганлар ўзларини нақадар оғир гуноҳкор бўлаётганларини ҳис қилмаётгандирлар, лекин бу билан дунё ва охиратдаги жавобгарликдан қутилиб бўлмайдилар.

Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида аёлларга хусусан, киши ўзининг жуфти ҳалолига чиройли муомала қилиш ҳақида сўҳбатлашамиз.

Бугун гувоҳи бўлганимиздек, БМТнинг Бош Ассамблеяси 25 ноябрь кунини “Халқаро Аёлларга нисбатан зўровонликка барҳам бериш куни” деб эълон этиб, барча ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, нодавлат ташкилотларни мазкур кунда жамоатчиликни ушбу долзарб муаммо ҳақида хабардор этишга бағишланган тадбирларни ташкиллаштиришга чақирди.

Ҳозирда жаҳонда 25 ноябрь – Аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш Халқаро кунидан бошлаб 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари кунигача бўлган даврни қамраб олувчи 16 кунлик кенг кўламдаги тадбирлар ташкил этилмоқда. Асосий мақсад бутун дунё бўйлаб аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам беришдир.

Аслида муқаддас ислом динимиз 14 аср аввал аёл кишини ҳурмат ва иззат қилишга буюрган. Жумладан, мусулмон киши аёлларга, ўзининг жуфти ҳалоли, опа-сингилларига хушмуомала ва чиройли муносабатда бўлиши айни динимиз талабидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Улар билан тотув турмуш кечирингиз” (Нисо сураси, 19-оят).

Ҳар бир кишининг қўл остидаги аёли у киши учун Аллоҳ таоло томонидан омонат қилиб берилганлиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “Видолашув ҳажи”да шундай деганлар: “Аёллар борасида Аллоҳдан қўрқинглар. Чунки сизлар Аллоҳнинг омонати ила уларни қўлга киритдингиз ва Аллоҳнинг калимаси билан уларнинг фаржларини ўзларингизга ҳалол қилиб олдингиз” (Имом Бухорий ривояти).

Бу борада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам барчамизга ўрнак ва намуна бўлиб шундай деганлар: “Сизларнинг энг яхшингиз аҳли-оиласига энг яхши (гўзал муомалада) бўлганингиздир. Албатта, мен ичларингизда аҳли-оиласига энг яхши муомала қиладиганларингизман” (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривояти).

Оилада юксак маънавий муҳитни ташкил этиш жуда муҳим. Бунда оила аъзоларининг, айниқса, эр ва хотиннинг ўзаро бир-бирлари билан гўзал муносабатда бўлишлари катта ўрин тутади. Бирини ғазаби келганда  иккинчиси ўзини босиб, вазминлик ва босиқлик билан муомалада бўлиши керак, шу билан бирга, оилавий сирларни кўчага олиб чиқмаслиги лозим.

Бу ҳақда салафи солиҳларимиз бизга яққол ўрнакдирлар. Абу Дардо хотинига шундай деганлар:

قَالَ أَبُو الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ لِزَوْجَتِهِ: إِذَا غَضِبْتُ فَرَضِّنِي وَإِذَا غَضِبْتِ رَضَّيْتُكِ وَإِلَّا لَمْ نَصْطَحِبْ

яъни: “Ғазабим келганда мени рози қилишга урун, сенинг ғазабинг келганда мен сени рози қилишга урунай. Акс ҳолда бирга яшай олмаймиз”.

Рисоладагидек эркак ҳаёти давомида доим онаси ва жуфтига моддий ва маънавий таъминот ҳамда ғамхўрлик қилади. Улар ўртасида адолат ўрнатган ҳолда ҳаёт кечиради. Бирини деб иккинчисини ранжитмайди. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنْفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ...

яъни: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримларини айримларидан (эркакларни аёлларидан) (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир...” (Нисо сураси, 34-оят).

Бу оят билан Аллоҳ таоло эркакнинг оиладаги ўрнини белгилаб берди.

Шундан келиб чиқиб, оила раҳбари бўлмиш эркаклар, бўлажак қайноналар бўлмиш жуфтларига келинга қандай муомала қилиш, келажакда келин бўладиган қизларига қайнона билан қандай муомала қилиш кераклигини ўргатиб боришлари керак. Бу ишни фақат аёлларга юклаб қўйиш тўғри эмас. Чунки юқоридаги оятда эркаклар аёлларни ҳимоя қилишида, ғамхўрлик қилиш ва уларга одоб бериш маъноси мавжуддир.

Аллоҳ таоло барчамизни тилини Ўзи буюрган ибодатларга ишлатадиган, фақат яхши гапни гапирадиган, ўрни келганда чиройли сукут сақлайдиган солиҳ бандаларидан қилсин! Омин! 

Муҳтарам имом-домла! Масжидларда намоз вақтига қатъий риоя этиб, хусусан, жума намозини белгиланган вақтдан ўтказмаган ҳолда адо этишингиз ва жума иш куни бўлгани учун намозхонларни кўп ушланиб қолишларига йўл қўймаслигингиз тавсия этилади!

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар

Аллоҳ нақадар буюк Зот!

25.12.2024   1362   1 min.
Аллоҳ нақадар буюк Зот!

Иккита бир-бирига ўхшаш оят, лекин Аллоҳ таоло уларни икки хил хулоса билан якунлаган:

وَإِن تَعُدُّوا نِعْمَتَ اللَّهِ لَا تُحْصُوهَا  إِنَّ الْإِنسَانَ لَظَلُومٌ كَفَّارٌ (34)


"Ва агар Аллоҳнинг неъматларини санашга уринсангиз, уларни санаб тугата олмайсиз. Албатта, инсон зулмкор ва ношукрдир" (Иброҳим сураси, 34-оят).

 وَإِن تَعُدُّوا نِعْمَةَ اللَّهِ لَا تُحْصُوهَا  إِنَّ اللَّهَ لَغَفُورٌ رَّحِيمٌ (18)


"Ва агар Аллоҳнинг неъматларини санашга уринсангиз, уларни санаб тугата олмайсиз. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва марҳаматлидир" (Наҳл сураси, 18-оят).

Биринчи оятда: Инсоннинг Аллоҳга муносабати билан тугатилган!
Иккинчи оятда: Аллоҳнинг бандага муносабати билан тугатилган!

Аллоҳ таоло нақадар буюк Зот! Инсон эса нақадар ожиз ва нодон мавжудот.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ