Бир йигит тўпланиб турган одамлар ёнига бориб, бор овозда бақира бошлади: “Бизга шундай кунларни насиб қилган, ризқимизни мўл, йўлимизни ёруғ, танимизни соғ қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!”.
Бир зумда йиғилиб турган одамларнинг барчаси йигитга жўр бўлди. Ҳаммаёқни “Шукр! Минг шукр!” деган садолар тутиб кетди.
Аммо ғамга ботиб ўтирган уч нафар кишигина бу хитобга жўр бўлмади. Буни кўрган йигит эса дарҳол уларнинг ёнига ошиқди ва улардан бунинг сабабини сўради.
- Шароитим оғир! Фарзандим тўйиб овқатлана олмайди! Бошқа болалардек истаганича ўйна олмайди! Энди менга айтингчи, қандай қилиб тилимдан шукр деган сўз янграши мумкин?! деди ғамга ботиб ўтирган биринчи киши.
- Фарзандим касал. Унинг ғамгин юзларига тикилсам, юрагим оғриб кетади! Қандай қилиб шукр дея айта оламан?! деди иккинчи бир ғамга ботган.
- Менинг эса фарзандим вафот этди! Унинг жонсиз қўлларидан ушлар эканман, ўзимдан ўтганини ўзим биламан! Энди мен нима учун шукр дейишим керак?! деб йиғлаб юборди учинчиси.
Уларнинг дардини тинглаган йигит бундай деди:
- Биродар, олдингиздаги одамга қаранг, фарзанди касал экан! Гарчи ўйнаб кулмасада, дилбандингизнинг соғлом эканига шукр қилинг! - деди биринчисига.
- Фарзандингиз касал экан, ҳамдардман! Аммо олдингиздаги кишига қаранг! Бечора фарзандидан жудо бўлибди! Гарчи касал бўлсада, фарзандингизнинг тирик эканига шукр қилинг! - деди фарзанди касал ётган иккинчи кишига.
- Менчи?! Мен нимага шукр қилай ахир?! - деди фарзандидан айрилган учинчи киши.
Йигит унинг елкасига қўлини қўйди-да, кўз ёшларини артиб, деди:
- Фарзандингиз ўтган бўлсада, бошқа яқинларингиз тирик эканига шукроналар келтиринг! Бутун яқинларим, барча қариндошларим даҳшатли сел оқибатида ҳалок бўлдилар!...
Шерзод ҲАЙДАРБЕКОВ
Жаҳонгир Ниғматов
Тошкент ислом институти талабаси