Қуйида келтириладиган фикрлар ижтимоий тармоқлардаги “Тарих мухрлаган сўзлар” саҳифасидан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мутлақо бошқача инсон бўлганлар! Ҳақиқий, садоқатли банда бўлганлар! Ислом тарихини ўқиймиз-ку, тафаккур қилиб кўрайлик! Кўз олдимизга келтиришга уринайлик! Саҳобаи киромлар уялганларидан ул муборак зотнинг юзларига, кўзларига тик қарай олишмаган! Ўшандай мард, пок, гўзал хулқли, иффатли, ростгўй, омонатдор, адолатли ва муборак бир инсонни бизга Пайғамбар қилиб юборган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!
Инсоният бемор танасига турли нарсаларни экишни, кўчириб ўтказишни ўрганди. Лекин виждонни эмас!
*****
Қўрқувим ўлим эмас, балки, қандай ўлиш! Эй Роббим! Хотимамизни гўзал қилгин!
*****
«Балиқ егани фалон ошхонага борамиз. Пистон ошхонада балиқни яхши пиширолмайди», «Биринчисига қанақа овқатларингиз бор?», «Қовурилган товуқ эмас, грилл табака егим келяпти» каби гаплар билан таомларни танлаб-танлаб тановул қилаётган пайтимизда, қорни очганда, егани нарса тополмай қийналадиганлар борлигини унутиб қўймайлик! Аллоҳ таолонинг неъматларига кўпроқ шукр қилайлик!
*****
Ким Аллоҳни яхши кўриш-кўрмаслигини билмоқчи бўлса, ўзини Қуръонга рўбарў қилсин. Ким Қуръонни яхши кўрса, демак, у Аллоҳни яхши кўради. Чунки, Қуръон Аллоҳнинг Каломидир.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу
*****
Агар Аллоҳ таоло дунёни сенга бермай, қийинчиликларни сенга кўпайтираётганини кўрсанг, билки, албатта, сен Унинг наздида азиз экансан.
*****
Сабр қил, кечадан кейин кундуз бор.
Сабр қил, ёмғирдан кейин мусаффолик бор.
Сабр қил, беморликдан кейин шифо бор.
Сабр қил, маҳзунликдан кейин хурсандчиликлар бор.
Сабр қил, дуодан кейин ижобат бор.
Аллоҳ таоло барчамизни сабр ила ризқлантириб, дуоларимизни ижобат этсин!
*****
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга: “Каъбага ёпинчиқ ёптирмайсизми?” дейилди. Шунда у киши: “Мусулмонларнинг қорнилари муҳимроқ” дедилар.
*****
Кўприкдан ўтаётган киши кўприкка маҳлиё бўлиб чалғимаслиги, қирғоққа тинч ўтиб олишга уриниши керак. Шунингдек, дунё кишини Охиратдан чалғитмаслиги, дунёга маҳлиё бўлмасдан, қабр ва Охиратга тинч ўтиб олишга уриниши керак.
*****
— Эй Ҳассон, бизга шеър айтиб бер.
— Қуръон нозил бўлишни бошлаганда, тилим тутилган!
*****
Тобеинларнинг бирларидан «Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни кўрдингизми?» деб сўралди. Шунда у киши «Ҳа, мискин либосидаги фариштани кўрдим» дея жавоб бердилар.
*****
Эй Аллоҳ! Бизни ширин ҳаёт, яхши ато, кенг ризқ, фикр софлиги, офият либоси ва гўзал хотима билан ризқлантир!
*****
Садақа бераётганингда, бу киши пулимга муҳтож, демагин! Балки, Роббимнинг мағфиратига ва садақанинг савобига мен муҳтожман, дегин.
*****
Эй Роббим! Сен шунчалик Меҳрибон Зотсанки, эшикни беркитиб, уйи ичида гуноҳ қилаётган банданг нафас олиши учун эшик тирқишидан ҳавони киритиб турасан.
*****
Баъзилар билан гаплашиб, фаросат катта неъматлигини янада кўпроқ сезиб борамиз.
*****
Юсуф алайҳиссаломнинг акалари ўн бир киши эди. Шундай бўлса-да, улар укаларига қарши найранг қилдилар.
Мусо алайҳиссаломнинг акалари Ҳорун алайҳиссалом бўлиб, укаларига вазир бўлдилар ва ёнларида турдилар.
Демак, сонга эмас, барака ва салоҳга эътибор берилади.
«Ёқимли гап»
*****
Истиғфорни кўпайтирганинг сари ҳаётинг яхшиликлар билан нурафшон бўлиб, мусибатлар узоқлашиб бораверади.
АСТАҒФИРУЛЛОҲ
АСТАҒФИРУЛЛОҲ
АСТАҒФИРУЛЛОҲ
*****
Эй Аллоҳ! Албатта, Сен Афувв (Кечирувчи)сан, Кариймсан. Кечиришни яхши кўрасан. Мени афв қилгин, кечиргин!
*****
Ҳеч ким дунёни обод қилишдан қайтарилмайди. Аксинча, дунёни ҳалолдан топишга, бирорта кимсага муҳтож бўлмасликка ва инсонларга инфоқ қилишга, топадиган ҳалол молидан қабр ва Охиратнинг обод бўлишига сабаб бўладиган ўринларга сарф қилишга буюрилади. «Аллоҳ таоло оиламнинг нафақасини зиммамга юклаган» деган ният билан ҳалол молу дунё топишга интилиш Динимизда ибодат ҳисобланади.
*****
Бемор Аллоҳ таолонинг раҳмати билан шифо топади.
Мусофир Аллоҳ таолонинг изни билан қайтиб келади.
Маҳзун Аллоҳ таолонинг ёрдами билан хурсанд бўлади.
Мусибатга учраган Аллоҳ таолонинг фазли билан енгилликка эришади.
Қарздор Аллоҳ таолонинг мадади билан қарздан қутулади.
Барчамиз раҳматни, ёрдамни, мададни, фазлни Аллоҳ таолодан сўрайлик! Фақат Унга таваккул қилайлик!
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни илмий мажлисларида шундай дедилар: «Инсонга ҳаётда ғам, мусибат ва машаққатлар етади. Агар банда чуқурроқ ўйлаб кўрса, бу машаққат ва қийинчиликлар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини англайди. Масалан, беморлик ҳам бир неъмат. Фақирлик ва муҳтожлик ҳам неъмат. Қалб кўзи очиқ инсон бу нарсалар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини кўради. Ҳақиқатда, машаққат ва қийинчиликлар неъматдир. Аммо бизнинг қосир ақлимиз уларнинг неъмат эканини сиғдира олмайди».
Шу ўринда мусибат ва қийинчиликлар қандай қилиб неъмат бўлади? деган савол туғилади. Бу саволнинг жавоби ҳадиси шарифда келади. Унда айтилишича, Аллоҳ таоло охиратда машаққат ва мусибатларга сабр қилган бандаларига беҳисоб ажр-мукофотлар беради, ўшанда дунёда у қадар мусибатга учрамаган одамлар у бандаларни кўриб, кошки, ҳаёти дунёда бизга ҳам мусибат ва машаққатлар етганда эди, биз ҳам сабр қилган ва сабримизга мана шундай ажр-савоблар олган бўлар, бу кунда сабр қилувчилар билан бирга турар эдик, деб орзу қиладилар.
Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деб турганларида, мажлисга бир одам кириб келди. У ногирон бўлиб, турли хил дардларга мубтало эди. У келиб, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳга: «Менинг ҳаққимга дуо қилинг, Аллоҳ таоло менга бу машаққатлардан нажот берсин», деди.
Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Биз ўша мажлисда ҳозир эдик. Ўшанда ҳайрон бўлдик, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бутун мусибатлар ва қийинчиликларнинг неъмат эканини айтиб турибдилар. Бу ёқда эса бу одам ўзидан машаққат ва қийинчиликларнинг кетишини истаб дуо сўраяпти. Агар бу ногирон одамдан машаққатлар кетишини сўраб дуо қилсалар, у ҳолда неъматнинг зое бўлишини сўраган бўладилар-ку? Ҳожи Имдодуллох Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шу пайт қўлларини дуога кўтардилар ва: «Аллоҳим! Ҳақиқатда, барча мусибат ва машаққатлар неъматдир. Лекин, Аллоҳим, биз ожизмиз. Сен бизнинг ожизлигимизга назар сол ва бу машаққат неъматини саломатлик неъматига алмаштириб бер!» деб дуо қилдилар».
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан