Куни кеча, 20 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида жамоатчилик вакиллари, маҳаллий аҳоли билан самимий суҳбат қилиб, ўқув юртлари, ишлаб чиқариш корхоналари ва иссиқхоналар фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Шу йил 20 ноябрь куни муҳтарам Президентимизнинг “Иссиқхона комплексларини ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу Қарорда мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва экспорт қилиш ҳамда тежамкор технологиялардан фойдаланган ҳолда иссиқхоналарни яратиш масаласига катта эътибор берилган. Шунингдек, иссиқхоналарни улар жойлашган ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари, иқлим шароитлари ва қишлоқ хўжалиги экинларига ижобий таъсир этувчи бошқа омилларга ҳам алоҳида эътибор қилингани соҳани ривожлантиришга катта омил бўлади.
Дини мубинимизда деҳқончилик масаласига алоҳида эътибор берилган. Кўплаб ояти карима, ҳадиси шарифларда ҳосил Аллоҳ таолонинг иродаси билан етилиши баён этилган. Бу эса деҳқонларнинг меҳнати Аллоҳнинг остида эканига ва Аллоҳ таоло уларга кўмакчилигига далолат қилади. Чунки деҳқончиликка назар солинса, бу касб инсоннинг қалбини Аллоҳ таолонинг тоатига яқин қилади. Деҳқон одам уруғни экади, сўнг уруғи униб чиқишидаги Аллоҳ таолонинг қудратига гувоҳ бўлади. Аллома Мовардий айтадиларки: “Инсоннинг тирикчилиги уч нарсага боғланган бўлади: деҳқончилик, тижорат ва ҳунармандчилик. Менинг наздимда деҳқончилик энг покизаси ва энг афзалидир”, деганлар. Шундай экан муфтий ҳазратлари иссиқхоналар фаолиятини ривожлантириш орқали, халқимиз дастурхонини тўкин-сочин қилиш савобли амал эканини билдириб, ҳосилга қут-барака тилаб дуо қилдилар.
Муфтий ҳазратлари Қўнғирот туманида жамоатчилик вакиллари, маҳаллий аҳоли билан бўлиб ўтган учрашувда бугунги кунда давлатимиз Раҳбари томонидан олиб борилаётган улкан ўзгаришлар, Яратган Парвардигорнинг берган неъматларига шукрона қилиш ва Ислом дини маърифатини тўғри етказиш ҳақида сўзлаб бердилар.
Қорақалпоғистон сафари давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Андижон вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Шоирахон ҳожи онанинг умр йўлдошлари Одилжон отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Шоирахон ҳожи онага, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz