Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
— Роббинг ким?
— Аллоҳ.
— Пайғамбаринг ким?
— Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам.
— Дининг нима?
— Ислом дини.
Эй Аллоҳ! Бизни савол-жавоб пайтида собит қилгин!
*****
Ўнг томонга қараб ётиш тўла ором олишга, юрак фаолияти яхшиланишига, тушда бузилиш бўлмаслигига, бомдодга осон туришга сабаб бўлар экан. Энг асосийси — Суннатга амал қилингани учун савоб олинади. Набавий кўрсатмалар бахт-саодат омилидир.
*****
Сабр - ҳаётнинг “қулоғи”га: “Модомики, Аллоҳ мен билан бирга экан, ҳаргиз енгилмайман” деб шивирлашингдир.
Ховатир роқия журнали”
*****
Эҳтимол, золим зулм билан кўп нарсага эга бўлар. Лекин мазлумнинг дуоси билан ҳамма нарсасидан ажралади.
“Ховатир роқия журнали”
*****
Агар ёлғиз турганимда насиҳат қилсангиз, чиндан насиҳат қилган бўласиз. Агар кўпчиликнинг ичида насиҳат қилсангиз, шарманда қилган бўласиз.
*****
Одам боласига ажабланаман:
Молнинг барчасини тўплайди. Кейин барчасини дунёда қолдириб кетади. Кейин охиратда барчаси учун ҳисобга тортилади.
*****
Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Тавозеъ олийжаноб инсонларнинг хулқларидандир. Такаббурлик пасткашларнинг иллатларидандир. Тавозеъ муҳаббатнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Қаноат роҳатнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади».
*****
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу қуллари билан бирга овқатланарди. Танимаган одам у кишини қуллари орасидан ажрата олмасди.
*****
Оқила аёл эрига айтадиган ҳар бир гапига шакар қўшиб гапиради.
Оқила аёл эрига айтадиган ҳар бир гапидан тузни олиб ташлаб гапиради.
“Ховатир роқия журнали”
*****
Агар бир инсоннинг хулқини билмоқчи бўлсанг, раҳбарлари билан қандай муомала қилишига эмас, балки, ўзидан қуйироқдагилар билан қандай муомала қилишига қара!
*****
Ким яхши кўрганидан хабар олмоқчи бўлса, унинг учун масофаларнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ.
“Ховатир роқия журнали”
*****
Уч нарса ҳаётга бўлган қарашингизнинг ўзгаришига сабаб бўлади:
*****
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу дедилар: “Агар қалбларимиз пок бўлганда, Роббимизнинг Каломига тўймаган бўлардик”.
*****
Одамлар ҳақида ҳукм қилишга шошилма! Агар шошилиб ҳукм қилсанг, азиз кишига зулм қилиб, арзон кимсанинг қадрини кўтариб қўясан.
*****
Инсонларнинг барчасини рози қилиш етиб бўлмас орзудир. Шундай экан, бор ғаминг Роббингни рози қилиш бўлсин!
*****
Биласизми...
Жанубий Африканинг Кейптаун шаҳрида табарруотлар (хайр-садақалар) билан тўла кўча бор. Ҳар қандай муҳтож киши қийналмасдан олиши учун одамлар кийимларини ва поябзалларини йўл четига осиб қўйишади.
“Ховатир роқия журнали”
*****
— Дада, анавилар ахлатчиларми?
— Йўқ, болам. Ахлатчилар бизмиз. Улар эса кўчаларни биз ташлаган ахлатлардан тозаловчилардир.
*****
«Ие, манавининг бурни пучуқ экан», «Бўйни қара, найнов эканми», «Мана бу одам пакана экан»...
Кимнинг устидан куляпсиз?! Махлуқнинг устиданми ёки Холиқнинг устиданми?!
*****
Биласизми...
Агар сиз бургутнинг кўзидек кўзга эга бўлганингизда, ўн қаватли бинонинг баландлигидаги томдан туриб ердаги чумолини кўришга қодир бўлар эдингиз.
“Ховатир роқия журнали”
*****
Тананинг касаллиги оғриқлар биландир. Қалбларнинг касаллиги гуноҳлар биландир. Тана касал бўлган пайтда таомнинг мазасини сезмаганидек, гуноҳлардан қорайган қалб ибодат ҳаловатини сезмайди.
*****
«Каҳф» сурасидан олинган ибрат
Бас, яхшилик, хайрият Аллоҳ таоло ихтиёр қилган нарсададир!
*****
— Барча томонлари берк тўрт девор орасида бўлганимда, ризқим қаердан киради?
— Ўлим фариштаси кирадиган жойдан!
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мактабимизда буфет бўлар эди. Ўша тарафдан ажойиб ҳидлар келардида ўзиям... Чўнтагимизда беш-ўн тийин пулимиз бўлса, катта танаффус бўлди дегунча ўша ёққа югурардик. Кулча, «қуш тили», икрали нон 5 тийин эди. Майизли булочка 10 тийин. «Трубочка» – 15 тийин. Иссиқ овқат учун 20 тийин керак эди. Бунча пул менда камдан-кам бўларди. Шунинг учун кўпинча, кулча ёки усти шакарли, тил шаклидаги «қуш тили» олар эдим.
Буфетимизда иккита аёл галма-гал ишларди. Бири, қўполлиги учун ҳамма ёмон кўрадиган – Шарофат опа (исм ўзгартирилди), иккинчиси жуда мулойим, болаларга меҳрибон, кичкинагина фариштасифат, татар аёли – Ҳадия опа эди. Бу аёл бизнинг қўшнимиз Карим аканинг аёли эди. Икковларини ҳам Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.
Патнисда тахланган «қуш тили» ҳар хил бўлар эди. Орасида қийшиқ ёки чети куйганлари ҳам бўлар эди. Шарофат опадан оладиган бўлсам, негадир, «қуш тили»ларнинг орасидан энг ёмонини танлаб олиб берар эди. Индолмасдим...
Ҳадия опа эса, навбатда болалар кўп бўлишига қарамасдан, эринмай, «қуш тили»ларнинг орасидан энг яхшисини танлаб, жилмайиб берар эдилар. Ҳаммага ҳам шундай қилардилар. Бир куни онамга шуни айтдим.
– Ҳадия опа жуда яхши хотин-а, ойи?
– Ҳа, яхши аёл. Нега унақа деяпсан?
– Нарса олсам доим энг яхшисини олиб берадилар. Шарофат опа эса, энг ёмонини танлаб берадилар.
Онам бирпас ўйлаб туриб:
– Бир кунда патнисдаги ўша «қуш тили»ларнинг ҳаммаси сотиб бўлинадими? – деб сўрадилар.
– Ҳа, тўртинчи соатдан кейин борсам битта ҳам қолмаган бўлади.
– Қара, Шарофат опа ҳар бир болага патнисдаги «қуш тили»ларнинг энг ёмонидан бошлаб сотиб тугатади. Ҳадия опа эса ҳар бир болага энг яхшисидан бериб тугатади. Ўша қийшиқ «қуш тили» ҳам қолиб кетмайди. Тўғрими? Иккови ҳам бор «язик»ларнинг ҳаммасини сотиб тугатишади. Лекин, биттаси «ёмон хотин» деб танилади. Ҳамма уни ёмон кўради. Иккинчиси эса, «яхши хотин» бўлиб танилади. Ҳамма уни яхши кўради. Энди ўзинг хулоса қил, болам....
Онам раҳматлининг мана шу гаплари менга зўр дарс бўлган. Биров билан олди-берди қилаётганимда доим шу қоидани эслайман. Дўконимда иккита бир хил маҳсулотнинг энг яхшисини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Иккинчиси ҳам қолиб кетмайди. Бир одамга иккита нарсадан яхшироғини берган бўламан. Иккинчисига эса, қўлимдаги борини берган бўламан.
Айниқса, пул олди-бердисида шундай қилсангиз, ҳаммага ёқади. Дейлик, бировга икки миллион сўм беришингиз керак. Сизда ҳар хил миқдордаги қоғоз пуллар бор. Минг сўмликдан то 200 минг сўмликкача. Мижоз кўриб турибди. Сиз унга пулларингиз орасидан энг йиригини, уларнинг ҳам орасидан ҳолати энг янги бўлганини беришга одат қилинг. Шунда рўпарангиздаги инсонда бу ишингиз билан жуда яхши таассурот қолдирасиз. Эски пулларнинг ҳам жойи чиқади, албатта. Ишлатилмай қолиб кетмайди.
Шу қоидага бир амал қилиб кўринг-а!
Шоолим Шомансуров
«Ҳилол» журнали 4(61) сон