Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Самарқанд давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилган “Имом Бухорий маънавий мероси ва ҳозирги замон” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияга ташриф буюрган Қирғиз-Турк Манас университети ректори профессор Сабаҳиддин Балжи жаноблари куннинг иккинчи ярмида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабига ташриф буюриб, бу ерда олиб борилаётган ишлар ва яратилган шарт-шароитларни кўриб юртимизда диний соҳада олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берди.
Бу ишларнинг бошида турган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга тасаннолар айтди. Шундан сўнг, мартабали меҳмон Имом Бухорий мажмуасида бўлиб, буюк муҳаддис бобомизни қабрини зиёрат қилиб қуръон тиловат қилди.
Сабаҳиддин Балжи ташрифи давомида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида илмий ходимлар иштирокида учрашув ташкил этилди. Меҳмон марказда олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари ва марказ қўлёзмалар хазинаси билан танишди. Дўстона ўтган учрашувда Балжи “Мен Ўзбекистонга келишни бир неча йиллардан бери орзу қилар эдим. Мен аслида математик олимман. Мен ўз илмий ишим давомида сизнинг бобонгиз Маҳмуд ал-Хоразмий ҳаёти ва илмий меросини кўп ўргандим ва унинг бу дунё аҳли учун қанчалик катта иш қилганлигини жуда яхши биламан. Мен бу ўзбек диёридан яна кўплаб олимлар ҳаёти ва тарихини ўқиган пайтларимда шу юртни бир бориб кўриш насиб қилармикан деган тасаввурда эдим. Аллоҳга шукрки мана бу Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимларининг саъйи ҳаракатлари туфайли мен бугун азалий орзуимга эришдим. Сиз жуда ҳам буюк аждодларнинг меросхўрларисиз. Ишонаманки боболарингизнининг илмий меросларидан фойдаланиб бу дунёга, илм аҳлига катта илмий ютуқларни олиб чиқасиз” деди.
Шунингдек, Балжи жаноблари яқин келажакда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан барча соҳаларда доимий алоқа ўрнатилишига тайёрлигини маълум қилди.
Учрашув сўнгида меҳмонларга марказ илмий ходимлари томонидан тайёрлаб нашр этилган китоблар совға қилинди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Мадина шаҳрида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ бўлган бир неча ўнта муқаддас жойлар мавжуд. Улардан бири — Бану Унайф масжиди бўлиб, у Кубо масжидидан жанубий-ғарбий томонга, ал-Уъсба маҳалласига 500 метрдан яқинроқ бўлган масофада жойлашган.
IQNA ахборот агентлиги Саудия Арабистонининг “VAS” агентлигига таяниб хабар беришича, ушбу тарихий масжид ўз номини Кубо аҳли билан иттифоқчи бўлган Бали қабиласининг тармоғи — Бану Унайф қабиласи номи билан атаган.
Баъзи тарихчилар ушбу масжидни ”Ас-Субҳ” ёки “Ал-Мусаббаҳ” номлари билан ҳам билишади. Масжид ўзининг асл ва содда меъморчилиги билан танилган: у қора тусли вулқон тошларидан қурилган ва унинг том қисми йўқ. Масжид майдони тахминан 37,5 квадрат метрни ташкил қилади.
Мадина минтақасини ривожлантириш бошқармаси томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ жойларни сақлаш ва Саудия Арабистонидаги “Нигоҳ – 2030 дастури” мақсадларига мувофиқ равишда ушбу масжид капиталь таъмирдан чиқарилди.
Бану Унайф масжиди маданий ва диний туризм лойиҳаларига киритилган бўлиб, Мадина минтақасини ривожлантириш бошқармаси уни амалга оширишни назорат қилмоқда. Бу эса зиёратчиларни Мадинадаги тарихий ва диний жойлар билан таништиришга қаратилган комплекс ёндашувнинг бир қисми саналади.
Манбалар асосида
Илёс Аҳмедов тайёрлади