Жорий йил 28 июнь – 10 июль кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили, Тошкент вилоятидаги Зангиота туманида жойлашган “Абу Бакр Сиддиқ” жомеъ масжиди имом-хатиби Нурилла Мавлонов Россиянинг Урал федерал округидаги Свердловск, Челябинск, Курган ва Тюмен вилоятлари бўйлаб амалий сафари давомида ушбу ҳудудларда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ҳамюртларимиз ва ўзбекистонлик талабалар билан учрашувлар ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Қурбон ҳайити куни Свердловской вилоятининг Верхняя Пишма шаҳрида, кейинги икки жума намози кунлари Екатеринбург ва Тобольск шаҳарларидаги жомеъ масжидларида ўзбекистонлик диний уламонинг маърузалари тингланди.
Мамлакатимиз Бош консуллигида Урал тоғ-кон университети ва Урал федерал университетида таҳсил олаётган талабаларимиз билан маънавий-маърифий суҳбат ҳам ўтказилди.
Сафар доирасида Иккинчи жаҳон уруши даврида Свердловск вилоятининг Невьянск шаҳридаги қурол-аслаҳа ишлаб чиқарувчи заводларида “меҳнат армияси” сафида хизмат қилиб, турли сабаблар билан вафот этган ҳамюртларимизнинг жамоавий қабри зиёрат этилиб, Қуръон тиловат қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакилининг Қуръони карим ва Пайғамбаримиз ҳадисларига асосланган, Ватанга муҳаббат, ота-она ва фарзанд ҳамда рафиқага муносабат борасидаги миллий ва диний ижтимоий одоблар билан йўрғаланган маърузалари ватандошларимизда катта таассурот қолдирди.
Учрашувлар савол-жавобларга бой бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов (қароргоҳи Ар-Риёз шаҳрида жойлашган) Баҳрайн адлия, ислом ишлари ва вақф вазири Наввоф бин Муҳаммад ал-Муовида билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Вазир мулоқот аввалида Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан олимларнинг Ислом тамаддунига ҳисса қўшган ҳиссасини, мамлакат томонидан диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътибор, ёш келажак авлод учун яратилаётган имкониятлар таҳсинга сазовор эканини таъкидлади. Унинг айтишича, Имом Бухорий, Имом Термизий, ал-Хоразмий, Фаробий, Замахшарий каби Ислом оламида юксак обрў-эътибор топган олимларнинг мероси дунё мусулмонларининг умумий бойлигидир.
– Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро илмий-амалий конференциялар нафақат ўзбек халқи, балки бутун Ислом умматига хизмат қилмоқда. Баҳрайн Ислом меросини ўрганиш бўйича ўзбек томони билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва илмий изланишларни биргаликда амалга оширишга тайёр", – деди адлия, ислом ишлари ва вақф вазири Наввоф бин Муҳаммад ал-Муовида.
Мулоқот чоғида Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросимида Баҳрайн делегацияни иштирокини таъминлаш, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, икки мамлакат илмий марказлар ўртасида алоқаларни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Баҳрайн ўртасида адлия, Ислом ишлари ва вақф соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, биргаликда илмий-амалий ишларни ташкил этиш мақсадида масъул ходим тайинлаш таклифини қўллаб-қувватладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати