Бадавий билан суҳбат
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбаи муаззамани тавоф қилаётиб, бир саҳройи кишининг “Ё Карим!” деганини эшитдилар ва унинг сўзини такрорладилар. Саҳройи киши Мезоб томонга ўтиб яна: “Ё Карим!” – деган эди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам “Ё Карим!” – дедилар. Шунда саҳройи киши у зотга қараб: Эй гўзал юз, кўркам қомат соҳиби! Мени масхара қилмоқчимисан? Аллоҳга қасам, бир мўмин банда бўлмаганингда эди, сен тўғрингда Муҳаммадга (алайҳиссалом) шикоят қилардим. У зот табассум қилдилар ва: Пайғамбарингни танийсанми? – дедилар.
Саҳройи киши: – Йўқ, – деб жавоб берди.
– Унда қандай қилиб имон келтиргансан?
– Уни кўрмаган бўлсамда, пайғамбарлигига имон келтирдим ва етказганларини тасдиқладим.
Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини таништирдилар. Саҳройи киши ҳаяжонини яширолмади. Хижолат чекиб, Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини ўпмоқчи бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шошма, эй мўмин банда, ажамлар ўз подшоҳларига шундай муомала қилишади. Мутакаббирлик менга хос эмас. Аллоҳ мени башорат бергувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборган”, дедилар.
Барчага табассум қилардилар
Жарир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ишончларини қозонган, у зотнинг ҳузурларига тўсиқсиз кира олар эди. Набий алайҳиссалом Жарир розияллоҳу анҳуни ҳар кўрганларида табассум қилардилар. Бу ҳақда Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен мусулмон бўлганимдан кейин қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган бўлсам, албатта юзимга табассум билан қараганлар” (Имом Бухорий ривояти).
Сўнгги табассум...
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Абу Бакр Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдинги беморликларида одамларга намоз ўқиб берар эди. Токи, душанба куни келиб, улар намоз сафида турганларида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужранинг пардасини очдилар ва тик турган ҳолларида бизга назар сола бошладилар. Юзлари худди мусҳафнинг варағига ўхшаш эди. Сўнгра табассум ила кулимсирадилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Бир ўтириб, яшаб ўтган шунча йиллик ҳаётимизда бошдан кечирган ғам-ғуссаларимиз ҳақида фикр юритиб кўрсак, қайғулар икки хил эканини кўрамиз:
Биринчиси – ўша пайтда кўзимизга катта кўриниб, ҳатто йиғлашимизга сабаб бўлган қайғуларимиз. Лекин вақт ўтиши билан улар аслида оддий нарса экани, йиғлашга арзимаслиги маълум бўлади. Баъзан ўша кунларни эслаганимизда кулгимиз келиб, «Шу арзимас нарса учун ҳам сиқилиб, йиғлаб юрган эканманми? У пайтларда анча ёш бўлган эканмиз-да», деб қўямиз.
Иккинчиси – ҳақиқатдан ҳам катта мусибатлар. Баъзилари ҳаётимизни зир титратган. Бу қайғулар ҳам ўтиб кетади, лекин ўчмайдиган из қолдириб кетади. Бу излар узоқ йилларгача қалбга оғриқ бериб тураверади. Бу қайғулар баъзан тўхтаб, баъзан ҳаракатга келиб, янгиланиб турадиган вулқонга ўхшайди. Бундай ғам-қайғуларнинг яхши тарафи шундаки, улар ҳаётда ҳам, охиратда ҳам яхшиликларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Улар қалбимизда ўчмас из қолдирса, ҳар эслаганда кўзларимизда ёш қалқиса, энг асосийси – ўшанда дуога қўл очиб, сабр билан туриб бера олсак, кўп-кўп яхшиликларга, ажр-савобларга эга бўламиз. Ғам-қайғу янгиланиши билан яхшиликлар ҳам янгиланиб бораверади.
Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.
Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).
Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.
Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».
Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.
Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.