Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Март, 2026   |   23 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:22
Қуёш
06:40
Пешин
12:38
Аср
16:40
Шом
18:30
Хуфтон
19:42
Bismillah
12 Март, 2026, 23 Рамазон, 1447

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилган ҳолатлар

15.11.2018   11391   2 min.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилган ҳолатлар

Бадавий билан суҳбат

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбаи муаззамани тавоф қилаётиб, бир саҳройи кишининг “Ё Карим!” деганини эшитдилар ва унинг сўзини такрорладилар. Саҳройи киши Мезоб томонга ўтиб яна: “Ё Карим!” – деган эди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам “Ё Карим!” – дедилар. Шунда саҳройи киши у зотга қараб: Эй гўзал юз, кўркам қомат соҳиби! Мени масхара қилмоқчимисан? Аллоҳга қасам, бир мўмин банда бўлмаганингда эди, сен тўғрингда Муҳаммадга (алайҳиссалом) шикоят қилардим. У зот табассум қилдилар ва: Пайғамбарингни танийсанми? – дедилар.

Саҳройи киши: – Йўқ, – деб жавоб берди.

– Унда қандай қилиб имон келтиргансан?

– Уни кўрмаган бўлсам­да, пайғамбарлигига имон келтирдим ва етказганларини тасдиқладим.

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини таништирдилар. Саҳройи киши ҳаяжонини яширолмади. Хижолат чекиб, Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини ўпмоқчи бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шошма, эй мўмин банда, ажамлар ўз подшоҳларига шундай муомала қилишади. Мутакаббирлик менга хос эмас. Аллоҳ мени башорат бергувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборган”, дедилар.

Барчага табассум қилардилар

Жарир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ишончларини қозонган, у зотнинг ҳузурларига тўсиқсиз кира олар эди. Набий алайҳиссалом Жарир розияллоҳу анҳуни ҳар кўрганларида табассум қилардилар. Бу ҳақда Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар: Мен мусулмон бўлганимдан кейин қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган бўлсам, албатта юзимга табассум билан қараганлар” (Имом Бухорий ривояти). 

Сўнгги табассум...

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Абу Бакр Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдинги беморликларида одамларга намоз ўқиб берар эди. Токи, душанба куни келиб, улар намоз сафида турганларида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужранинг пардасини очдилар ва тик турган ҳолларида бизга назар сола бошладилар. Юзлари худди мусҳафнинг варағига ўхшаш эди. Сўнгра табассум ила кулимсирадилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Интернет замонида отанинг фарзандига қилган васияти

12.03.2026   3423   3 min.
Интернет замонида отанинг фарзандига қилган васияти

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Эй фарзанд! Рақамли олам шунчаки экранлардан иборат эмас. У – эркакларнинг ғурури ва қизларнинг ҳаёси синовдан ўтадиган ҳақиқий имтиҳондир. Шунинг учун бу сўзларни қалбинг билан ўқи.


Эй фарзанд! Google, Facebook, Twitter ва WhatsApp – чуқур денгизга ўхшайди. Унда кўп инсонларнинг ахлоқи йўқолди, кўп ақллар ҳалокатга учради!


Эй фарзанд! Унинг тўлқинлари кўп қизларнинг ҳаёсини ютиб юборди ва кўп инсонлар ҳалок бўлди. Шунинг учун у ерда асалари (арилар) каби бўл, фақат пок нарсага қўн, ўзингга ва бошқаларга фойда келтир.

Чивин (ёки пашша) каби бўлма, у қаерда касаллик бўлса, ўша ердан уни тарқатади!


Эй фарзанд! Интернет – катта бозор. Бу ерда ҳеч ким ўз “товарини” бепул бермайди. Ҳар ким бирор нарса эвазига ҳаракат қилади. Огоҳ бўл!

Баъзилар ахлоқни бузишни истайди.

Баъзилар шубҳали ғояларни тарқатади.

Баъзилар эса фақат машҳурлик излайди.

Шунинг учун ҳар бир “товарни” яхшилаб текширмасдан олма.

 

Эй фарзанд! Номаълум ҳаволаларни (линкларни) очишдан сақлан. Чунки уларнинг баъзиси тузоқ бўлиши мумкин: хакерлик, маълумот ўғирлаш, зарар ва ҳалокат.

 

Эй фарзанд! Латифалар ва ёлғон хабарларни тарқатма. Ҳаром ишларга оид “copy-paste” қилишдан ҳам эҳтиёт бўл.

Чунки сен интернетда савоб ва гуноҳ билан савдо қилаётганингни унутма.

 

Эй фарзанд! Изоҳ ёзиш ёки бирор нарсани улашишдан олдин ўзингдан сўра: “Бу иш Аллоҳни рози қиладими ёки ғазаблантирадими?”.

 

Эй фарзанд! Кўзинг билан кўрмаган одамингни дўстлигига ишонма. Фақат ёзганларига қараб инсонларга ҳукм чиқарма. Чунки кўпчилиги ниқобланган! Ҳақиқат шуки: “Уларнинг суратлари сохта бўлиши мумкин, ахлоқи жозибали кўриниши мумкин. Улар ниқоб тақади ва “ростдек кўриниб ёлғон гапиради”. Шунинг учун зоҳирга алданма”.

 

Эй фарзанд! Сохта исмлардан эҳтиёт бўл. Чунки уларнинг эгалари кўпинча ўзларига ишонмайди.

Ўзига ишонмаган одамга сен ҳам ишонма.

 

Эй фарзанд! Сени ранжитганни сен ҳам ранжитма.

Чунки сен ўз ахлоқингни намоён қиласан, у эса ўз табиатини кўрсатади.

Ҳар бир идиш ичидаги нарса билан тошади.

Гўзаллик жавобда эмас, тилингда!

 

Эй фарзанд! Ёзадиган нарсангни яхшилаб ўйла. Чунки сен ёзасан, фаришталар ҳам ёзади, Аллоҳ эса ҳаммасини кўриб, ҳисобини қилади.

Шунинг учун саҳифангни Қиёмат куни сенга қарши эмас, балки сенга гувоҳ бўладиган қилиб юрит!

 

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ

Мақолалар