Мақолада Саудия Арабистони подшоҳлигида амалга оширилаётган мазкур ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда ҳаж сафари билан боғлиқ ташкилий ва хизмат кўрсатиш борасидаги ишлар тубдан такомиллаштирилаётгани қайд этилган. “Жумладан, илгари бир неча йиллар мобайнида ҳаж квотаси 5200 нафар бўлган бўлса, 2019 йилга келиб, бу кўрсаткич 7200 нафарга етди, 2022 йилда эса 12000 нафарни ташкил этди. Жорий йилда эса бу кўрсаткич 15 минг нафардан ошди. Албатта, келгусида бундан ҳам кўп ўзбекистонликларни муқаддас ҳаж зиёратига жўнатиш устида ишлар олиб борилмоқда”, деб ёзади “Swift News”.
Мақолада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан республиканинг мавжуд 14 ҳудудида ҳаж марказлари ташкил қилиниши ва 2030 йилга қадар ҳажга борадиган фуқаролар сони босқичма-босқич 24 минг нафарга етказилиши, умра сафарига борувчи зиёратчилар сонини белгилаш бўйича квота олиб ташлангани натижасида ўтган бир йил давомида 100 мингга яқин зиёратчи умра амалларини адо этгани ҳам маълум қилинган.
“Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатларнинг янги даври бошланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил август ойида икки Муқаддас Масжид ходими, Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд таклифига биноан, давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлгани ҳамда Президент Шавкат Мирзиёев ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд кенг қамровли шериклик тўғрисидаги Қўшма баёнотни имзолагани, ҳукуматлар ва вазирликлар ўртасида 15 та ҳужжат қабул қилингани давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди. Ўзаро муносабатларни ривожлантириш йўлида кўплаб истиқболли режалар амалга оширилаётгани ҳисобга олинар экан, Ўзбекистон-Саудия Арабистони ҳамкорлиги келгусида янада мустаҳкамланиб боравериши тайин”, деб ёзади “Swift News” электрон нашри.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Мадинаи мунаввара шаҳридаги «Zamzam Pullman» меҳмонхонасида бўлиб турган зиёратчилар билан суҳбатлашдилар. Юртдошларимиздан соғликлари, кайфиятлари, ибодатларини қандай адо этаётганлари, меҳмонхонадаги шароитлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини сўрадилар.
Бўлажак ҳожилар зиёрат ва ибодатларни бекаму кўст адо этишлари учун кўрсатилаётган хизматлардан ниҳоятда мамнунлигини билдиришди. Айниқса, меҳмонхона Ҳарами шарифга жуда яқинлиги ёши улуғ кишилар учун ҳам қулай бўлаётгани, беш маҳал намозни Масжиди Набавийда адо этишнинг шукуҳи ҳақида сўзладилар. Малакали имом-хатиблардан ташкил топган элликбошилар, ишчи гуруҳи, шифокорлар туну-кун шай туришганини алоҳида эътироф этишди.
Муқаддас заминда тоат-ибодатларини хотиржам бажараётган зиёратчилар яқинлари, оила аъзолари қаторида тез-тез эл-юртимиз, давлатимиз раҳбари ва бошқа мутасаддилар ҳақларига дуолар қилиб, офият ва фаровонлигимиз бардавомлигини Аллоҳдан сўрашмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати