Ақида – эътиқод масаласи динимизнинг ўзаги ҳисобланади. Барча амалларимизу ибодатларимизнинг Аллоҳ ҳузурида қабул бўлиши айнан эътиқодимизнинг тўғрилигига боғлиқдир. Агар ақида нотўғри ёки бузуқ бўлса, Аллоҳ сақласин, амалларнинг қабул бўлишини умид қилмаса ҳам бўлаверади.
Диний эътиқод мустаҳкам ақида устига қурилмас экан, унинг натижаси залолатдан бошқа нарса бўлмайди.
Фарзандларимизнинг имон-эътиқоди борасида Охиратда – Аллоҳ таолонинг ҳузурида масъулмиз! Аллоҳ таоло ҳар бир мўминга хитоб қилиб, шундай буюрган:
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)” (Таҳрим сураси 6-оят).
Киши ўзини ва оила аъзоларини дўзахдан сақлаши – энг аввало соғлом ва мустаҳкам эътиқод билан бўлади. Аллоҳ таолога ширк келтирган ёки имонида шубҳада бўлган кимса Охират диёрида нажот тополмайди.
Шундай экан, ўзимиз динда билишимиз ва эътиқод қилишимиз зарур бўлган илмларни ўрганиб, фарзандларимиз ва аҳли оиламизга ўргатишимиз лозим! Фарзандларимиз қалбида Ислом ақидасини мустаҳкам сингдиришимиз даркор! Мана шунда уларга турли хуружлар таъсир қилолмайди. Келажак авлодимиз учун хатарга айланаётган – миссионерлик, даҳрийлик, бесуннатлик (ҳадисни инкор қилувчилар) каби тоифа тарафдорларининг қарашлари ва шубҳалари уларни йўлдан оздиролмайди!
Ҳозирда ақидамизни ўрганиш учун барча шароитлар мавжуд. Хусусан Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ тартибга солган – Аҳли сунна вал жамоа эътиқоди бўйича кўплаб китоблар ёзилди, таржималар қилиб, нашр этилди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ушбу ишлар уламоларимиз томонидан изчил давом эттирилмоқда.
Қолаверса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ақида илми бўйича юртимиздаги ишончли уламоларнинг силсилавий дарслари ижтимоий тармоқлар орқали жойлаб борилмоқда. Бизга ушбу дарсларни тинглаш ёки ёзилган асарларни оила даврасида ўрганишимиз қолди холос.
Соғлом эътиқодни оёқости қиладиган ва муқаддас динимизни ўз манфаати йўлида қурол қилиб олган кимсалар борлиги бугун барчамизни ташвишга солмоқда.Маълумки, ақидапараст ва бузғунчи кучлар халқ рухиятини ичдан емириб, ҳалокатга бошлайди. Жамиятнинг ҳамжихатлигини бузади, халқни жар ёқасига олиб боради. Диний тушунчалардан усталик билан фойдаланиб,одамларга унинг асл моҳиятини бузиб кўрсатади. Шунингдек халқнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, оммани норозилик кайфиятида тарбиялайди. Ёшларни эса алдов йўли билан ўзининг жирканч қуролига айлантириб, жувонмарг қилади.
Интернет айниқса, ёшларни соғлом эътиқодига тажовуз қилувчи манбалар маконидир. У ерда ўзларини “дўст сановчи” ёки “ҳидоятга бошловчи” қилиб кўрсатувчилар кўп. Аслида уларнинг дин илмидан хабарлари йўқ. Ўз раҳнамоларидан эшитганларини такрорлашдан нарига ўтмайдилар. Улар ўз жоҳилликлари билан бошқаларни ҳам жарга етаклайдилар.
Абдуллоҳ ибн Муборак (раҳимаҳуллоҳ): “Дин-бу илмдир, уни кимдан олаётганларингизга қаранг ”, - деган.
Эътиқод илмини яхши билмаслиги боис инсоннинг ақидаси ноқис бўлиб қолади.Ислом дини таълимотига кўра, агар ақида бузуқ, эътиқод ботил бўлса, кишининг амали беҳуда кетади ва ўзи залолат ботқоғига ботади.
Қайси жамиятда кишилар эътиқоди соф бўлса, ўша жойда тинчлик мустаҳкам бўлади.Аксинча, бузуқ эътиқодли кишилардан-да хавфли одам бўлмайди, ундайлар ҳар қандай пасткашликка тайёр туради.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўлган ҳақ йўлида бўлишимизга муваффақ этиб, ақидада адашишдан, турли фирқаларга бўлинишдан паноҳида асрасин!
Интернет манбалари асосида
Янгийўл туман “Имом Султон” жоме масжиди имом хатиби
Одилжон Нарзуллаев тайёрлади
Одамларга аслий ҳолатингиздан-да гўзал муомалада бўлинг. Зеро, зулм умрни қисқартиради. Биз атрофимиздагиларга зулм қилиб, ҳақларига риоя қилмаганимиз учун ҳам уларни йўқотамиз. Ўз ҳисоб-китобларимизни уларнинг камчиликлари устига қурамиз, лекин улардаги олийжаноб фазилатларни унутамиз. Уларни батамом айбсиз бўлишларига талабгормиз, шунингдек, “одам боласи хатодан холи бўлмайди” деган гапни далил қилиб ўзимизни оқлаймиз.
Мабодо одамлар сизни тошбўрон қилсалар ҳам, бу тошларни тўплаб, бирор-бир уйни таъмирлаш учун ишлатинг. Агар сизни гуллар билан қарши олсалар, гулдасталарни сизга таълим берган ва ночор пайтингизда қўлингиздан тутганларга улашинг.
Аввал Аллоҳга ишонинг, кейин эса ўзингизга. Айбларингизни тан олинг. Ишонинг, агар сиз ўша айбларингиздан халос бўлсангиз, орзуларингизнинг рўёбга чиқишига бир қадам қолади... Ўз хатоларингизни ёдингизда тутинг, дўстларингиз, яқин қариндош-уруғларингизни атрофингизда сақлаб қолишни истасангиз, уларнинг хатоларини эсингиздан чиқаринг. Билингки, ҳақиқий саодат киши бошқаларнинг айбини қўйиб, ўз айблари билан овора бўлишидадир.
Борди-ю, бирорта ишда муваффақиятни қўлга киритсангиз, ғурурланиб кетманг! Зеро, Аллоҳ азза ва жалла бу борада Нажм сурасининг 32-ояти каримасида: “...Шундай экан ўзингизни оқламанг, У ким тақводорлигини яхши биладир”, дея марҳамат қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам камтарликка тарғиб қилиб: “Аллоҳ таоло менга сизларнинг камтар бўлишингизни ваҳий қилди. Тоингки, бирорта одам бошқанинг олдида фахрланмасин ҳам, зулм ҳам қилмасин”,[1] дедилар.
Йиқилганингизда “одамлар атайлаб чоҳ қазиб қўйган” деган номаъқул хаёлни миянгиздан чиқариб ташланг. Аксинча, қайта туришга ҳаракат қилинг. Қаддингизни ростлаб олсангиз-да, ўзингиз каби йиқилганларга ёрдам қўлини чўзинг, ўзларини тиклаб олишларига кўмаклашинг. Ҳаёт йўлларининг пасту баландларига, машаққатларига сабрли бўлинг, кўзингизни каттароқ очинг ва ақлингизни йиғинг.
Душманингиз устидан ғалаба қозонсангиз-да, унинг омадсизлигидан қувонманг. Киши бошига мусибат келса, ҳеч бўлмаса дуо билан ҳамдард бўлинг. Аллоҳ таоло Шуро сурасининг 43-оятида бундай марҳамат қилади: «Шубҳасиз, ким сабр қилиб кечирса, албатта, бу мардлик ишларидандир». Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бундай деб дуо қилардилар: “...Аллоҳ, ҳасадгўй душманни менинг мағлубиятим сабаб қувонтирма”.
Қаноат ҳамда дангасалик, иззат ҳамда ғурур ва тавозеъ билан хорлик орасини жамлай олмайсиз. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ учун тавозеъли бўлса, Аллоҳ унинг мартабасини кўтаради, охир бориб иллийиннинг энг чўққисига олиб чиқади”, дея камтар бўлишга тарғиб қилганлар.
Ўзингиз учун бир солиҳ кишини дўст тутинг ва уни асраб-авайланг. Бу борада Расулуллоҳ соллаллҳу алайҳи васаллам: “Киши ўз қадрдон дўстининг динида бўлади, шундай экан ҳар бирингиз ким билан дўст тутинганига бир назар ташласин!” дедилар. Солиҳ дўстингизни майда-чуйда нарсалар билан итоб қилаверманг, унинг янглишишларига аҳамият берманг, ахир, тамоми камолот сифатига эга бўлиш фақат Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзигагина хосдир.
Одамлар билан хусуматлашманг. Чунки беҳуда тортишувлар дўстлик арқонини узиб, руҳиятлар орасида тўсиқ пайдо қилади. Солиҳ кишиларнинг ичи тор бўлмайди, аксинча, улар кўнглини кенг қиладилар ва бошқаларнинг айбларини кўтарадилар. Одамларнинг ёмонликларини хотирангиздан ўчириб ташланг ва уларнинг яхшиликларини ёдингизда тутинг.
Сизга тааллуқли ишларда хато қилганларга ҳам бағрикенг бўлинг, уларни “бир узри бордир” дея оқлашни ўрганинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бирортангиз Абу Замзамдай бўлишга кучи етмайдими?! У қачон уйидан чиқса, мен ўз обрўйимни одамларга садақа қилдим, дер эди”, деган сўзлари ҳам одамларнинг бир-бирларига айтган баъзи гаплари ёки хатолари борасида кенгфеълли бўлишга тарғибдир.
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Муслим ривояти.