Бугунги кунда диний соҳа вакилларининг аҳоли ўртасида фаоллигини, фуқароларнинг диний-маърифий соҳадаги билимларини ошириш борасида ўрни беқиёсдир. Давлатимиз раҳбари турли учрашувларда диний соҳа вакиллари бўлган имом хатиблар ва отинойиларнинг жамиятда фаол бўлишга чақирдилар. Диний соҳа вакилларининг замон билан ҳамнафас бўлишлари, доимий равишда илмларини бойитиб боришлари, инсон психологиясини яхши тушуниши улар учун ташкил этилаётган малака ошириш дарсларига боғлиқдир.
Бугун, 8 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институтида диний соҳа вакиллари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг билимларини ошириб бориш мақсадида, Тошкент вилоятида фаолият юритаётган отинойилар учун қисқа муддатли малака ошириш ўқув курслари ташкил этилди.
Ўқув машғулотларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Халқаро ислом академияси ва Тошкент ислом институтидан жалб қилинган уламолар ва профессор-ўқитувчилар олиб бормоқдалар.
Отинойилар “Қуръон тафсири”, “Оилавий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиниши”, “Исломда аёллар ҳуқуқи”, “Аёлларга хос фиқҳий масалалар”, “Исломда никоҳ ва талоқ масалалари”, “Хатоба илми” ва “Отинойилар масъулияти ва вазифалари” ва бошқа мавзулардаги маърузаларни тингладилар.
Машғулотлар маъруза, тренинг, муҳокама ва савол-жавоб тарзида ўтказилиб, отинойилар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил маълумот олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Cавол: Отам билан Мадинаи мунавварада умра учун эҳромга кириб, Маккага йўлга тушдик. Лекин йўлда ҳаво совуб кетиб, отам дўппи, куртка ва пайпоқ кийиб олишга мажбур бўлдилар. Бу ҳол Маккага етиб боргунимизча давом этди ва эҳромда умра қилиб олдик. Саволим шуки, отам кийган кийимларининг ҳар бири учун алоҳида каффорат берилиши лозим бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Эркак киши ҳаж ёки умрага эҳром боғлаганда зарурат сабабли бир нечта тикилган кийимни бир кундуз ёки бир кеча (ёки жами 12 соат)дан кам муддат кийиб юрса битта садақа – ярим соъ (2 кг атрофида) буғдой ёки унинг қийматини ҳарам чегарасида фақирларга садақа қилиши кифоя қилади.
Агар бир кундуз ё кеча (12 соат)дан кўп муддат кийиб юрган бўлса, ҳарам чегараси ичида битта жонлиқ сўйиши етарли. Кийимлар бир нечта бўлиши билан садақа ёки сўйиладиган жонлиқлар сони кўпаймайди.
Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, эркак киши эҳромдалик ҳолида совқотиб қолса, тикилган кийим кийиб олмасдан, адёлга ўхшаш бирор ёпинчиқ ўраниб олиш ёки кенг кийимни енгига қўлларини киритмасдан, елкасидан ташлаб олиш ҳам мумкин. Буни кийим кийиш деб ҳисобланмагани учун жиноят саналмайди ва каффорот ҳам лозим бўлмайди (“Камолуд дироя” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.