Кеча 2018 йил 4 ноябрь куни “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан “Меҳр-мурувват карвони” номли хайрия тадбири доирасидаги озиқ овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачалари ва диний-маърифий адабиётлар Хоразм вилоятидаги ўксик қалбларга қувонч улашиш мақсадида Урганч шаҳрига етиб келди.
Урганч шаҳридаги “Қутлуғ қадам” шодиёналар уйида Хоразм вилоятидаги кам таминланган 100 нафар оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, 15 нафар шахсга ногиронлик аравачаси, Урганч шаҳар “Имом Фахриддин ар-Розий” ислом билим юртида таълим олаётган барча талабаларга иссиқ кийим-кечаклар улашди ва ушбу билим юртининг икки нафар талабасининг шартнома пулини тўлаб берди.
Шунингдек, Хоразм вилоятидаги 4 та хонадонни таъмирлаб бериш режалаштирилди ва 50 нафар масжид имом-хатибларига диний-маърифий китоблар берилди.
Шунингдек тадбир сўнгида ЎМИ Хоразм вилояти вакиллиги ва ҳомийлар томонидан тадбирда иштирок этган ёрдамга муҳтож оилалар ва ногиронларга хайрия дастурхони ёзилиб ош тортилди.
ЎМИ Хоразм вилояти вакиллиги
Ўқув йили тугаб, ота-онани зиёрат қилиш, уларнинг хизматига бориш вақти келгач, дарслар тугаб, имтиҳонлардан фориғ бўлгач, «Энди бутунлай бўшман, илмдан фориғ бўлдим», деб тасаввур қилманг. Ота-онанинг хизматида бўлиб, дуоларини олинг. Таътил пайти ҳам сиз учун муҳим бир вақт ҳисобланади.
Ота-онангиз, ака-укангиз, опа-синглингиз, қариндош-уруғларингиз нималарни ўрганганингизга, одобингиз қандай бўлганига қизиқишади. «Ўғлимиз нималарни ўрганиб келди экан-а, устозларидан нималарни таълим олди экан» деб, ҳавас кўзлари билан қарай бошлашади. Ана шунда сиз уларни одобингиз, камтарлигингиз, хизматингиз билан хушнуд қилсангиз, нафақат ўзингизни, балки устозларингизни, нафақат устозларингизни, балки Ислом динини ҳам барчага севдирасиз.
Бунинг натижаси ўлароқ одамларда дин илмига рағбат ошиб, улар ҳам фарзандларини аҳли илм қилишга, қори қилишга шошиб қоладилар. Аксинча, намозлар қазо бўла бошласа, хулқ-атвор ёмон бўлса, «Бу бола ўқиб юриб шу аҳволда бўлса, бундан кўра ўқимаганимиз яхши экан», дейишади. Одамларнинг илм олишдан ҳафсаласи пир бўлади, устозларни ҳурмат қилмай қўйишади. Бу ҳолатда динга фойдангиз эмас, зарарингиз кўпроқ тегади. Бундай толиби илмлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин!
Бир нарсани яхши билиб олинг: сиз маконлар, ҳолатлар ўзгариши билан ўзгариб қолаверманг. Ҳолатлар сизни ўзгартирмасин, сиз ҳолатларни ўзгартиринг. Доимо истиқоматда бўлинг, сабот билан туринг. Аллоҳ таоло ҳар ҳолатда ҳам сизни кўриб турганини асло ёдингиздан чиқарманг.
«Талабалик даврини қандай ўтказмоқ керак?» китобидан