Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳо
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларида Оиша розияллоҳу анҳонинг ўзига хос ўрнилари бор эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога бўлган муҳаббатларини зоҳир қилар, махфий тутмас эдилар.
Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини Зотус салосил қўшинига қўмондон этиб юбордилар. У киши (Амр розияллоҳу анҳу) дедилар: “У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордим ва: “Инсонларнинг қайсиниси сизга маҳбуброқ?” дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Оиша” дедилар. “Эркакларданчи?” дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг отаси” дедилар. “Кейин ким?” дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кейин Умар ибн Хаттоб” дедилар. Шу тарзда (бир неча) кишиларни санадилар”.
Муттафақун алайҳ.
*****
Аёлнинг ақли ва дини ноқислигининг сабаби
«Саҳиҳайн»даги Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳунинг ҳадиси:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайити ёки Рамазон ҳайити куни намозгоҳга чиқа туриб, аёллар ёнидан ўтдилар ва: «Эй аёллар жамоаси, садақа қилинглар, чунки, мен дўзах аҳлининг кўпи сизлар эканингизни кўрдим» дедилар.
Улар «Нима сабабдан шундай, эй Расулуллоҳ?» деб сўрашди.
У зот «Лаънатни кўпайтирасизлар ва эрга нонкўрлик қиласизлар. Ақли ва дини ноқис бўла туриб, сизларнинг бирингиздан кўра эҳтиёткор эркакнинг ақлини кеткизувчироғини кўрмадим» деб жавоб бердилар.
Улар «Динимизнинг ва ақлимизнинг ноқислиги нима, эй Расулуллоҳ?» дея сўрашди.
У зот «Аёлнинг гувоҳлиги эркак гувоҳлигининг ярмига тенг эмасми?!» дея сўрадилар.
Улар «Тенг» дейишди.
У зот «Мана шу ақлининг ноқислигидандир. Аёл ҳайз кўрганда, намоз ўқий олмай, рўза тута олмай қолмасмиди?!» дедилар.
Улар «Шундай» дейишди.
У зот «Мана шу динининг ноқислигидандир» дедилар».
*****
Ким уни, яъни намозни муҳофаза қилса, намоз у учун нур, бурҳон (ҳужжат) ва дўзахдан нажот бўлади.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу
*****
Ушбу тўрт нарса биз учун яхшироқ ва боқийроқдир:
“Ховатир роқия журнали”
*****
Аллоҳнинг тақсимига рози бўлинг! Худди ҳамма нарсаси бор киши каби бўлинг! Аллоҳнинг сиз учун ёзиб қўйгани сиз хоҳлаган нарсалардан яхшироқ, латифроқдир.
“Ховатир роқия журнали”
*****
Дунё уч кун...
Шундай экан, инсонларни кечир, халқни Холиққа қўйиб бер. Мен ҳам, сен ҳам, улар ҳам, барчамиз кетувчимиз. Қалбингнинг туб-тубидан сенга ёмонлик қилганни кечир!
“Ховатир роқия журнали”
*****
Ер юзида Ислом динини илк қабул қилган инсоннинг аёл киши бўлгани аёлларнинг фахрланишлари учун етарлидир.
Бу аёл биз мўминларнинг онаси Хадийжа розияллоҳу анҳодир.
*****
Агар 30 долларлик соат тақсанг ёки 3000 долларлик соат тақсанг ҳам, барибир, бир хил вақтни кўрсатади.
Агар 30 долларлик сумкага эга бўлсанг ёки 300 долларлик сумкага эга бўлсанг ҳам, барибир, ичидаги нарса ўзгармайди.
Агар 300 метрлик уйда яшасанг ёки 3000 метрлик уйда яшасанг ҳам, барибир, ёлғизликни ҳис қилиш бир хил бўлади.
Охир-оқибат автобуснинг олди ўриндиғига ўтирсам ҳам ёки орқа ўриндиғига ўтирсам ҳам, барибир, манзилимга бир вақтда етиб боришимни тушуниб етдим.
Фарзандларимизга бой бўлишларини эмас, балки, қандай қилиб бахтли бўлишларини ўргатайлик. Ана ўшанда улар катта бўлганларида, нарсаларнинг нархига эмас, қийматига, қадрига назар соладиган бўладилар.
Қалбимизни фоний дунёга эмас, балки, абадий Охират ва Жаннатга боғлайлик!
*****
Тирикнинг ёлғизлиги — унинг ёнида бирор киши бўлмаслигидир. Ўликнинг ёлғизлиги — унинг учун бирор киши дуо қилмаслигидир.
*****
Ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай деганлар:
«Албатта, мен ташқарига, инсонларга салом беришим ва улар менга салом беришлари учун чиқаман».
*****
Атрофимиздаги шахсларнинг ҳақиқатини фақат Аллоҳ билади. Шунинг учун доимо:
“Эй Аллоҳ, менга яхшиликни раво кўрадиган кишига мени рўпара қил ва уни менга рўпара қил! Менга ёмонликни раво кўрадиган кишидан мени буриб юбор ва уни мендан буриб юбор!” деб айтинг.
“Ховатир роқия журнали”
*****
«ҚАЛБЛАР ҲАЛОЛ ЛУҚМА ЕЙИШ САБАБЛИ ЮМШАЙДИ».
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ
*****
Агар аёл ўқиб-ўрганса, турмушга чиқса, яхши кўрса, ихлосли бўлса, ҳомиладор бўлса, фарзандни дунёга келтирса, эмизса, тарбия қилса, ишласа, безовталик ва қўрқувга бардош берса, охирида буларнинг ҳаммасини ноқис ақл билан қилган бўлса!
Агар ақли ноқис бўлмаганда қандай бўларди?!!
“Ховатир роқия журнали”
*****
30 ёшларида мусулмон бўлдилар. 36 ёшларида вафот этдилар. 6 йил...
Эй Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу! Вафотингиз сабабли Раҳмоннинг Арши титраши учун ўша 6 йил мобайнида нима амал қилдингиз?!!
*****
- Менга жаннатнинг неъматларини васф қилиб бер, дея сўради.
- У ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам борлар, деди.
“Ховатир роқия журнали”
*****
Соғлом ҳолингда чириган бўйра устида ухлашинг бемор ҳолингда олтин кароват устига ётқизиб қўйилишингдан яхшидир.
«Алкалимут тоййиб»
*****
Тилдан кўра қамоқда узоқроқ сақлашга лойиқ ҳеч нарса йўқ.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу
*****
Қанча кўп гапирсанг, шунча кўп хато қилаверасан. Аммо Аллоҳни қанча кўп зикр қилсанг, гуноҳларинг ҳам шунча кўп ўчирилаверади.
Таржима қилинди
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуръони карим оятлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари асосида мусулмон уммати ота-онага оқ бўлиш катта гуноҳларнинг каттаси эканига иттифоқ қилган. Бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Келгуси сатрларда бу борада келган баъзи ҳадиси шариф ва ривоятлар билан яқиндан танишиб, бу мавзуни илмий асосда ва батафсил ўрганишга ҳаракат қиламиз.
عَنِ الشَّعْبِيِّ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ: الْإِشْرَاكُ باِللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، وَالْيَمِينُ الْغَمُوسُ».
Шаъбийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларга гуноҳи кабираларнинг энг каттасининг хабарини берайми? Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва ёлғон қасам ичиш», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам катта гуноҳларнинг энг катталаридан учтаси ҳақида хабар бермоқдалар.
Аллоҳга ширк келтириш – Аллоҳнинг хотини бор, ўғли бор, шериги бор, деган бузуқ ақийдага эътиқод қилиш дунёдаги энг катта гуноҳ ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ширкдан бошқа гуноҳнинг ҳаммасини кечишини ваъда берган. Лекин ширкни кечирмаслигини алоҳида таъкидлаб қўйган.
Ана шундай улуғ, катта, беқиёс гуноҳдан кейинги ўринда турадиган гуноҳ ота-онага оқ бўлиш экан. Ота-онанинг назаридан қолиш, дуойи бадига қолиш, уларнинг норозилигига дучор бўлиш ана шундай оғир нарса.
Шу билан бирга, бир нарсанинг ёлғонлигини билиб туриб, қасам ичиб, ўзининг фойдасига буриб кетиш ҳам энг катта гуноҳлардан биттаси ҳисобланар экан. Аллоҳ таоло булардан Ўзи асрасин.
عَنِ الْحَسَنِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَا تَقُولُونَ فِي الزِّنَا وَالسَّرِقَةِ وَشُرْبِ الْخَمْرِ؟» قَالُوا: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ. قَالَ: «هُنَّ فَوَاحِشُ، وَفِيهِنَّ عُقُوبَاتٌ، أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ؟» قَالُوا: وَمَا هُنَّ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: «الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، أَلَا وَقَوْلَ الزُّورِ».
Ҳасандан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зино, ўғирлик ва ароқхўрлик ҳақида нима дейсизлар?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчи», дейишди.
«Ўшалар фаҳш ишлардир. Уларнинг уқубати бор. Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг каттасини айтиб берайми?» дедилар. «Улар нима, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва билиб қўйинглар, ёлғон гап», дедилар».
Шарҳ: Демак, ота-онага оқ бўлиш зино, ўғирлик, ароқхўрликдан ҳам каттароқ гуноҳ ҳисобланар экан. Уларнинг бу дунёдаги уқубатлари белгилаб қўйилган. Зино қилса, тошбўрон ёки дарра уриш билан жазоланади. Ўғирлик бўлса, қўлини кесиш ёки таъзирини бериш йўлга қўйилади. Хамр ичиб қўлга тушганга ҳам дарра уриш бор.
Лекин Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва ёлғон гапдан иборат учта гуноҳларнинг уқубати бу дунёда белгиланмаган бўлиб, азоби охиратга қоладиган нарсалар экан. Шунинг учун улар жуда даҳшатли гуноҳлар ҳисобланади. Шундай экан, ҳар бир мўмин банда бу гуноҳлардан ҳазир бўлиши матлубдир.
عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ قَالَ: إِنَّ مِنْ أَكْبَرِ الْكَبَائِرِ الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، وَالْيَمِينُ الْغَمُوسُ.
Ибн Масъуддан ривоят қилинади: «Гуноҳи кабираларнинг энг каттаси: Аллоҳга ширк келтириш, ота-онасига оқ бўлиш ва ёлғондан қасам ичишдир».
Шарҳ: Албатта, бу гапни Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган бўладилар. Буни аввал ўтган ривоятлар ҳам кўрсатиб турибди.
Аллоҳга ширк келтириш, ота-онасига оқ бўлиш ва ёлғондан қасам ичиш гуноҳлари одатда маънавий жиноятлар сифатида содир бўлади. Кўпинча улар гуноҳкорнинг ўзи билган ҳолда, бошқалардан яширин қолади. Шунинг учун уларни содир этганларга шариатда маълум моддий жазо белгиланмаган. Демак, бу жиноятларнинг жазоси бутунлайича охиратга қолиб кетиши хавфи бор. Охиратнинг азобидан эса Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.