Қувонарлиси, “Ҳаж-2023” дастури доирасида квоталар сони оширилиб, вилоятдан 1 минг 648 киши Ислом оламидаги бешинчи муқаддас арконни бажариш бахтига муяссар бўлди. Ҳожиларимиз юқори шоду хуррамлик билан кутиб олинди.
– Муборак Ҳаж зиёрати ҳар бир мусулмон учун катта орзу. Улуғ сафар давомида ватандошларимиз Саудия Арабистонининг Мадина ва Макка шаҳарларида бўлиб, Ҳаж амалларини мукаммал адо этишди. Арафот тоғи, Мино ва Муздалифа водийларида ибодатлар чоғида бугунги саодатли кунлар учун шукроналар айтиб, Аллоҳдан юртимизга файзи барака, халқимизга фаровонлик, эртанги умидимиз бўлган фарзандларимиз бахти, камолини сўраб, дуолар қилишди, – дейди Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг Наманган шаҳридаги вакили Мусохон қори Аббосиддинов. – Шуни алоҳида эътироф этиш керак, Ҳаж зиёратини кўтаринки руҳда ўтказиш учун барча ташкилий чора-тадбирлар кўрилди. Ватандошларимиз икки муаззам шаҳарлардаги кўркам меҳмонхоналардан жой олишди.
– Ўттиз йилдан зиёд Наманган тумани Ровустон қишлоғидаги 34-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ бердим. Бир ўғил ва уч қизни тарбияладим. Муаллималик қилаётган икки дилбандим касбимни давом эттирмоқда, – дейди 72 ёшли кекса педагог Турсунхон ая Собирова. – 2007 йилдан бери Ҳаж зиёратига боришни орзу қилардим. Бу бахт бугун насиб қилди. Араб заминида ибодатлар пайтида асло қийинчилик кўрмадик. Президентимизнинг Саудия Арабистони подшоҳлиги билан келишувлари натижасида ўзбекистонлик ҳожиларга юксак савияда муносабатда бўлишди, барча имкониятлар ҳозирланди. Ҳаждан қайтган инсон зиммасида ижобий томонга ўзгаришдек катта масъулият юкланади. Барча яқинларим ва маҳалладошларга панд насиҳатларимиз, эзгу фазилатларимиз билан ибрат намунасини кўрсатишни ўз олдимга мақсад қилдим.
Яхши кайфиятда юртимизга қайтган ҳожиларимиз автобусларга чиқиб, белгиланган манзилларга келиб, оила-аъзолари ва яқинлари билан дийдорлашди. Эслатиб ўтамиз, “Ҳаж-2023” дастури доирасида жорий йилнинг 14 июлига қадар ҳожиларимизни кутиб олиш мақсадида “Жидда – Наманган” йўналишида 14 та авиақатнов амалга оширилиши режалаштирилган.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳожат намози
Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг Аллоҳга ва Бани одамдан бирортасига ҳожати бўлса, яхшилаб таҳорат қилсин, сўнгра икки ракат намоз ўқисин. Кейин Аллоҳга сано ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтсин. Сўнгра: “Ҳалийму Карим Аллоҳдан ўзга ҳеч илоҳи маъбуд йўқ. Улуғ Аршнинг Роббиси Аллоҳ покдир. Оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Сендан: раҳматингни вожиб қилувчи, мағфиратингни тақозо қилувчи нарсаларни ва ҳар бир яхшиликдан ғаниматни, ҳар бир ёмонликдан саломатлик сўрайман. Менинг ҳеч бир гуноҳимни қўймай мағфират қилгин, ҳеч бир ғамимни қўймай кушойиш эт, Ўзинг рози бўлган ҳеч бир ҳожатимни қўймай, албатта чиқаргин. Ё Арҳамар Роҳимийн”, десин”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ривояти).
Аввобийн намози
Бу намоз шом намозидан кейин ўқилади ва олти ракатдир. Аввал тўрт, кейин икки ракат ёки икки ракатдан қилиб ўқилади.
Таҳажжуд намози
Кечаси бир ухлаб туриб ўқиладиган намоз “таҳажжуд намози” деб аталади. Шунингдек, бу намоз “қиём намози” деб ҳам аталади. Дастлаб бу намоз вожиб бўлган, кейин вожиблиги насх қилинган. Нафл намозларининг энг афзали таҳажжуд ҳисобланади. Чунки бу намоз ҳамма ухлаб ётган вақтда ўқилгани учун риёдан узоқ, ихлосга яқин бўлади. Бу намознинг ози икки, кўпи саккиз ракатдир.
“Суннатга мувофиқ намоз ўқинг” китобидан олинди.