“...Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир”.
(“Иброҳим” сураси, 34-оят)
Уйқу, ҳаётимизда биз учун сув ва ҳаводек жуда ҳам зарур омиллардан бири. Уйқусиз яшашни тасаввур қилиш қийин. Меъёридаги уйқу биз учун фойдали бўлиши билан бирга Яратганнинг улуғ неъматларидан бири ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Ўз каломида мазкур неъмат ҳақида шундай марҳамат қилади:
“Уйқуларингизни (баданларингиз ва асабларингиз учун) ором қилдик”. (Наба сураси, 9)
“У сиз учун кечани либос, уйқуни истироҳат қилган ва кундузни тирилиш (замони) қилган Зотдир”. (Фурқон сураси, 47)
Агар ушбу неъмат тирик мавжудодларга берилмаганда нима содир бўлар эди? Замонавий илм-фан айнан шу саволга жовоб излаш натижасида бир нечта тадқиқотлар ўтказишган ва қуйидагича хулосавий фикрларни баён этишган.
Уйқу — одам ва ҳайвонларда даврий юз берадиган физиологик ҳолат. Бунда физиологик жараёнлар бир қадар секинлашади ва тананинг, масалан марказий нерв системасининг иш қобилияти тикланиши учун энг яхши шароитлар яратилади. Уйқу ҳар бир инсоннинг зарур ҳаётий эҳтиёжидир. Инсон ҳаётининг учдан бири қисми ҳар кеча-кундузда даврий кузатиладиган уйқу ҳолатида ўтади.
Уйқу вақтида мускуллар тонуси сусаяди (уйқудаги одамнинг кўп мускуллари бўшашган бўлади), сезувчанликнинг барча турлари — кўриш, эшитиш, таъм билиш, ҳид сезиш, тери сезувчанлиги кескин сусаяди. Шартсиз ва шартли рефлекслар тормозланади. Қаттиқ уйқуда нафас уйғоқликдагига нисбатан анча чуқур, юрак уриши секин, артериал қон босими, тўқималарга қон келиши, моддалар алмашинуви, тана ҳарорати паст бўлади. Буларнинг барчаси уйқу ҳолатида мия билан бир қаторда ҳужайралар ва тўқималар ҳаёт фаолиятини таъминловчи барча ички аъзоларнинг ҳам «дам» олишидан далолат беради. Бу ҳолат эса тана ҳаётий фаолиятини таъминлайди.
Замонавий тиббиёт тасаввурларига кўра, уйқу фақат дам олиш эмас, балки кун бўйи олинган турли ахборотни қайта ишлаш ва эртаси кун яна ахборот қабул қилишга тайёргарлик жараёнидир.
Мазкур неъмат инсон ҳаёти учун сув билан ҳаводек зарур. Агар биз бу неъматдан мосуво бўлсак қандай жараён рўй беради? Шифокорларнинг таъкидлашларича ухлай олмаслик кучли бош оғриғига, онг чалкашлигига, ҳушдан кетишга ва галлютсинацияга сабаб бўлади. Уйқусизликнинг организмга таъсирини ўрганиш бўйича ўтказилган замонавий тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бироз уйқу етишмаслигида ҳам бош мия фаолияти бузилади, бу эса сезги, фикрлаш ва мантиқий мулоҳазалар қилиш қобилиятига таъсир кўрсатади.
Олимларнинг тадқиқотлари шуни кўрсатадики узоқ давом этадиган уйқусизлик натижасида организмда
Сурункали уйқусизликнинг энг хавфли жихати. Маълум бўлишича, тунги уйқу инсон танасининг турли ўсимталар пайдо бўлишига қарши табиий курашувчанлигини таъминлайди. Аниқроқ айтганда, кунига 6 соатдан камроқ ухлайдиганлар саратон касаллигига чалинишга мойилроқ бўлар экан. Албатта, хавфли касалликнинг пайдо бўлиши фақат уйқуга боғлиқ эмас. Аммо, уйқусизлик бу хасталик бошланишига айнан туртки бериши мумкин.
Бандаларига ўзларидан ҳам, ота-оналари ҳам минг чандон Меҳрибон бўлган, улар учун турли неъматларни ато этган Зот, Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!
Саидаброр УМАРОВ
ЎМИ матбуот хизмати
وحدثنا إسحاق بن إبراهيم بن جبلة نا عبيد الله بن موسى أنا إسرائيل، عن سماك أنه سمع موسى بن طلحة يحدث عن أبيه قال: مررت مع النبي صلى الله عليه وعلى آله وسلم في نخل فرأى قوما في رءوس النخل يلقحون النخل فقال: ما يصنع هؤلاء؟ قالوا: يجعلون الذكر في الأنثى قال: ما أظن ذلك يغني شيئا فبلغهم ذلك فتركوه فنزلوا عنها فبلغ ذلك النبي صلى الله عليه وعلى آله وسلم فقال: إنما هو ظن ظننته، إن كان يغني شيئا فاصنعوه، فإنما أنا بشر مثلكم وإن الظن يخطئ ولكن ما قلت لكم: قال الله تعالى فلن أكذب على الله عز وجل.
Мусо ибн Талҳа отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам билан бирга (Мадина) хурмозорлари орасидан ўтдим. У зот хурмолар устига чиқиб олиб, чанглатаётган одамларни кўриб: “Анавилар нима қилишмоқда?” дедилар.
Одамлар: “(Хурмонинг) эркагини урғочисига қўшмоқда”, деди.
У зот: “Менимча, ундоқ қилиш бирор фойда бермас, деб гумон қиламан”, дедилар.
Ҳалиги одамларга бунинг хабари етиб борганда, улар у(чанглатиш)ни тарк қилди ва хурмолардан тушди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламга бу ҳақда хабар берилганда: “У менинг бир гумоним, агар ўша нарса уларга манфаат берса, уни қилаверсин! Албатта, мен ҳам сизлар каби башарман. Албатта, гумон хато қилади. Лекин сизларга “Аллоҳ таоло бундай деди”, деб бирор нарса айтсам, зинҳор Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан ёлғон сўзламайман”, дедилар.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД