Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Муҳаббат билан қилинган иш пухта, сифатли қилиб бажарилади.
“Тарих мухрлаган сўзлар”
*****
Тарихдан шуни ўргандик: Ҳеч ким тарихдан сабоқ олмас экан.
“Тарих мухрлаган сўзлар”
*****
Экканингни ҳеч қачон суғормайдиган шахсларнинг боғларига гуллар экишни бас қил.
“Тарих мухрлаган сўзлар”
*****
Кўз алдайди. Қулоқ ҳам алдайди. Аммо қалб ҳеч қачон алдамайди.
Нажиб Маҳфуз
*****
Яхши инсонларнинг хатоси барчани ўзлари каби яхши деб билганларидир.
“Тарих мухрлаган сўзлар”
*****
Муҳаббат умрда бир бор келади. Ёқтириш эса кўп марта содир бўлади. Шунинг учун уларнинг орасини аралаштириб юборма, яна надомат қилиб ўтирмагин.
“Тарих мухрлаган сўзлар”
*****
Барчага яхшиликни раво кўр. Бошқаларнинг бахти сенинг бахтингни озайтирмайди. Бошқаларнинг бойлиги сенинг ризқингни камайтирмайди. Бошқаларнинг соғлиги сендан офиятни тортиб олмайди.
“Тарих мухрлаган сўзлар”
*****
Нафас олишингни ўзи биланоқ ўзингни тирик деб ўйлама.
“Тарих мухрлаган сўзлар”
*****
Баъзи аёллар файласуф билан дўстлашадилар. Шоирга кўнгил қўядилар. Аммо савдогарга эрга тегадилар.
“Тарих мухрлаган сўзлар”
*****
Чиройли аёл гавҳар бўлса, фазилатли аёл хазинадир.
Аббос Маҳмуд Аққод
*****
Ҳар бир одам, ҳатто аҳмоқ ҳам ҳашаротни ўлдира олади. Лекин дунёдаги барча олимлар битта ҳашаротни ярата олмайдилар.
“Тарих мухрлаган сўзлар”
*****
Бир инсоннинг қандайлигини билмоқчи бўлсанг, ўзидан заифроқ киши билан қандай муомала қилаётганига назар сол.
“Қисқа фактлар”
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Танишларимиздан биридан оддий мусулмонларимизнинг динимизни ўрганишлари қандоқ бораётгани ҳақида сўрадим. У киши бу саволимга:
- Ҳамма иш яхши кетаётган эди-ю, ихтилофлар чиқиб оддий мусулмонлар нима қилишларини билмай ҳайрон бўлиб қолдилар, деди.
- Оддий мусулмонларни ҳайрон қилиб қўйган масалалардан, охиргиси қайси масала экан? дедим мен, муаммони тузукроқ билиш учун.
- Мисол учун, ҳозиргача ҳамма таҳоратда бўйинга масҳ тортиш мустаҳаб, деб келган, омма ўқийдиган китобларда ҳам шундоқ ёзилган. Лекин янги чиққанлар бу – бидъат, дейишмоқда. Одамлар нима қилишларини билмай ҳайрон. Сўрашга бирор одам топиш ҳам қийин, деди танишим.
- Ўшандоқ нарсаларда дарҳол далил-ҳужжат сўраш керак. Бўйинга масҳ тортиш нима учун бидъат бўлади, деб сўрмадингизми? дедим мен.
- Бўйинга масҳ тортиш оятда ҳам, ҳадисда ҳам йўқ эмиш, уларда бўлмаган нарсани қилса, бидъат бўлар эмиш…
Сиртдан қараганда арзимаган бўлиб кўринган бу масала кўпчилик оддий мусулмонларни хижолат қилгани бежиз эмас. Чунки таҳоратда бўйинга масҳ тортиш бидъ-атдир, деган тоифанинг сўзи бу билан тугамайди. Улар, таҳоратда бўйинга масҳ тортиш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Ҳар бир залолат дўзахдадир, дейишдан ҳам тап тортмасликлари мумкин. Агар шундоқ гап чиқадиган бўлса, таҳоратда бўйнига масҳ тортиб юрган бечораларнинг, уларнинг ота-боболарининг охиратдаги ҳоли нима бўлади?
Агар гап бидъат ҳақида юқорида зикр қилинган маънони ўз ичига олган ҳадиси шариф жавҳарига мос бўлганда, унга қўшилиш ҳаммамизнинг бурчимиз бўлар эди. Аммо ҳозирги гапга мутлақо қўшила олмаймиз. Чунки ҳозирги гап мусулмонлар жумҳури ҳақ деб тан олган тўрт фиқҳий мазҳабдан энг каттаси, Ҳанафий мазҳаби мужтаҳид уламолари қарийиб ўн уч асрдан буён мустаҳаб, деб келаётган амални бидъат деб эълон қилиш ҳақида кетмоқда.
Муҳтарам ўқувчи! Келинг, биргаликда Ҳанафий уламолардан, нима учун таҳоратда бўйинга масҳ тортиш мустаҳаб дегансиз, деб сўраб кўрайлик. Ахир улар ўн уч аср давомида мусулмонларни бидъат ишга ундаб келмагандирлар!?
Бундай саволимизга жавоб қуйидагича бўлади:
Одамларни бидъатга, шариатимизда йўқ нарсага чақиришдан Аллоҳнинг Ўзи асрасин. Биз ҳеч қачон, ҳеч кимни бидъатга чақирганимиз йўқ. Биз шаръий масдарга суянмай туриб, ҳаргиз бирор ҳукм ҳақида оғиз очмаймиз. Таҳоратда бўйинга масҳ тортиш мустаҳаблигига қуйидаги далилларимиз бор:
Биринчи далил:
Имом Аҳмад Ибн Ҳанбал Лайсдан, у Толҳа Ибн Мусоррифдан, у отасидан, у бобосидан келтирган ривоятда:
«Албатта, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйинларининг орт томонидан олд томонига қараб масҳ тортганларини кўрган», дейилган.
Иккинчи далил:
Абулҳасан Ибн Форис Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ва саҳиҳ, деб таъкидланган ҳадисда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам:
«Ким таҳорат қилиб, бўйнига икки қўли ила масҳ тортса, қиёмат куни ғулдан сақланади», деганлар.
Учинчи далил:
Имом ал-Баззор Воил Ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда жумладан:
«...Сўнгра бошларига уч марта, қулоқларининг сирт тарафига уч марта ва бўйинларининг сирт тарафига масҳ тортдилар», дейилган.
Худди шу маънода бошқа ривоятлар ҳам бўлиб, ҳаммалари бир-бирларини қувватлаб келади. Яна нима керак? Ўзи ёки ўзига ёққан тараф билмаган ҳадисни топиб амал қилганлар бидъатда айбланаверадими? Бошқалар ҳадисни топмаган бўлсалар Ҳанафийларда нима айб?
Биз юқоридаги сатрларда ҳозирда қайтадан ихтилофга сабаб бўлиб турган учтагина масалани мисол тариқасида муноқаша қилдик. Қолган ҳамма масалаларни ҳам худди шу тариқа муноқаша қилиш жуда ҳам осон иш. Бизнинг ниятимиз тортишиш эмас, ихтилофларга чек қўйиш бўлгани учун гапни чўзмадик. Мақсадимиз эски ярани яна қўзғамай, тажрибадан ўтган ишончли йўлни маҳкам ушлашга даъватдир. Ана шунда ихтилофларга барҳам берилади, иншааллоҳ.
Ихтилофларнинг олдини олиш мақсадида, фиқҳий мазҳабларнинг Қуръон ва Суннат доирасида қилган ижтиҳодларини қайта қўзғаб, қани, кўрайлик-чи, кимнинг далили кучли экан, қабилида иш тутиш ҳам ман қилинган. Ҳатто баъзи бир кишилар илмда юқори даражаларга эришиб, мазҳабларнинг далилларини солиштириб, кучлисини кучсизидан ажратадиган даражага етса ҳам ўзи учун фатво чиқариб олса майли-ю, кўпчиликнинг бошини айлантириб, ихтилоф чиқаришга сабаб бўлмасин, дейилган.
Шунинг учун ҳам одатда, доимо мазкур қоидаларни бузиб, ихтилоф чиқарган томон мазаммат қилинади. Ушбу баҳсимизда бетарафликни даъво қилсак ҳам, гоҳида гап бир томонламага ўхшаб қолиши ҳам ана ўша қоида туфайлидир.
Ҳамма бало илмимизнинг йўқлигида. Жуда оз нарсани биламиз. Аммо жуда кўп нарсани даъво қиламиз. Билган жуда оз нарсамизга ўта мутаассиблик билан, бор илм шу, бундан бошқа нарса йўқ, деб қараймиз. Билмаган жуда кўп нарсамизни эса, бутунлай инкор қиламиз. Натижада ҳозирги бошимиздан ўтиб турган ноқулай ҳолатга дучор бўламиз.
Мазкур ишни ҳамаср уламоларимиз бир китоб ва унёзар тасмаси маданияти, деб номламоқдалар. Дарҳақиқат, қўлимизга қаердандир тушиб қолган бир китобчани ўқиймиз-да, бутун дунёнинг илми шу китобчада жо бўлган, бундан бошқа илм йўқ, деган маънода иш тутишга ўтамиз. Унёзар тасмасига ёзилган уч-тўрт, тумтарақай маърузани эшитиб олиб, дунёдаги мусулмонларнинг тўртдан учини ё кофир, ё мушрикка чиқариб юборамиз.
Ҳозирги кунда бутун Ислом уммати минг уч юз йилдан буён тан олиб, ардоқлаб, эҳтиром қилиб келаётган тўрт фиқҳий мазҳабларни инкор этиб, улар ҳақларида нолойиқ гаплар айтиб, ўзини мужтаҳид санаб юрганларимиз ана шундоқ бир китобча ва унёзар тасмаси маданиятига мансуб кишилардир.
Биз ҳозир уларга фиқҳий мазҳаблар ҳақ эканлиги ҳақида илмий баҳс тақдим қилиш ниятидан йироқмиз. Чунки ул биродарларимиз бундоқ баҳсни эътироф қилишга тайёр бўлганларида, ҳозирги ноқулай ҳолат юзага келмаган бўлар эди. Ул биродарларимиз фиқҳий мазҳабларни инкор қилишдан олдин салаф уламоларимизнинг илмий баҳслари билан танишиб чиққан бўлар эдилар. Мазкур биродарларимиз фиқҳий мазҳабларни инкор қилишдек хатарли ишда ўзгаларга тақлид қилмоқдалар. Улар хусусан, чет элдан келган, ўзларини аллақандай номлар билан атайдиган шошқалоқ кишиларнинг этагини тутганлар. Улар бошқа томонларнинг гап-сўзларини эътиборга олмайдилар. Шунинг учун ўша биродарларимиз тан олиб, сўзларини ҳужжат қилиб кўтариб юрадиган томонларнинг фиқҳий мазҳаблар ҳақида эълон қилган ҳужжатлари ва фатволаридан намуналар келтиришни маъқул топдик.
Кейинги мавзулар:
Фиқҳий мазҳабларнинг ҳақлиги тўғрисидаги замонавий ҳужжат ва фатволар;
Тўққизинчи қарор;