Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
«Тарих мухрлаган сўзлар»
*****
Келадиган манфаат тугагач, баъзиларнинг дўстлиги ҳам тугар экан.
*****
Муҳаббат фақат романтикадан иборат эмас. Балки у ҳурмат, эътибор ва ишончдан иборатдир.
*****
Мен бировни, ҳатто мени хўрлаган дўстларимни ҳам ёмон кўрмайман. Уларни ҳалиям яхши кўраман. Лекин энди уларни яна дўстликка қабул қилолмайман.
«Тарих мухрлаган сўзлар»
*****
Ҳар қанча йиғласанг ҳам ота-онанг олдида ҳеч қачон йиғлама!
*****
Аёлингиз сизнинг ҳар доим ҳамроҳ, суянчиқ ва сокинлик манбаи эканингизни ҳис этсин!
*****
Садақа бераётганингда, бу киши пулимга муҳтож, демагин! Балки, Роббимнинг мағфиратига ва садақанинг савобига мен муҳтожман, дегин.
*****
Ақл зиёда бўлгани сари узлат (ёлғизлик, холи қолиш)га майл ортиб борар экан.
«Тарих мухрлаган сўзлар»
*****
Ортингдан гапиришади. Чунки улар чиндан ҳам сендан орқада-да.
“Тарих мухрлаган сўзлар”
*****
Ота-онага қилинадиган яхшиликларнинг энг олийси – ғамларинг, муаммоларинг ва оғриқларингни уларга айтмаслигингдир. Чунки, улар ўша нарсаларга сендан кўра ўн чандон кўпроқ ғам-алам чекадилар.
“Сараланган гўзал ҳикматлар”
*****
Хурсанд кунингда сен билан бирга кулганни унутсанг ҳам, қийин вазиятда сен билан бирга йиғлаганни асло унутма.
“Қисқа насиҳатлар”
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Бир ўғил кекса онасини ресторанга овқатланишга олиб борди. У анча қувватдан қолгани учун қўлларидан овқат тушиб кийимини ифлос қилар эди. Бу ҳолатни кўрганлар онахонга жирканиб қарашарди. Лекин ўғил бунга эътибор қилмас, онасини эҳтиром қилишда давом этарди.
Овқатланиб бўлгач, ўғил онасининг кўйлагини тозалаб қўйди. Ўтирганларнинг ҳаммаси буни жим кузатишди. Она бола секин эшик томонга юраётганида бир ёши улуғ одам ўғилни чақириб: “Ҳеч нарса қолдирмадингми?” деб сўради. Шунда ўғил: “Йўқ ҳамма нарсани олдим”, деди. Ёши катта одам: “Сиз ҳозир барча ўғил фарзандлар учун дарс, оналар учун умид қолдириб кетдингиз”, деб жавоб қилди.
Ҳозир онангиз ҳаётми? Унинг қадрига етинг, эъзозланг! Кейин армон бўлиб қолмасин! Бу оламни тарк этсалар, бу дақиқалар армон бўлиб қолишини, унутманг.
Акбаршоҳ Расулов таржимаси