بسم الله الرحمن الرحيم
ҲАСАД – ҲАСАНОТ КУШАНДАСИ
اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي حَذَّرَنَا مِنَ الْبَغْضَاءِ وَالْحَسَدِ وَاَمَرَنَا بِالتَّعَوُّذِ مِنْهُ بِقَوْلِهِ (وَمِنْ شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ) وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِنَا مُحَمَّدٍ الْاَمِينِ الَّذِي قَالَ "...وَلَا تَحَاسَدُوا وَكُونُوا عِبَادَ اللهِ إِخْوَانًا..." وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِينَ
Ҳурматли жамоат! Жамиятимизда мўмин-мусулмонлар амал қиладиган турли хил яхши хислатлар билан бирга зарарли хулқлар ҳам, афсуски, мавжуд. Шулардан бири ҳасаддир. Биринчи гуноҳ Иблис томонидан Одам алайҳиссаломга кибр ва ҳасад қилишидан келиб чиқди. Ер юзидаги биринчи қотиллик ҳам ҳасад сабабли содир бўлди. Одам алайҳиссаломнинг ўғли Қобил ўз укаси Хобилга ҳасад қилди ва унинг қотилига айланди. Ҳасад – бандалар ичидаги Аллоҳнинг тақсимотига эътироздир. Аллоҳнинг бирор неъматни ўз бандасига ато этиши ёки бермаслигига эътироз қилган кишининг ҳолати оғир бўлади. Зеро, Аллоҳ ўз ҳикматига биноан хоҳлаган бандасига хоҳлаган неъматини беради, хоҳламаса – йўқ. Аллоҳ таоло ҳар нарсани билгувчи ва ҳикмат соҳиби бўлса, унга қандай эътироз қилиш мумкин?!
Ҳасад – бир кишига берилган неъматни ундан кетишини хоҳлашдир. Ҳасаднинг бундан ҳам ёмонроғи – бир инсонга берилган неъматнинг йўқ бўлишини орзу қилиш билан, ўша неъмат ўзида ҳосил бўлишини таъма қилишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ҳасаднинг ёмонлиги тўғрисида шундай дейди:
أَمْ يَحْسُدُونَ النَّاسَ عَلَى مَا آَتَاهُمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ فَقَدْ آَتَيْنَا آَلَ إِبْرَاهِيمَ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَآَتَيْنَاهُمْ مُلْكًا عَظِيمًا (سورة النساء الاية-54).
яъни: “Ёки (улар) Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматлари учун одамларга ҳасад қилишадими? Ахир, Биз (илгари ҳам) Иброҳим наслига (Юсуф, Довуд, Сулаймон каби зотларга) Китоб, Ҳикмат бериб, яна уларга буюк мулк (ҳукмронлик) ҳам ато этган эдик-ку!” (Нисо сураси, 54-оят).
Ояти каримадаги “неъматлари” дегани – “пайғамбарлик, ҳидоят ва имон”дир. “Одамларга” сўзидан мурод – “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотга имон келтирганлар”дир. Бошқа бир ояти каримада ҳақни билганларидан кейин ҳам ҳасад қиладиганлар ҳақида шундай дейилади:
وَدَّ كَثِيرٌ مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ لَوْ يَرُدُّونَكُمْ مِنْ بَعْدِ إِيمَانِكُمْ كُفَّارًا حَسَدًا مِنْ عِنْدِ أَنْفُسِهِمْ مِنْ بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُمُ الْحَقُّ
(سورة البقرة الاية-109)
яъни: “Аҳли китобларнинг кўпчилиги имон келтирганингиздан кейин ва уларга ҳақиқат равшан бўлгандан сўнг ҳам ҳасад юзасидан сизларни (яна) куфрга қайтаришни истайдилар” (Бақара сураси, 109-оят).
Аҳли китоблар Уҳуд жангида мусулмонлар қўшини мағлубиятга учраганидан кейин уларга: “Агар сизларнинг динингиз ҳақ бўлганда эди, сизларга Аллоҳ ёрдам бериб, ғалаба қозонган бўлур эдингиз. Яхшиси қайтиб, бизнинг динимизга кира қолингиз”, – деганлар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг охирги сураларидан бўлган “Фалақ” сурасида ҳасад қилувчининг ёмонлигидан паноҳ сўрашга буюради:
وَمِنْ شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ
(سورة الفلق الاية-5)
яъни: “ҳамда ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан” (паноҳ сўрайман деб айтинг) (Фалақ сураси, 5-оят). Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳасаддан огоҳлантириб шундай деганлар:
إِيَّاكُمْ وَالْحَسَدَ فَإِنَّهُ يَأْكُلُ الْحَسَنَاتِ كَمَا تَأْكُلُ النَّارُ الْحَطَبَ
(رَوَاهُ الْاِمَامُ الْبُخَارِيُّ)
яъни: “Ҳасаддан сақланинглар. Чунки у худди олов ўтинни егани каби, яхшиликларни ейди” (Имом Бухорий ривояти). Яна бир ҳадиси шарифда айтилади:
دَبَّ إِلَيْكُمْ دَاءُ الْأُمَمِ الْحَسَدُ وَالْبَغْضَاءُ هِيَ الْحَالِقَةُ لَا أَقُولُ تَحْلُقُ الشَّعْرَ وَلَكِنْ تَحْلُقُ الدِّيْنَ
(رَوَاهُ الْاِمَامُ التِّرْمِيذِيُّ)
яъни: “Сизга (ўтган) умматларнинг касали: ҳасад ва буғзу-адоват ўрмалаб (ўтиб) келди. Улар қирувчидир. Улар сочни қиради демайман, балки улар динни қиради!” (Имом Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадисда ўзаро ҳасад қилишдан қайтариб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
لَا تَقَاطَعُوا وَلَا تَدَابَرُوا وَلَا تَبَاغَضُوا وَلَا تَحَاسَدُوا وَكُونُوا عِبَادَ اللهِ إِخْوَانًا وَلَا يَحِلُّ لِمُسْلِمٍ أَنْ يَهْجُرَ أَخَاهُ فَوْقَ ثَلَاثٍ
(رَوَاهُ الْاِمَامُ الْبُخَارِيُّ)
яъни: “Узилишиб кетманглар, юз ўгиришманглар, бир-бирингизга ғазаб ва ҳасад қилманглар. Аллоҳнинг оға-ини бандалари бўлинглар. Мусулмон киши биродаридан уч кундан ортиқ аразлашиб юриши ҳалол эмас” (Имом Бухорий ривояти).
Ўз ўрнида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча ҳадисларда ҳасаднинг давосини айтиб ўтадилар:
ثلاثٌ لازماتٌ لأُمَّتِي سُوءُ الظَّنِّ والحَسَدُ والطِّيَرَةُ فإذا ظَنَنْتَ فلا تُحَقِّقْ وإذا حَسَدْتَ فاسْتَغْفِرِ اللهَ وإذا تَطَيَّرْتَ فَامْضِ
(رَوَاهُ الْاِمَامُ طَبَرَانِيُّ)
яъни: “Учта хислат умматимда доим бўлади: ёмон гумон, ҳасад ва шумланиш. Гумон қилсанг, юзага чиқарма; ҳасад қилсанг, истиғфор айт; шумлансанг, йўлингда давом эт” (Имом Табароний ривояти).
Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
كُلُّ بَنِي آدَمَ حَسُودٌ وَلاَ يَضُرُّ حَاسِداً حَسَدُهُ مَا لَمْ يَتَكَلّمْ بِاللِّسَانِ أَوْ يَعْمَلْ بِالْيَدِ
(رَوَاهُ الْاِمَامُ اَبُو نُعَيْمٍ)
яъни: “Ҳар бир Одам боласи ҳасадчидир, (лекин) модомики (ҳасадини) тилига чиқармаса, (ҳасадига) қўли билан амал қилмаса ҳасадчига ҳасади зарар қилмайди” (Имом Абу Нуъайм ривояти). Баъзи ҳадисларда ҳасад сўзи ҳавас маъносида келган:
لاَ حَسَدَ إِلاَّ فِى اثْنَتَيْنِ رَجُلٌ آتَاهُ اللَّهُ قُرْآنًا فَهُوَ يَقُومُ بِهِ آنَاءَ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ ، وَرَجُلٌ آتَاهُ اللَّهُ مَالاً فَهُوَ يُنْفِقُهُ آنَاءَ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ
(رَوَاهُ الامام الْبُخَارِىُّ)
яъни: “Икки кишидан бошқага ҳасад қилиш йўқ: Аллоҳ Қуръонни ато қилган киши ва Қуръонни кечаю кундуз ҳаққини адо қиладиган киши; Аллоҳ мол берган ва у молни кечаю кундуз инфоқ-эҳсон қиладиган киши” (Имом Бухорий ривояти). Бу ҳадис ҳақида Имом Жалолиддин Суютий шундай дейди: “Ҳасад икки хил бўлади: ҳақиқий ва мажозий. Ҳақиқий ҳасад бир кишидан неъматнинг йўқ бўлишини исташ; бу ижмоъ ва бошқа далиллар билан ҳаром қилинган. Мажозий ҳасадни “ғибта” дейилади. “Ғибта” дегани неъмат эгасидан кетмасдан, ўзида ҳам бўлишини орзу қилишдир (буни бизда “ҳавас” дейилади). Дунё ишларида ҳавас қилиш – мубоҳ иш. Ўзгалар қилаётган тоатларни орзу-ҳавас қилиш эса мустаҳабдир”.
Қалбни гина-кудуратлардан поклаш – мўмин кишини жаннатга олиб кирувчи катта ютуқдир. Буни Анас разияллоҳу анҳунинг қуйидаги ҳикоясидан ҳам билиб олсак бўлади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнида ўтирганимизда: “Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган киши келади”, – деб қолдилар. Шу пайт ансорийлардан бир киши таҳорат сабабли соқолларидан сув томиб турган, ковушини чап қўлида кўтариб олган ҳолатда кириб келди. Эртаси куни ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган киши келади”, – деб қолдилар. Шунда яна ўша киши аввалги ҳолатида кириб келди. Эртаси куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам яна: “Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган киши келади”, – деб қолдилар. Шунда яна ўша киши аввалги ҳолатида кириб келди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам туриб кетдилар. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос айтиб берадилар: “Ҳалиги кишининг изидан бориб: “Отам билан аразлашиб қолиб, уч кун уйга бормасликка қасам ичдим, агар имкони бўлса, қасамим ечилгунича сизникида тунасам, нима дейсиз”, – дедим. Ансорий саҳоба розилик берди. Абдуллоҳ ибн Амр уч кеча у билан тунади. Уни тунда (тунги намоз учун) турганини кўрмади. Лекин кечалари уёқ-буёққа ағдарилганда Аллоҳни зикр қилар ва такбир айтиб қўярди. Шу билан бомдод намозига туриб, чиройли таҳорат қиларди (Абдуллоҳ: “У кишидан фақат яхши гапларни эшитдим”, – дейди). Уч кеча ўтгач, мен унинг амалларини кам санаб қолишимга оз қолди. Унга: “Эй, Аллоҳнинг бандаси! Аслида отам билан ўртамизда ҳеч қандай аразлашиш бўлмаган, лекин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта, учта ўринда: “Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган киши келади”, – дедилар. Уч марта ҳам сиз кириб келдингиз. Сизникида тунаб, сизнинг амалларингизни кўрмоқчи бўлдим. Катта бир амал қилганингизни кўрмадим. Сиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтган даражага қандай етдингиз?”, – дедим. У: “Амалларим фақат сен кўрганларинг” – деди. Изимга қайтганимда, мени чақириб: “Амалларим фақат сен кўрганларинг, лекин қалбимда бирор мусулмонга нисбатан ғилли-ғашлик йўқ ва Аллоҳ берган яхшилик учун бирор кишига ҳасад ҳам қилмайман”, – деди. Абдуллоҳ ибн Амр: “Ана шу сизни (улуғ) даражага етказган ва биз тоқат қила олмайдиган нарсадир”, – деди” (Имом Аҳмад ривояти). Демак, ҳар бир мўмин-мусулмон аввало қалбини гина-кудурат, буғзу адоват, кўролмаслик, кибр ва ҳасаддан поклаши даркор. Қалбнинг покланиши, имону ихлос, ҳусну хулқ, самиймийлик ва камтарлик билан гўзал бўлиши инсонни икки дунё саодатига етказади, иншааллоҳ.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, кун сайин дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини топиб бораётган севимли ватанимиз ва ватандошларимизга ҳасад кўзи билан эмас, балки ҳавас кўзи билан қараш керак. Давлатимизда олиб борилаётган сиёсат ва ислоҳотларни фақат ёмон гумон ва ҳасад билан таҳлил қиладиганлар ҳам, афсуски, топилади. Биз уларга таҳлилда холис бўлиш ва жамиятга фойдали бўлган ислоҳотларга хайриҳоҳ бўлишни тавсия қилган бўлардик. Зеро, ҳасад билан бирор натижага эришиб бўлмайди. Ватандошларимизнинг ҳам давлатимиз ҳукуматининг хайрли ислоҳотларида ҳамфикр бўлиб, қўллаб қувватлаб туришлари, мустажоб дуоларида эсга олишларидан умидвормиз.
Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида миссионерлик билан шуғулланувчи секталарнинг кўпмиллатли жамиятимизда диний бағрикенглик, ўзаро иноқлик ва тинчликка етказадиган зарарлари ҳақида суҳбатлашамиз.
Миссионерликнинг асосий мақсади – қайсидир динни тарғиб қилиш ёки қайсидир динни кучсизлантириш эмас, балки сизу биз яшаб турган юртнинг тинчлигига раҳна солиш ва тараққиётини барбод қилишдир. Тарихдан маълумки, миссионерлар худди шу йўл билан бир неча давлатларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётини издан чиқардилар. Яхлит бир халқ ва миллатни парокандаликка олиб келиб, уларни гуруҳ ва табақаларга бўлиб юбордилар. Оқибатда аҳолининг асрлар оша шаклланиб келган миллий ва диний қадриятлари оёқости бўлишига ва, ниҳоят, йўқолиб кетишига олиб келди. Масалан, Индонезияда ҳаракат қилган миссионерлар йигирма беш йил мобайнида минглаб одамларни ўз томонларига оғдириб олишди ва охир оқибат улар яшаётган Шарқий Тиморни мамлакатдан ажратишди. Худди шундай ғаразли услуб Судан мамлакатининг жанубини, яъни Дарфур вилоятини ажратиб олишда ҳам қўлланилган.
Бундай ҳаракатлар билан улар ислом динига эътиқод қилувчи маҳаллий аҳоли ўртасида ўзлари ҳақида ижобий фикрлар туғдиришга эришади. Бу йўлда атайлаб Ислом аҳкомларини бузиб кўрсатиш, Қуръон оятларини бир-бирига қарама-қарши қўйиш, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини нотўғри талқин қилиш каби усуллардан фойдаланади. Афсуски, кўп ёшларнинг эътиборсизлиги, бефарқлиги уларнинг қабиҳ ниятларини амалга оширишда қўл келмоқда.
Миссионерлар ғаразли ниятларини амалга оширишда оммавий ахборот ва алоқа воситаларидан ҳам кенг фойдаланмоқда. Миссионерлик ғояларини тарғиб қилувчи рисола, журнал ва матнлар маҳаллий тилларга таржима қилиниб, аҳоли ўртасида текин тарқатилади. Сунъий йўлдош орқали узатиладиган ўнлаб телевидение кўрсатувлари, радио каналлари, интернет саҳифалари орқали кенг тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиши натижасида дунёда миссионерлик ҳаракатлари ёйилмоқда.
Айрим юртдошларимиз даромад топиш мақсадида ўз киндик қонлари тўкилган юртдан узоқлашиб, олис ва нотаниш юртларга бормоқда. Уларнинг аксарияти айнан миссионерларнинг тузоғига тушмоқдалар. Бошқа эътиқод, бошқа менталитет вакиллари орасида яшаган ёшларимиз ўз миллий маънавиятларидан узилиб, ўзгаларнинг руҳий-маънавий таъсирига тушиб қолишмоқда. Ҳали имон-эътиқоди шаклланиб улгурмаган ёшларни бундай бузуқ ғоялардан асраш – бугунги кунимизнинг энг муҳим масалаларидан биридир.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳасаддан, буғзу адоватдан асрасин, ўзаро дўсту ёр бўлиб яшашни муяссар қилсин! Барчамизни Ўзининг ҳидоятида бардавом айлаб, иймон ва исломда собит қадам қилсин! Омин!
Барчамизга маълумки, ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, жисмоний ва руҳий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади. Мана шу мақсадларга етишишда Ислом динининг том маънодаги улуғвор таълимотига амал қилиш муҳим аҳамиятга эга. Ислом динида болаларни ҳали мурғаклигиданоқ гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади.
Динимизда ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида бундай деганлар: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).
Тарбия инсон камолотининг асосидир. Бизда фарзанд тарбияси ҳар бир оила учун асосий вазифа бўлиб келган. Ҳозирда ҳам ёшлар тарбиясига, уларнинг сифатли билим олишларига давлатимиз миқёсида катта аҳамият берилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашувда шундай таъкидлаган эдилар: “Менинг энг катта ташвишим, мақсадим — ёшлар тарбияси. Биз олган марралар учун билимли авлод керак. Бунинг учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Сизлар эса вақтнинг қадрига етиб, бор имкониятни ишга солиб, ўқишингиз керак. Олган билимингиз, ўрганган касб-ҳунарингиз келажакда сизларга қанот бўлади”.
Бугунги кунда давлатимиз томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашга, уларни ақлан ва маънан етук авлод бўлиб етишишига катта эътибор қаратилмоқда.
Ислом дини таълимотида ёшларни ақлан тарбия қилиш ҳам муҳим масала саналади. Бунда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом динида илм деганда диний ҳам дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг жисмоний ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир.
Ислом таълимотларига жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариат, ҳам тариқат ва ҳам илм-фан соҳасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар.
Буюк шоир ва мутафаккир Низомиддин Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, “Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”.
Инсон дунёда яшар экан, ўз ҳаётини гўзал ўтказишга ҳаракат қилади. Турмушнинг фаровон бўлиши, жамиятнинг тараққий этиши эса фақат илм-фан билан бўлади. Қаерда илм-фан ривож топса, ўша ерда тарққиёт бор. Илм-фаннинг ривожи эса илм эгалари – олимлар билан бўлади.
Ислом дини мусулмонларни доимо илмга ундаган. Чунки инсон шахсиятини илмдан бошқа ҳеч нарса тўғри йўлга сола олмайди, тараққиётга ҳам эриштира олмайди.
«Билимли инсон қуёшга ўхшайди, кирган жойини ёритади».
Ҳа, илм қоронғуликларни ёритувчи машъаладир. Қоронғуликда қолган ҳар бир киши унга муҳтож. Юксак поғоналарга илм нарвони билан чиқилади. Тараққий этишни ва камолот топишни истасак илмнинг этагини маҳкам ушлайлик.
Шундай экан, биз мусулмонлар ўз фарзандларимизни бугунги кун талаблари асосида тарбиялашимиз, уларни замонавий илм ва касб-ҳунарга йўналтиришга бор кучимизни сарфлашимиз лозим. Шунда фарзандларимиз хориж мамлакатларига ишлаш учун “қора ишчи” бўлиб эмас, балки мутахассис сифатида борадилар.
Сўнгги йилларда Юртбошимиз томонларидан ёшларни замонавий касб-ҳунарлар ва чет тилига ўргатиш бўйича илгари сурилган “1000 дастурчи”, “Икки тил, бир касб” лойиҳаларидан ҳам айнан шу эзгу мақсад кўзланган...
Албатта, мусулмон инсон ўзга инсонларга аввало ўзининг юксак ахлоқи билан намуна бўлиши керак. Зеро, инсонлар хулқи гўзал кишини яхши кўрадилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломга чақиришни бошлаганларида қариндошларини “Эй Бани Фиҳр, эй Бани Адий” деб чақирдилар. Барча тўпланди, уйидан чиқишга имкони бўлмаган кишилар нима бўлаётганини билиб келиш учун одам жўнатдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалоту васаллам: “Агар мен сизларга мана бу тоғ этагидаги водийда отлиқлар устингизга бостириб келишга тайёр турибди, деб хабар берсам, менга ишонасизларми?”, дедилар. Улар: “Сизнинг бирор марта ёлғон гапирганингизни билмаймиз, Сизга ишонамиз”, дейишди. Шундан кейин у зот ўзларини Пайғамбар қилиб юборилганларини айтдилар.
Бу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар эканларини турли ҳужжат ва мўъжизалар орқали исботлаш билан эълон қилмадилар. Балки, энг аввало уларга ўзларининг ахлоқлари ҳақида савол бериб, ўзларининг ростгўй эканликларини тасдиқлатиб олдилар. Бундан кўриниб турибдики, мусулмон киши ўзга кишиларга энг аввало амали, хулқи ва одоби билан намуна бўлиши керак экан.
Киши ҳусни хулқли бўлиши учун аҳли илм ва солиҳ зотларни суҳбатларидан баҳраманд бўлиши ва уларни одоб ахлоқларидан ўзига намуна олиши ҳам айни муддаодир. Бу ҳақда Ибн Ваҳб раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Имом Моликнинг илмларидан кўра, у зотнинг одобларидан ўрганганимиз кўпроқ бўлди”.
Демак, ҳусни хулқ ва одоб кишида ўз-ўзидан шаклланиб қолмас экан. Балки уни илм аҳли билан ҳамсуҳбат бўлиш, улардан илм олиш билан бирга одоб-ахлоқларини ўрганиш билан касб қилинар экан. Ушбу хислат ўтган салафи солиҳларимизнинг гўзал одатларидан бўлган.
Жунайд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Гарчи инсоннинг илми ва амали оз бўлса ҳам, тўртта нарса уни юқори даражаларга кўтаради: Ҳилимлик, тавозеълик, сахийлик ва ҳусни хулқдир. Ҳусни хулқ имоннинг комиллигидир”.
Луқмони Ҳакимнинг ўғли отасига: “Эй отажон, инсон учун қайси хислат яхшироқ?” деди. Отаси: “Дин”, деб жавоб берди. “Агар хислат иккита бўлса-чи?” деб сўради. Отаси: “Дин ва мол”, деди. “Агар учта бўлса-чи?” деди ўғли. Отаси: “Дин, мол ва ҳаё”, деди. Ўғил: “Агар тўртта бўлса-чи?” деди.
Отаси: “Дин, мол, ҳаё ва чиройли хулқ”, деди. “Агар бешта бўлса-чи?” деди ўғли. Отаси: “Дин, мол, ҳаё, чиройли хулқ ва сахийлик”, деб жавоб берди. Ўғил яна: “Олтита бўлса-чи?” деб ҳам сўраган эди, Луқмони Ҳаким: “Эй ўғлим, агар инсонда мана шу беш хислат жамланса, у покиза, тақводор, Аллоҳга дўст ва шайтондан узоқ бўлади” деб жавоб қилди. Мана шу бешта хислатлар борлиги ҳам мўминлик сифатларидандир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Албатта, банда чиройли хулқи билан жаннатда олий мақомга етади, гарчи (нафл) ибодатини кўп қилса ҳам”.
Инсон ёмон хулқи билан бошқа инсонларни кўнглига озор берадиган бўлса, ўша хулқи туфайли қилган яхшиликлари ҳам бекор бўлади.
Киши илмга қанча муҳтож бўлса, гўзал хулққа ва одобга ҳам шунча муҳтождир. Зеро, илм, гўзал хулқ ва одоб инсонни камолотга етказувчи икки қанотдир. Ахлоқи комил, бир-бирига меҳрибон ва мададкор жамият бахтли ва фаровон жамиятдир.
Фарзандларимиз илм-маърифатли бўлишида энг катта масъул биз ота-оналар эканимизни зинҳор зинҳор унутмайлик. Фарзандим илмли, одобли, касб-ҳунарга эга бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топиб, оиласига, ватанига, муборак динига хизмат қиладиган, орзу-ҳавасларингизни рўёбга чиқарадиган инсон бўлсин десак, ҳаётда турли кераксиз, ортиқча ҳою-ҳавасларга берилиб кетмасдан, уларнинг эҳтиёжи учун энг зарурий бадиий, илмий, танлаган касбига оид, дунё ва охиратига манфаат берадиган китоблар, дарсликлар олиб беришга эринмайлик. Албатта, олиб бериб, уларни хурсанд қилиб, қўллаб-қувватлаб, шу китобларни бирга ўқийлик ёки ўқишини албатта назорат қилиб турайлик.
Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.