Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Декабр, 2024   |   29 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:48
Пешин
12:30
Аср
15:21
Шом
17:05
Хуфтон
18:25
Bismillah
29 Декабр, 2024, 29 Жумадул сони, 1446

Жаъфар ас-содиқ

26.10.2018   7926   11 min.
Жаъфар ас-содиқ

Жаъфар ибни Муҳаммад ибни Алий ибни Ҳусайн ибни Алий ибн Абу Толиб ас-Содиқ. Алий розияллоҳу анҳунинг авлодидан. Қолаверса, у зот Абу Бакр розияллоҳу анҳуга ҳам насабда икки тарафдан туташади.

1)У кишининг онаси Уммул Фарва бинтул Қосим бинту Муҳаммад ибн Абу Бакр Сиддиқ.

2) Онасининг онаси эса, Асмо бинту Абдураҳмон ибн Абу Бакр Сиддиқ.

Насл насаби ҳар тарафдан икки буюк саҳобийга ҳамда  Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалади.

Жаъфар ас-Содиқ ҳижрий 80-йилда Мадинада дунёга келди. Куняси ас-Содиқ. Яъни, ростгўй, ишончли киши. У зот ўз даврида ростгўйлиги билан машҳур бўлган. Гапирган гапида ва қилаётган амалида бирор марта ёлғон зоҳир бўлмаганлиги сабабли бу куняни олган. Ва яна у киши ўз даврининг етук имоми ҳамда фақиҳи эди. Шу билан бирга ҳакийм, яъни, ҳикмат соҳиби эди. Қолаверса, ушбу сифатлари устига саҳоватда тенгсизлиги билан ҳам танилган эди.

Жаъфар ас-Содиқнинг шогирди Хиёж ибни Бўстон ат-Тамимий айтади: “Жаъфар ас-Содиқ шунчалик кўп эҳсон қилардики, ҳаттоки баъзида бола-чақаси ва рўзғори учун ҳам ҳеч нарса қолмасди”.

У кишидан  рибонинг ҳаром қилиниш ҳикматини сўрадилар: “Нима учун рибо ҳаром қилинди?” У киши жавоб бериб айтдики: “Аллоҳ таоло одамлар бир-бирларидан маъруфни яъни, яхшиликни ман қилмасликлари учун ҳаром қилди. Чунки рибода хайр-эҳсон ҳам, ўзгаларга яхшилик қилиш ҳам йўқ. Рибода икки тараф фақат ўз фойдасини ўйлайди. Оқибатда инсонлар ўртасидаги маъруф деган нарсалар йўқ бўлиб кетади”.

У зот инсонлар орасини ислоҳ қилишга, улар ўртасида чиққан келишмовчиликларни бартараф қилишга ниҳоятда ҳарис эди. Агар икки кишининг жанжаллашаётганини кўрса, бунинг сабабини сўрарди. Агар бу жанжалнинг сабаби пулга бориб тақалса ўз ёнидан қарздорнинг қарзини тўлаб юборар эди. Агар ўзининг пули бўлмаса кимдандир қарз олиб бўлса ҳам ҳақдорнинг пулини бериб юборарди. Шу собабдан жудаям кўп вақтда Жаъфар ас-Содиқ қарздор ҳолатда юрарди.

У киши ўз илми ва фаҳм фаросатидан ташқари одоби, яхши феъл атвори ва чиройли хулқи билан ҳам кишиларнинг муҳаббатини қозонган эди. У зот қоронғу бўлишлиги билан бир қопга ун, ёғ ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини тўлдирарди ҳамда Мадиналик фақирларнинг эшиги тагига қўйиб кетарди. Кишилар эшиклари  тагига қўйиб кетилаётган бу инфоқ-эҳсонларнинг тарқатувчиси кимлигини йиллар давомида билмай ўтдилар. Қачонки, Жаъфар ас-Содиқ вафот этгандан кейин, ушбу эҳсонлар тўхтаб қолгандагина бу инфоқларнинг эгаси ким эканини англаб қолдилар.

Жаъфари Содиқнинг шогирди Суфёни Саврий айтади: “Маккада Абу Абдуллоҳ яъни, Жаъфари Содиқнинг ёнида эдим.  У сўзлашдан  тўхтаган эди, мен бир ажиб савол бердим: “Эй Росулуллоҳнинг ўғли, нима учун мавқиф яъни Арофат ҳарамнинг ташқарисида?”. Жовоб эса, бунданам ажиб бўлди. У зот айтдики: “Каъба Аллоҳнинг уйи. Ҳарам ана шу Кабанинг чегарасидир. Арофат эса унинг кириш тарафидир. Хожилар Байтуллоҳни қасд қилиб келганларида эшик олдида яъни, Арофатда тўхтайдилар. Улар Аллоҳга тазарру қилиб ёлворадилар. Уларга киришга изн берилгач, Аллоҳ Ўз байтининг иккинчи эшиги яъни, Муздалифа томонга яқинлаштиради.  Аллоҳ таоло уларнинг қилган саъй ҳаракатлари ва дуо илтижолари сабаб уларга раҳм қилади ҳамда қурбонлик қилишга буюради. Қурбонлик эса, Аллоҳ  билан банданинг ўртасини тўсиб турган гуноҳларнинг  кетишига сабаб бўлади. Ана шундан сўнггина Аллоҳ ўз уйини зиёрат қилишга рухсат беради. Мен яъна сўрадим: “Нима учун ташриқ кунлари рўза тутиш мумкин эмас?” жаъфари Содиқ жавоб берди: “Чунки улар яъни, хожилар Аллоҳнинг зиёфатидадирлар. Меҳмон учун мезбоннинг ҳузурида рўзадор бўлиши лозим бўлмайди”.

Абу Наъиймнинг “Ҳилятул-авлиё” китобида келади: “Халифа Жаъфар ал-Мансур Мадинага келди. Бир жойда ўтирган эди юзига пашша қўнди. Халифа пашшани ҳар қанча ҳайдамасин, яна қайтиб келиб қўнаверди. Шу пайтда бу мажлисга Жаъфари Содиқ кириб келди. Халифа унга қараб сўради: “Эй Абу Абдуллоҳ, Аллоҳ пашшани нимага яратганикин а?”. Бўлиб ўтган ҳодисадан хабари йўқ олим жавоб берди: “Аллоҳ у билан жабборларни хорлаш учун яратган”. Халифа ўз саволидан уялиб жим бўлиб қолди. Жаъфари Содиққа Аллоҳ таоло илм, фаросат, ҳикмат, саҳоват ва мулойимликка қўшиб бир ажиб салобат ва ҳайбат ҳам берган эди.  Гарчи Жаъфари Содиқнинг жавобидан жахли чиққан бўлсада, ундаги салобат ва виқорни кўриб унга бир нарса дейишга ботинолмади.

Шамсиддин аз-Заҳабий Фазл ибн Робиъдан у киши отасидан ривоят қилади: “Абу Жаъфар ал-Мансур мени чақиртириб: “Жаъфар ибни Муҳаммад мени мулкимда маломат қилибди. Уни тезда ҳузуримга олиб кел, агар мен уни ўлдиролмасам Аллоҳ мени ўлдирсин”, деб юборди. Мен Жаъфари Содиқни топиб халифанинг хузурига чақириб келдим. Жаъфар бир нарсани сезгандек, таҳорат олди ва худди ўлимга тайёрлангандек кийинди ва тилида нималарнидир пичирлаб келди. Келиб халифанинг хузурига киришга изн сўради. Халифа унга киришга изн берди ва яна “Агар мен уни ўлдирмасам, Аллоҳ мени ўлдирсин”, дея такрорлади. Жаъфари Содиқ халифанинг олдига кирди. Шунда халифа шошиб ўрнидан турди ва югуриб бориб олимнинг қўлидан ушлаганча мажлиснинг тўрига чиқарди ҳамда унинг юзига тикилиб мулойимлик билан: “Бизнинг мажлисимизга хуш келибсиз, хиёнатдан пок тоза инсон, менинг акам, амакимнинг ўғли”, дея ўзига яқин қилди. Сўнгра: “Нима хожатингиз бор, айтинг бажарамиз”, деди. Жаъфари Содиқ ўзи учун ҳеч нарса сўрамади. Фақатгина Макка ва Мадина аҳолисининг маошларини ўз вақтида беришларини сўради. Халифа дарҳол: “Бажарамиз”, деди. Сўнг бир хизматкорига энг қиммат атирдан олиб келишни буюрди. Атир келгач эса ўз қўллари билан олимнинг юзларига суртиб қўйди ва кетишга изн берди. Жаъфари Содиқ индамай чиқиб кетди. Ҳамма бу воқеадан ҳайратланганча қотиб қолди. Олимни етаклаб келган киши югуриб унинг ортадан чиққанча сўради: “Эй Росулуллоҳнинг ўғли, халифа сизни қатл қилмоқни қасд қилиб турганди. Бироқ, сизга умуман бошқача муомала қилди. Боя келаётганимизга пичирлаб қандайдир дуони ўқиган эдингиз. У қайси дуо эди?”. Жаъфари Содиқ айтди: “Эй Роббим, қанча неъматни менга ато қилдинг, унга шукр қилишим оз бўлди. Қанча бало билан синадинг, унга менинг сабрим оз бўлди. Эй, нематларга шукрим оз бўлсада, уларни маън қилмаган Зот, Эй балоларга сабрим оз бўлсада, мени хор қилмаган Зот, Эй, маъсиятларим учун мени шарманда қилмаган Зот, Эй саноқсиз ва туганмас неъматларнинг эгаси, Эй битмас туганмас маъруфларнинг эгаси, дунёим билан динимга ёрдам бер, тақво билан охиратимга ёрдам бер, билмаган нарсаларимдан мени сақлагин, менинг нафсим истаётган нарсага мени ташлаб қўймагин. Эй, гуноҳлар зарар қилмайдиган, кечиришлик мулкини камайтириб қўймайдиган Зот, Сенга зарар қилмайдиган нарсада мени кечиргин, Сени мулкингни камайтириб қўймайдиган нарсани ато қилгин, Эй Ваҳҳоб, Сендан яқин енгилликни ва гўзал сабрни сўрайман. Жамики балолардан офиятни ва офият учун шукрни сўрайман”, дедим.

Жаъфари Содиқ илм ва маърифатда шундай даражага етдики, ўз замонасидаги барча аҳли илмлар у кишининг фазилатини тан олди. Бирор киши уни ёмон кўрмасди. Ибн Ҳажар Жаъфари Содиқни  таърифлаб айтади: “У ростгўй, фақиҳ имом эди”. Имоми Шофеъий, ибни Маъийн, ибни Ҳиббонлар ҳам у зотни таърифлаб шундай дейди: “Жаъфари Содиқ аҳли байтнинг саййидларидан, табаа тобеинларнинг обидларидандир”. Баъзи бир уламолар Жаъфари Содиқни “ У тобеин бўлган, чунки у Саҳл ибн Саъб ва Анас ибн Моликни кўрган”, дейишган.

Мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа айтади: “Жаъфари Содиқдан кўра фақиҳроқ инсонни кўрмаганман”.

Одамлар Жаъфари Содиқнинг гапига қулоқ солиб, унинг тарафдорлари кўпайиб кетаётганини кўрган халифа Жаъфар ал – Мансур Абу Ҳанифани чақиртирди ва деди: “ Одамлар Жаъфари Содиқ билан фитналаниб қолибди, ўз масалаларингиздан қирқта энг қийин саволни тўплаб келинг”. Абу Ҳанифа шундай қилди. У айтади: “Мен ушбу масалаларни олиб халифанинг ҳузурига кирсам, у ерда Жаъфари Содиқ ўтирган экан. Халифа мендан: “Бу кишини танийсизми?” деб сўради. Мен: “Ҳа, бу киши Жаъфар ибни Муҳаммад бўладилар”, дедим. Халифа: “саволларингизни беринг”, деди. Мен тўплаб келган масалаларимни ўртага ташлай бошладим. Сўраган масалаларимга Жаъфари Содиқ: “Сизлар яъни, ҳанафийлар бу масалада бундай дейсизлар, Мадина аҳли бўндай дейди ва биз бундай деймиз”, дея уч тарафнинг жавобларини айтиб бера бошлади. Баъзи фикрларда бизга мувофиқ, баъзисида Мадиналикларга мувофиқ ва яна баъзисида эса умуман бошқа жавобларни айтди. Шундай қилиб мен сўраган қирқта масаланинг бирортасиниям қолдирмай жавоб берди”. Сўнгра Абу Ҳанифа йиғилганларга қараб: “Ахир айтган эдимку, одамларнинг энг билимлиси, одамлар ўртасидаги ихтилофларни биладиганидир”, деди.

Жаъфари Содиқ шундай илмли киши эди. У кишининг ҳикматларидан:

“Неъматларни йўқ қиладиган гуноҳ - ҳаддан ошишлик. Надоматни келтарадиган гуноҳ – қотиллик. Нафрат ва жазони келтирадиган гуноҳ – зулм. Айбларни очиб қўядиган гуноҳ – ароқхўрлик. Ризқни тўхтатиб қўядиган гуноҳ – зино. Ўлимни тезлаштирадиган гуноҳ – силаи раҳмни узишлик. Дуони рад қиладиган гуноҳ – ота-онага оққ бўлишлик”.

“Агар бало устига бало келаётган бўлса, кейинги келаётган бало офият балоси экан”.

“Уч хил одамдан хушёр бўл: хоиндан, золимдан ва чақимчидан. Сени фойданг учун хиёнат қилган киши сенинг зараринг учун ҳам хиёнат қилаверади. Сенинг фойданг учун бировга зулм қилган киши сенинг зараринг учун ҳам бировга зулм қилаверади. Сенинг фойданг учун чақимчилик қилган киши сенинг зарарингга ҳам чақимчилик қилаверади”.

“Қорни тўқлигига шукр қилувчи инсон – рўзадор кабидир. Офиятга шукр қилувчи инсон – балога сабр қилаётган  киши кабидир”.

“Одамлар билан чиройли муомала қила олишлик – ақлнинг учдан биридир”. 

У зот Мадинада вафот этди. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин.

 

Манбаалар асосида Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби Исломов Ёрбек тайёрлади.

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар

Juma salomi - Amallar sarhisobi

27.12.2024   5584   1 min.

Нўъмонхон Яҳёхон
Тошкент ислом институти талабаси