Жаъфар ибни Муҳаммад ибни Алий ибни Ҳусайн ибни Алий ибн Абу Толиб ас-Содиқ. Алий розияллоҳу анҳунинг авлодидан. Қолаверса, у зот Абу Бакр розияллоҳу анҳуга ҳам насабда икки тарафдан туташади.
1)У кишининг онаси Уммул Фарва бинтул Қосим бинту Муҳаммад ибн Абу Бакр Сиддиқ.
2) Онасининг онаси эса, Асмо бинту Абдураҳмон ибн Абу Бакр Сиддиқ.
Насл насаби ҳар тарафдан икки буюк саҳобийга ҳамда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалади.
Жаъфар ас-Содиқ ҳижрий 80-йилда Мадинада дунёга келди. Куняси ас-Содиқ. Яъни, ростгўй, ишончли киши. У зот ўз даврида ростгўйлиги билан машҳур бўлган. Гапирган гапида ва қилаётган амалида бирор марта ёлғон зоҳир бўлмаганлиги сабабли бу куняни олган. Ва яна у киши ўз даврининг етук имоми ҳамда фақиҳи эди. Шу билан бирга ҳакийм, яъни, ҳикмат соҳиби эди. Қолаверса, ушбу сифатлари устига саҳоватда тенгсизлиги билан ҳам танилган эди.
Жаъфар ас-Содиқнинг шогирди Хиёж ибни Бўстон ат-Тамимий айтади: “Жаъфар ас-Содиқ шунчалик кўп эҳсон қилардики, ҳаттоки баъзида бола-чақаси ва рўзғори учун ҳам ҳеч нарса қолмасди”.
У кишидан рибонинг ҳаром қилиниш ҳикматини сўрадилар: “Нима учун рибо ҳаром қилинди?” У киши жавоб бериб айтдики: “Аллоҳ таоло одамлар бир-бирларидан маъруфни яъни, яхшиликни ман қилмасликлари учун ҳаром қилди. Чунки рибода хайр-эҳсон ҳам, ўзгаларга яхшилик қилиш ҳам йўқ. Рибода икки тараф фақат ўз фойдасини ўйлайди. Оқибатда инсонлар ўртасидаги маъруф деган нарсалар йўқ бўлиб кетади”.
У зот инсонлар орасини ислоҳ қилишга, улар ўртасида чиққан келишмовчиликларни бартараф қилишга ниҳоятда ҳарис эди. Агар икки кишининг жанжаллашаётганини кўрса, бунинг сабабини сўрарди. Агар бу жанжалнинг сабаби пулга бориб тақалса ўз ёнидан қарздорнинг қарзини тўлаб юборар эди. Агар ўзининг пули бўлмаса кимдандир қарз олиб бўлса ҳам ҳақдорнинг пулини бериб юборарди. Шу собабдан жудаям кўп вақтда Жаъфар ас-Содиқ қарздор ҳолатда юрарди.
У киши ўз илми ва фаҳм фаросатидан ташқари одоби, яхши феъл атвори ва чиройли хулқи билан ҳам кишиларнинг муҳаббатини қозонган эди. У зот қоронғу бўлишлиги билан бир қопга ун, ёғ ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини тўлдирарди ҳамда Мадиналик фақирларнинг эшиги тагига қўйиб кетарди. Кишилар эшиклари тагига қўйиб кетилаётган бу инфоқ-эҳсонларнинг тарқатувчиси кимлигини йиллар давомида билмай ўтдилар. Қачонки, Жаъфар ас-Содиқ вафот этгандан кейин, ушбу эҳсонлар тўхтаб қолгандагина бу инфоқларнинг эгаси ким эканини англаб қолдилар.
Жаъфари Содиқнинг шогирди Суфёни Саврий айтади: “Маккада Абу Абдуллоҳ яъни, Жаъфари Содиқнинг ёнида эдим. У сўзлашдан тўхтаган эди, мен бир ажиб савол бердим: “Эй Росулуллоҳнинг ўғли, нима учун мавқиф яъни Арофат ҳарамнинг ташқарисида?”. Жовоб эса, бунданам ажиб бўлди. У зот айтдики: “Каъба Аллоҳнинг уйи. Ҳарам ана шу Кабанинг чегарасидир. Арофат эса унинг кириш тарафидир. Хожилар Байтуллоҳни қасд қилиб келганларида эшик олдида яъни, Арофатда тўхтайдилар. Улар Аллоҳга тазарру қилиб ёлворадилар. Уларга киришга изн берилгач, Аллоҳ Ўз байтининг иккинчи эшиги яъни, Муздалифа томонга яқинлаштиради. Аллоҳ таоло уларнинг қилган саъй ҳаракатлари ва дуо илтижолари сабаб уларга раҳм қилади ҳамда қурбонлик қилишга буюради. Қурбонлик эса, Аллоҳ билан банданинг ўртасини тўсиб турган гуноҳларнинг кетишига сабаб бўлади. Ана шундан сўнггина Аллоҳ ўз уйини зиёрат қилишга рухсат беради. Мен яъна сўрадим: “Нима учун ташриқ кунлари рўза тутиш мумкин эмас?” жаъфари Содиқ жавоб берди: “Чунки улар яъни, хожилар Аллоҳнинг зиёфатидадирлар. Меҳмон учун мезбоннинг ҳузурида рўзадор бўлиши лозим бўлмайди”.
Абу Наъиймнинг “Ҳилятул-авлиё” китобида келади: “Халифа Жаъфар ал-Мансур Мадинага келди. Бир жойда ўтирган эди юзига пашша қўнди. Халифа пашшани ҳар қанча ҳайдамасин, яна қайтиб келиб қўнаверди. Шу пайтда бу мажлисга Жаъфари Содиқ кириб келди. Халифа унга қараб сўради: “Эй Абу Абдуллоҳ, Аллоҳ пашшани нимага яратганикин а?”. Бўлиб ўтган ҳодисадан хабари йўқ олим жавоб берди: “Аллоҳ у билан жабборларни хорлаш учун яратган”. Халифа ўз саволидан уялиб жим бўлиб қолди. Жаъфари Содиққа Аллоҳ таоло илм, фаросат, ҳикмат, саҳоват ва мулойимликка қўшиб бир ажиб салобат ва ҳайбат ҳам берган эди. Гарчи Жаъфари Содиқнинг жавобидан жахли чиққан бўлсада, ундаги салобат ва виқорни кўриб унга бир нарса дейишга ботинолмади.
Шамсиддин аз-Заҳабий Фазл ибн Робиъдан у киши отасидан ривоят қилади: “Абу Жаъфар ал-Мансур мени чақиртириб: “Жаъфар ибни Муҳаммад мени мулкимда маломат қилибди. Уни тезда ҳузуримга олиб кел, агар мен уни ўлдиролмасам Аллоҳ мени ўлдирсин”, деб юборди. Мен Жаъфари Содиқни топиб халифанинг хузурига чақириб келдим. Жаъфар бир нарсани сезгандек, таҳорат олди ва худди ўлимга тайёрлангандек кийинди ва тилида нималарнидир пичирлаб келди. Келиб халифанинг хузурига киришга изн сўради. Халифа унга киришга изн берди ва яна “Агар мен уни ўлдирмасам, Аллоҳ мени ўлдирсин”, дея такрорлади. Жаъфари Содиқ халифанинг олдига кирди. Шунда халифа шошиб ўрнидан турди ва югуриб бориб олимнинг қўлидан ушлаганча мажлиснинг тўрига чиқарди ҳамда унинг юзига тикилиб мулойимлик билан: “Бизнинг мажлисимизга хуш келибсиз, хиёнатдан пок тоза инсон, менинг акам, амакимнинг ўғли”, дея ўзига яқин қилди. Сўнгра: “Нима хожатингиз бор, айтинг бажарамиз”, деди. Жаъфари Содиқ ўзи учун ҳеч нарса сўрамади. Фақатгина Макка ва Мадина аҳолисининг маошларини ўз вақтида беришларини сўради. Халифа дарҳол: “Бажарамиз”, деди. Сўнг бир хизматкорига энг қиммат атирдан олиб келишни буюрди. Атир келгач эса ўз қўллари билан олимнинг юзларига суртиб қўйди ва кетишга изн берди. Жаъфари Содиқ индамай чиқиб кетди. Ҳамма бу воқеадан ҳайратланганча қотиб қолди. Олимни етаклаб келган киши югуриб унинг ортадан чиққанча сўради: “Эй Росулуллоҳнинг ўғли, халифа сизни қатл қилмоқни қасд қилиб турганди. Бироқ, сизга умуман бошқача муомала қилди. Боя келаётганимизга пичирлаб қандайдир дуони ўқиган эдингиз. У қайси дуо эди?”. Жаъфари Содиқ айтди: “Эй Роббим, қанча неъматни менга ато қилдинг, унга шукр қилишим оз бўлди. Қанча бало билан синадинг, унга менинг сабрим оз бўлди. Эй, нематларга шукрим оз бўлсада, уларни маън қилмаган Зот, Эй балоларга сабрим оз бўлсада, мени хор қилмаган Зот, Эй, маъсиятларим учун мени шарманда қилмаган Зот, Эй саноқсиз ва туганмас неъматларнинг эгаси, Эй битмас туганмас маъруфларнинг эгаси, дунёим билан динимга ёрдам бер, тақво билан охиратимга ёрдам бер, билмаган нарсаларимдан мени сақлагин, менинг нафсим истаётган нарсага мени ташлаб қўймагин. Эй, гуноҳлар зарар қилмайдиган, кечиришлик мулкини камайтириб қўймайдиган Зот, Сенга зарар қилмайдиган нарсада мени кечиргин, Сени мулкингни камайтириб қўймайдиган нарсани ато қилгин, Эй Ваҳҳоб, Сендан яқин енгилликни ва гўзал сабрни сўрайман. Жамики балолардан офиятни ва офият учун шукрни сўрайман”, дедим.
Жаъфари Содиқ илм ва маърифатда шундай даражага етдики, ўз замонасидаги барча аҳли илмлар у кишининг фазилатини тан олди. Бирор киши уни ёмон кўрмасди. Ибн Ҳажар Жаъфари Содиқни таърифлаб айтади: “У ростгўй, фақиҳ имом эди”. Имоми Шофеъий, ибни Маъийн, ибни Ҳиббонлар ҳам у зотни таърифлаб шундай дейди: “Жаъфари Содиқ аҳли байтнинг саййидларидан, табаа тобеинларнинг обидларидандир”. Баъзи бир уламолар Жаъфари Содиқни “ У тобеин бўлган, чунки у Саҳл ибн Саъб ва Анас ибн Моликни кўрган”, дейишган.
Мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа айтади: “Жаъфари Содиқдан кўра фақиҳроқ инсонни кўрмаганман”.
Одамлар Жаъфари Содиқнинг гапига қулоқ солиб, унинг тарафдорлари кўпайиб кетаётганини кўрган халифа Жаъфар ал – Мансур Абу Ҳанифани чақиртирди ва деди: “ Одамлар Жаъфари Содиқ билан фитналаниб қолибди, ўз масалаларингиздан қирқта энг қийин саволни тўплаб келинг”. Абу Ҳанифа шундай қилди. У айтади: “Мен ушбу масалаларни олиб халифанинг ҳузурига кирсам, у ерда Жаъфари Содиқ ўтирган экан. Халифа мендан: “Бу кишини танийсизми?” деб сўради. Мен: “Ҳа, бу киши Жаъфар ибни Муҳаммад бўладилар”, дедим. Халифа: “саволларингизни беринг”, деди. Мен тўплаб келган масалаларимни ўртага ташлай бошладим. Сўраган масалаларимга Жаъфари Содиқ: “Сизлар яъни, ҳанафийлар бу масалада бундай дейсизлар, Мадина аҳли бўндай дейди ва биз бундай деймиз”, дея уч тарафнинг жавобларини айтиб бера бошлади. Баъзи фикрларда бизга мувофиқ, баъзисида Мадиналикларга мувофиқ ва яна баъзисида эса умуман бошқа жавобларни айтди. Шундай қилиб мен сўраган қирқта масаланинг бирортасиниям қолдирмай жавоб берди”. Сўнгра Абу Ҳанифа йиғилганларга қараб: “Ахир айтган эдимку, одамларнинг энг билимлиси, одамлар ўртасидаги ихтилофларни биладиганидир”, деди.
Жаъфари Содиқ шундай илмли киши эди. У кишининг ҳикматларидан:
“Неъматларни йўқ қиладиган гуноҳ - ҳаддан ошишлик. Надоматни келтарадиган гуноҳ – қотиллик. Нафрат ва жазони келтирадиган гуноҳ – зулм. Айбларни очиб қўядиган гуноҳ – ароқхўрлик. Ризқни тўхтатиб қўядиган гуноҳ – зино. Ўлимни тезлаштирадиган гуноҳ – силаи раҳмни узишлик. Дуони рад қиладиган гуноҳ – ота-онага оққ бўлишлик”.
“Агар бало устига бало келаётган бўлса, кейинги келаётган бало офият балоси экан”.
“Уч хил одамдан хушёр бўл: хоиндан, золимдан ва чақимчидан. Сени фойданг учун хиёнат қилган киши сенинг зараринг учун ҳам хиёнат қилаверади. Сенинг фойданг учун бировга зулм қилган киши сенинг зараринг учун ҳам бировга зулм қилаверади. Сенинг фойданг учун чақимчилик қилган киши сенинг зарарингга ҳам чақимчилик қилаверади”.
“Қорни тўқлигига шукр қилувчи инсон – рўзадор кабидир. Офиятга шукр қилувчи инсон – балога сабр қилаётган киши кабидир”.
“Одамлар билан чиройли муомала қила олишлик – ақлнинг учдан биридир”.
У зот Мадинада вафот этди. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин.
Манбаалар асосида Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби Исломов Ёрбек тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Мўмин банда эшитган нарсасини сўраб-суриштирмай гапиришдан эҳтиёт бўлиши лозим.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишига гуноҳ учун эшитган нарсасини гапирмоқнинг ўзи кифоя қилади”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Муслим ривояти).
Демак, эшитган гапини одамларга гапираверган киши ёлғончилардан саналади. Мўмин банда эса ёлғончи бўлмайди.
Имом Молик ривоят қилган ҳадисда Савфон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
“Ё Аллоҳнинг Расули! Мўмин қўрқоқ бўлади-ми?” деб сўрадилар.
“Ҳа”, дедилар.
“Ё Аллоҳнинг Расули! Мўмин бахил бўлади-ми?” дедилар.
“Ҳа”, дедилар.
“Ё Аллоҳнинг Расули! Мўмин ёлғончи бўлади-ми?” деб сўрадилар.
“Йўқ”, деб жавоб бердилар».
2. Мўмин банда бирор кишини масхара қилмаслиги лозим.
“Эй, мўминлар! (Сизлардан) бирор миллат (бошқа) бир миллатни масхара қилмасин! Эҳтимолки, (масхара қилинган миллат) улардан яхшироқ бўлса” (Ҳужурот сураси, 11-оят).
Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир биродарини бир айбда айбласа, токи ўзи ҳам ўша гуноҳни содир этмагунича вафот этмайди”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳо: “Мусибатга учраган бир киши бир гуруҳ аёллар олдидан ўтди. Аёллар уни масхара қилиб, кулишди. Ўша аёлларнинг кўпчилиги ўша мусибатга мубтало бўлишди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда масхара қилувчиларнинг ҳолига вой бўлиши ҳақида огоҳлантиради: “(Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой!” (Ҳумаза сураси, 1-оят).
3. Мўминлар бир-бирларини мазах қилишлари ва лақаблар билан атамасликлари лозим.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ўзларингизни (бир-бирларингизни) мазах қилмангиз ва бир-бирларингизни лақаблар билан атамангиз!” (Ҳужурот сураси, 11-оят).
4. Мўминлар гумондан четда бўлишлари лозим.
Аллоҳ таоло бундай буюради: “Эй, мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).
5. Мўминлар ўзгалар айбини қидиришдан ва уларни ғийбат қилишдан сақланишлари лозим.
“(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД