Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Каломида шундай марҳамат қилади: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз”. (Моида,2)
Бу оятда Роббимиз барча мусулмонларни ушбу икки иш яъни, яхшилик ва тақво йўлида биргалашиб ҳаракат қилишга буюрмоқда. Хўш, яхшилик нима ўзи? Унинг аниқ бир мезони борми? Ёки ҳар ким ўз ақли ва савиясидан келиб чиқиб белгилайдими бу мезонни? Бу саволларнинг жавоби эса қурони каримдаги бошқа бир оятда келади.
Ислом динида яхшилик Аллоҳ яхши деган нарсалардир. Уларнинг нима экани эса ушбу оятида тўлиқ таърифлаб берилган.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
“Яхшилик юзингизни Машриқ ёки Мағриб томонга буришингизда эмас”, деб, яхшилик маълум бир ҳаракат ёки гап-сўзларни ўзича қилиш ва айтиш билан бўлиб қолмаслигини таъкидламоқда. Сўнгра эса, яхшилик нималигини таърифлашга ўтиб:
“Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларига, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилшга берса намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилиувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга, ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир”, демоқда.
Бу оят каримада яхшилик бир неча қисмга бўлинмоқда.
1.Иймон.
“Ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса”
Аллоҳга, унинг борлигига, сифатларига, исмларига, ягоналигига, тарбиячи эканлигига, илоҳлигига иймон келтириш; Охират кунига, яъни, қиёмат кунига иймон келтириш; китоблар, яъни, Аллоҳ таоло томонидан бандаларни ҳидоятга бошлаш учун туширилган илоҳий-самовий китобларга иймон келтириш; Аллоҳ таоло юборган Пайғамбарларнинг бирортасини ҳам қолдирмасдан ҳаммасига иймон келтириш.
Ушбу иймон келтиришлар яхшиликнинг боши ва асосидир. Чунки, кимнинг Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, Пайғамбарларга иймони йўқ бўлса, ундан яхшилик чиқмайди. Чиқса ҳам, доимий бўлмайди. Бирор сабабга боғлиқ бўлади. Ўша сабаб тугаши билан яхшилиги ҳам тугайди.
“Яхши кўрган молини қариндошларига, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса”.
Яхши кўрган молидан қариндош-уруғларига, боқувчисидан ажраб қолган етимларга, яъни боқувчисиз қолган, балоғат ёшига етмаган ёш болаларга; мискинларга, яъни, еб-ичиш ва яшаш учун етарли маблағи, даромади йўқ кишиларга; ватангадоларга, яъни, ватанидан узоқда нафақасиз қолган одамларга; тиланчиларга, яъни, йўқчиликдан бошқалардан моддий ёрдам сўрашга мажбур бўлганларга; қул озод қилишга, яъни, хожаси билан маълум миқдор маблағ эвазига озодликки чиқишни келишиб қўйган қулларга бериш;
Ўзи яхши кўрган молини бировларга беришни одат қилган одам, заифлик, хирсу бахиллик сиртмоғидан озод бўлади. Мол-дунёга қулликдан озод бўлади. Бу юксак инсоний фазилатдир. Фақат юксак инсоний фазилатлар соҳибигина муҳтожлар тоифасидаги кишиларга холис ёрдам беради. Бу ишни қилган инсон ҳақиқий яхшиликни қилган бўлади.
“Намозни қоим қилса”
Фарз намозларни ўз вақтида, рукуъ, сажда ва бошқа арконларни жойига қўйиб, хушуъ ва хузуъ билан яхшилаб ўқиш. Намозда инсон ҳам сирти, ҳам ичи билан яъни, буткул борлиғи билан Аллоҳга юзланади. Унда инсоннинг жисми ҳам, ақли ҳам, руҳи ҳам ҳаракатга келади. Намоз ўқимаган одам Аллоҳ таърифлаган яхшиликни қилмаган бўлади.
“Закот берса”.
Мусулмонларнинг бой-бадавлатлари молларидан маълум миқдорини ҳақдор биродарларига молиявий ибодат сифатида берадилар. Бу иш мол эгасига Аллоҳ томонидан фарз қилинган. Шу фарзни адо этадиган одам яхшилик қилувчидир.
“Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар”.
Аҳдига вафодорлик мусулмонликнинг, иймонининг кўзига кўринган белгиларидан бўлиб, Қуръони каримда қайта-қайта такрорлангандир. Ким аҳдига вафо қилса, Аллоҳ таърифлаган яхшиликдан насибадор бўлади.
“Камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчилар”.
Фақирлик, бечоралик пайтида, беморлик вақтида, уриш, душманлар билан тўқнашув пайтида инсон машаққатларга учрайди. Шундай ҳолларда сабр қилиш лозим.
Сабр мусулмон кишининг алоҳида ва зарурий сифати ҳисобланади. Демак, турли қийин ҳолатларда сабр қилувчилар Аллоҳ таърифлаган яхшилик соҳибларидан бўлар экан.
Оятнинг охирида мазкур олиймақом сифатларга эга бўлганларни:
“Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир” деб таърифламоқда.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиздан иймон нима, деб сўраганларида, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ушбу оятни тиловат қилганлар. Кейин яна қайта сўраганларида яна шу оятни тиловат қлганлар.
Шундай қилиб, Аллоҳ битта оятда эътиқод асосларини, жон ва мол ибодатларини бирлаштириб, бир-биридан ажрамайдиган қилиб, уларнинг ҳаммасига “яхшилик” деб ном қўйди.
Шунинг учун ҳам ушбу ном остига кириб, унга амал қилганларни Аллоҳ таоло “Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир”, деб таърифламоқда.
Ана ўшалар Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтган тақводорлардир.
Суфёни Саврий ушбу оятни ўқиб туриб:
“Яхшиликнинг барча тури шу оятдадир”, деганлар.
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи:
“Ким шу оят билан сифатланса, Исломнинг барча сохаларига кириб, яхшиликнинг бошидан тутган бўлади”, деганлар.
Демак, яхшилик баъзи бир ишларга ўзича ҳар ҳил сифатлар бериб, адо этиш билан эмас, балки тақво асосида, яъни, Аллоҳнинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтиш билан хосил бўлар экан.
Одам қайси иш яхши ва савобли эканини билмоқчи бўлса фарз, вожиб, суннат амалларига қарасин , агар унга ўхшашини топса яхши бўлади. Акс ҳолда эса гарчи кишига яхшиликдек кўринган амаллар ҳам инсон учун бефойда, балки, гуноҳкор бўлиб қолишига етарли асос бўлиб қолади.
Бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
"Кимки бирор ёмонлик қилса, унга (охиратда ўша ёмонлиги) баробаридаги жазо берилур. Эркакми, аёлми - кимки мўминлик ҳолида бирор яхшилик қилса, айнан ўшалар жаннатга дохил бўлурлар. У жойда уларга беҳисоб ризқ берилур". ("Ғофир"сураси 40-оят).
Ан-Наввос ибн Самъон ал-Ансорий розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўрадим. Шунда у зот: "Яхшилик ҳусни хулқдур. Ёмонлик кўксингда тўқилган ва одамлар уни билиб қолишини ёқтирмаган нарсангдир.", дедилар ".
(Муслим ва Термизий ривояти)
Шарҳ: Сиз билан бизга яхшилик ва ёмонлик маъноларини чуқурроқ англаб етишимизда Восила ибн Маъбад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шариф ҳам ёрдам беради:
"Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламнинг хузурларига у зотдан яхшилик нималигини сўраб бордим. Шунда у зот: "Яхшилик ҳақида сўрагани келдингми ? " дедилар. "Ҳа", дедим. "Яхшилик кўнглинг тўлган ва қалбинг рози бўлган нарсадир. Ёмонлик кўнглингда тўқилган, кўксингда тараддудланган нарсадир. Агар одамлар сенга фатво берсалар ҳам " дедилар.
Яхшилик ҳақида келтирилган таърифларнинг бирида:
"Яхшилик - фарз ва вожибларни қилиш. Харомдан ҳазар қилиш. Одамларга очиқ юз билан қараб, уларга эҳсон қилиш", дейилган.
Ёмонлик - уни қилишинг хаёлга келганда кўнгли тўлмайдиган ва ўша ишни қилишини одамлар кўриб қолишини истамайдиган нарсадир.
Дарҳақиқат, разм солиб мулохаза қиладиган бўлсак, ёмонларнинг ўзи ҳам ўзлари ёмонликни қилаётганда кўнгиллари тўлмайди ва одамлардан беркитади.
Бу ҳадиси шарифда "Яхшилик ҳусни хулқдир" дейилмоқда. Албатта, бу гап ҳусни хулқнинг нақадар катта нарса эканини кўрсатади.
Шу билан бирга, бу ҳадис шарифдан яхшилик ва ёмонликнинг турлари кўплигини билиб ҳам оламиз. Ёмонликнинг турлари қанча кўп бўлмасин биз яхшиликка интилишимиз ва харакат қилишимиз керак. Зеро Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам:
"Ҳар бир қилинадиган яхшиликка садақа савоби берилади", деганлар.
(Имом Бухорий ва Аҳмад ривоят қилишган).
Шундай экан ҳар бир мўмин мусулмон учун яхшилик қилишлик лозим бўлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳақиқий яхшилик қилувчилардан айласин.
Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
- 60وَلِلْجَنَّاتِ وَالنِّيرَانِ كَوْنٌ عَلَيْهَا مَرَّ أَحْوَالٌ خَوَالِي
.Маънолар таржимаси: Жаннатлар ва дўзахлар (ҳозирда) бордир, уларга (яратиб қўйилганларига) ўтмиш йиллар ўтиб кетгандир
Назмий баёни:
Жаннатлар, дўзахлар мавжуд эрурлар,
Улар узра ўтган кўп ўтмиш йиллар.
Луғатлар изоҳи:
لِ – “шибҳи мулк” (мулк кўринишидаги) маъносини ифодаловчи жор ҳарфи бўлиб, исми маъно бўлган كَوْنٌ ва исми зот бўлган جَنَّاتِ ларнинг орасида келган.
الْجَنَّاتِ – жор ва мажрур хабари муқаддам.
النِّيرَانِ – луғатда “алангалар” маъносини англатади.
كَوْنٌ – хабаридан кейин келтирилган мубтадо. كَانَ феълининг масдари бўлиб, луғатда “воқеликда бор бўлиш” маъносига тўғри келади.
عَلَيْهَا – “истиъло” (устун бўлиш) маъносидаги жор ҳарфи.
مَرَّ – кўплаб шарҳларда مَرَّ ни масдар қилиб маъно берилган. Аммо таҳқиқларга кўра унинг феъл экани мўътабар ҳисобланади.
اَحْوَالٌ – фоил. Луғатда “тўлиқ бир йил” маъносини англатувчи حَوْل нинг кўплик шаклидир.
خَوَالِي – бу калима خَالِيةٌ нинг кўплик шакли бўлиб “ўтмишлар” маъносини англатади. اَحْوَالٌ нинг сифати.
Матн шарҳи:
Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра жаннатлар ва дўзахлар ҳозирда яратиб қўйилган, улар ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди.
Қадарийлар ва мўътазилийлар жаннат ва дўзахнинг ҳозирда яратиб қўйилганини инкор қилишган. Улар: “Агар жаннат ва дўзах мавжуд бўлса, ояти карималарда хабар берилганидек, йўқ бўлиб кетишлари лозим бўлиб қолади, шунинг учун улар қиёмат кунида яратилади”, – деган эътиқодда бўлишган. Ўзларининг бу қарашларига қуйидагича далиллар келтиришган:
“Унинг “юзи”дан бошқа барча нарса ҳалок бўлувчидир”[1].
Яъни Аллоҳ таолодан бошқа ҳар бир нарса ҳалок бўлгувчидир. Бошқа бир оятда ҳам барча жонзотнинг фоний бўлиб, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи боқий қолиши хабар берилган:
“(Ер) юзидаги барча мавжудот фонийдир. Улуғлик ва Икром эгаси бўлмиш Роббингнинг Ўзи боқийдир”[2].
Ушбу оятлардаги كُلٌ калимаси عَامٌّ ва جَمِيِعٌ каби умумийликни ифодаловчи калималарнинг энг кучлиси бўлиб, у чегараланмаган кўпликка далолат қилади. Модомики, бу калимани мазкур маъносидан бошқа маънога ўзгартирувчи далил бўлмаса, у асл ҳолида туради. Шунга кўра жаннату дўзахлар ҳозирда яратиб қўйилган бўлганида улар ҳам, ичидагилар ҳам қиёмат кунидан олдин бошқа махлуқотлар қатори йўқ бўлиб кетиши лозим бўлиб қоларди. Уларнинг эса ҳалок бўлмасликлари хабар берилган. Шунинг учун ҳам улар қиёмат кунида абадий йўқолмайдиган қилиб яратилади, – дейишган.
Жаннат ва дўзахнинг яратиб қўйилганига далиллар
Мазкур тоифаларнинг келтирган далилларига батафсил жавоблар берилган:
Аввало, жаннат ва дўзахнинг ҳозирда яратиб қўйилганига жуда кўплаб далиллар бор:
1. Қуръонда жаннат ва дўзах ҳақида келган оятларда ўтган замонни ифодаловчи сўзлар билан хабар берилган:
“Роббингизнинг мағфиратига ва Аллоҳга ҳамда Унинг пайғамбарларига иймон келтирганлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва ернинг кенглигича бўлган жаннатга мусобақалашинг”[3].
Ушбу оятда жаннатнинг тайёр қилиб қўйилгани хабар берилган. Қуйидаги оятда эса дўзахнинг таёрлаб қўйилгани хабар берилган:
“Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан сақланингиз!”[4].
Мазкур ояти карималарда жаннат ва дўзах ҳақида “тайёрлаб қўйилган” дея ўтган замонни ифодаловчи сўз билан келтирилиши уларнинг ҳозирда мавжуд эканига далолат қилади.
2. Қуръонда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жаброил алайҳиссаломни иккинчи марта асл ҳолатда “Сидратул мунтаҳо”нинг олдида кўрганлари ва унинг олдида Маъво жаннати борлиги хабар берилган. Бу эса жаннатнинг яратиб қўйилганига ёрқин далилдир:
“Қасамки, (Муҳаммад Жаброилни илк бор Ерда кўргач, яна) иккинчи бор кўрди. “Сидратул-мунтаҳо” (дарахти) олдида. “Маъво жаннати” ҳам ўша (дарахт)нинг олдидадир”[5].
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сидратул мунтаҳо”га борганларидан сўнг жаннатга кирганларини айтиб, унинг қандай эканини тасвирлаб берганлар:
ثُمَّ دَخَلْتُ الْجَنَّةَ فَإِذَا فِيهَا جَنَابِذُ اللُّؤْلُؤِ وَإِذَا تُرَابُهَا الْمِسْكُ.
“... Сўнгра жаннатга кирдим, у ерда марварид гумбазлар бор экан, унинг тупроғи мушк экан” (Имом Бухорий ривоят қилган).
4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуёш тутилган вақтда намоз ўқиганлари ҳақидаги ривоятда у зотнинг жаннатни ҳам, дўзахни ҳам кўрганлари, ҳатто жаннатдан бир шингил мева олайми, деб ўйлаганлари ҳам очиқ- ойдин келган:
عَنْ عُرْوَةَ قَالَ قَالَتْ عَائِشَةُ خَسَفَتْ الشَّمْسُ فَقَامَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَرَأَ سُورَةً طَوِيلَةً ثُمَّ رَكَعَ فَأَطَالَ ثُمَّ رَفَعَ رَأْسَهُ ثُمَّ اسْتَفْتَحَ بِسُورَةٍ أُخْرَى ثُمَّ رَكَعَ حَتَّى قَضَاهَا وَسَجَدَ ثُمَّ فَعَلَ ذَلِكَ فِي الثَّانِيَةِ ثُمَّ قَالَ إِنَّهُمَا آيَتَانِ مِنْ آيَاتِ اللَّهِ فَإِذَا رَأَيْتُمْ ذَلِكَ فَصَلُّوا حَتَّى يُفْرَجَ عَنْكُمْ لَقَدْ رَأَيْتُ فِي مَقَامِي هَذَا كُلَّ شَيْءٍ وُعِدْتُهُ حَتَّى لَقَدْ رَأَيْتُ أُرِيدُ أَنْ آخُذَ قِطْفًا مِنْ الْجَنَّةِ حِينَ رَأَيْتُمُونِي جَعَلْتُ أَتَقَدَّمُ وَلَقَدْ رَأَيْتُ جَهَنَّمَ يَحْطِمُ بَعْضُهَا بَعْضًا حِينَ رَأَيْتُمُونِي تَأَخَّرْتُ وَرَأَيْتُ فِيهَا عَمْرَو بْنَ لُحَيٍّ وَهُوَ الَّذِي سَيَّبَ السَّوَائِبَ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ
Урва розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: “Қуёш тутилган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам турдилар-да узун сура ўқидилар, сўнгра рукуъ қилиб, узоқ вақт рукуъда қолдилар, бошларини кўтарганларидан кейин бошқа бир сурани ўқий бошладилар, сўнгра рукуъ қилдилар, ушбу ракатни адо этиб сажда қилдилар, кейин иккинчи ракатда ҳам шундай қилдилар. Сўнгра: “Иккаласи Аллоҳнинг белгиларидан икки белгидир, агар ўшани кўрсаларингиз, то сизлардан очилиб кетгунича намоз ўқинглар. Мен ушбу турган жойимда менга ваъда қилинган барча нарсаларни кўрдим. Ҳатто менинг олдинга юрганимни кўрган пайтларингизда, жаннатдан бир шингил мева олайми ҳам деган эдим. Менинг орқага чекинганимни кўрган пайтларингизда, баъзиси баъзисини бузиб вайрон қилаётган дўзахни кўрдим. Унинг ичида Амр ибн Луҳайни кўрдим. У ибодат маъносида туяни қаровсиз ташлаб қўйишни биринчи бўлиб бошлаган эди”, – дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Адашган тоифаларнинг كُلٌ калимасини маъносидан бурувчи далил бўлмаса, у асл ҳолида тураверади, деган сўзларига эса қуйидагича жавоб берилган:
Юқоридаги далиллардан жаннат ва дўзахнинг ҳозирда мавжуд эканлиги собит бўлди. Мавжудлиги аниқ бўлган жаннатнинг тугаши йўқ экани ҳам хабар берилган:
“Албатта, бу Бизнинг (жаннат аҳлига берадиган) ризқимиздирки, унда тугаш бўлмас”[6].
Жаннатдаги неъматларнинг доимийлиги ҳам баён қилиб қўйилган:
“Тақволилар учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли, унинг остида анҳорлар (доимо) жорий, мевалари ва соялари боқийдир”[7].
Ҳадиси шарифда жаннат неъматларининг доимийлиги ҳақида шундай хабар берилган:
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ وَأَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إذَا دَخَلَ أهْلُ الجَنَّةِ الجَنَّةَ يُنَادِي مُنَادٍ إِنَّ لَكُمْ أنْ تَحْيَوْا فَلا تَمُوتُوا أَبَداً إنَّ لَكُمْ أنْ تَصِحُّوا فلا تَسْقَمُوا أبداً وإنَّ لَكمْ أنْ تَشِبُّوا فلا تَهْرَمُوا أبداً وإنَّ لَكُمْ أَنْ تَنْعَمُوا فَلا تَبْأسُوا أَبَداً. رَوَاهُ مُسْلِمٌ
Абу Саид ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон жаннат аҳли жаннатга кирсалар, бир нидо қилгувчи: “Албатта, яшашларингиз сизлар учун, ҳеч қачон ўлмайсизлар. Албатта, соғлом бўлишларингиз сизлар учун, ҳеч қачон касал бўлмайсизлар. Албатта, ёш бўлишларингиз сизлар учун, ҳеч қачон қаримайсизлар. Албатта, ҳузур-ҳаловатда яшашларингиз сизлар учун, ҳеч қачон бахтсиз бўлмайсизлар”, – дея нидо қилади”, – дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган.
Жаннатдаги неъматлар абадий бўлганидек, дўзахдаги азоблар ҳам абадийлиги ҳақида шундай хабар берилган:
“Албатта, аҳли китоб ва мушриклардан иборат кофирлар жаҳаннам ўтида бўлиб, ўша жойда мангу қолурлар” .
Хулоса қилиб айтганда, жаннат ҳам, дўзах ҳам ҳозирда мавжуд, ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди. Улар Аллоҳ таолонинг йўқдан бор қилиши билан вужудга келгани каби, У зотнинг йўқ қилиб юбормаслиги билан доимий бор бўлиб туради.
Кейинги мавзу:
Мўмин банданинг дўзахда абадий қолмаслиги баёни