Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Ақл кичрайгани сари ғурур, мақтаниш зиёда бўлади.
«Тарих мухрлаган сўзлар»
*****
Ҳатто муздан покроқ, қордан оппоқроқ бўлсанг ҳам сен ҳақингда чақимчилик қилишларидан қочиб қутулолмайсан.
Шекспир
*****
ҚУРЪОН ТИНГЛАЙЛИК!
Қуръони Каримни тинглашдан олдин тинглайдиган сурангизнинг тафсирини, маънолар таржимасини ўқиб чиқинг! Кейин кўзингизни юмиб, диққат билан тингланг! Тинглаш олдидан биров ҳалақит бермайдиган шароит қилиб олинг, токи хушуъ тарқалиб кетмасин! Ўқилаётган оятлар ҳақида тафаккур қилинг! Ўқиган тафсирни кўз олдингизга келтиринг! Инша Аллоҳ, қалбингизда туғилганингиздан бери туймаган лаззат ва хотиржамликни, ҳайбат ва қўрқувни ҳис этасиз!
*****
ИМТИҲОН ДУНЁСИ
Эй Одам боласи! Молу дунёинг қани?! Дўстларинг қани?! Мансабинг қани?! Қариндошларинг қани?! Кибринг қани?! Фарзандларинг ва оиланг қани?! Ушбу лаҳзада сени ким ҳимоя қилади?! Саволга жавоб беришга тайёрмисан?! Қабрда шафоатчинг бўлган Қуръонни ўқиб, амал қилдингми ёки ташлаб қўйдингми?! Ҳимоячинг бўладиган солиҳ амалларни тайёрладингми?! Намоз ўқувчилардан бўлдингми?! Эй Аллоҳ! Бизга қабр азобидан нажот бер!
*****
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларига ҳурмат
Америкада таниқли кимсаларнинг номи беш қиррали юлдуз шаклининг ичига ёзиб, ердаги йўлакчага қайд этилган.
Боксчи Муҳаммад Алининг номи эса деворга илиб қўйилган. Боксчи Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам исмларининг ҳурматидан, уни ерга, йўлакка қўйдирмаган.
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Агар ўйлаб кўрсанг, Аллоҳ таоло сени яхши кўришини, сени афзал қилганини англаб етасан. Зеро, Аллоҳ таоло сенга Ўзига ибодат қилишинг учун куч-қувват ато этди. Намозда: “Сенгагина ибодат қиламиз, Сендангина ёрдам сўраймиз” дейишга муваффақ этди.
Агар ўйлаб кўрсанг, Аллоҳ сени яхши кўришини, сени мукаррам этганини тушуниб етасан. Дунёнинг беҳисоб турли неъматларини ато этди, осмону ердан ризқингни берди.
Агар ўйлаб кўрсанг, Аллоҳ сенга офият неъматини берганини, Унинг неъматлари сенга доимий равишда келаётганини гувоҳи бўласан.
Бу нимани англатади? Бу Аллоҳ таоло сени яхши кўришини билдиради.
Ҳа, Аллоҳ ҳаққи, Ўзидан ўзга илоҳ йўқ бўлган Зот Аллоҳга қасамки, Албатта Аллоҳ сизни яхши кўради.
Бизни яхши кўради, зеро, Ўз раҳмати ила бизга Ўзини танитди.
Бизни яхши кўради, ахир Ўз фазли билан ибодатида бизни қоим этди.
Бизни яхши кўради, Ўзига сажда қилишимизни насиб этди-ку...
Агар Аллоҳ таоло сизни яхши кўришини англаб етсангиз, эй азиз биродарим, ахир Аллоҳ таолонинг муҳаббатига жавобан муҳаббат билан жавоб беришингиз керак эмасми?
Нима учун муҳаббатга муҳаббат билан жавоб қайтармайсиз?
Бизнинг қалбимиз Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат билан тўлиб тошиши керак. Агар сизнинг қалбингиз Аллоҳнинг муҳаббатига лиммо-лим бўлса, қалбингиздаги барча зулуматлар йўқолади. Аллоҳнинг муҳаббатидан бошқа нарсага жой қолмайди. Шунда Аллоҳ таолонинг бандаларига қараб, уларнинг ҳар бири сиздан афзал эканини англаб етасиз. Ҳатто улар бугун сиздан яхши бўлмасалар-да, эртага сиздан кўра яхши бўлишлари мумкинлигига ишонасиз.
Доктор, Шайх Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий
раҳматуллоҳи алайҳнинг маърузаларидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси