Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Саъд келаётган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мана бу менинг тоғам. Бас, ким менга ўз тоғасини кўрсата олади!», дедилар”.
Термизий ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини тоғам дейишларига сабаб, маълумки, У зотнинг оналари Омина бинти Ваҳб Бани Заҳра қабиласидан бўлганлар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ҳам Бану Зуҳра қабиласидан бўлганликлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини тоғам деганлар.
Саъд ибн Абу Ваққос розилаллоҳу анҳунинг тўлиқ қисмлари Саъд ибн Молик ибн Уҳайб ибн Абдуманноф ибн Зуҳра ибн Килоб ибн Мурра бўлиб, насаблари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Килоб ибн Муррада бирлашади.
Саъд ибн Абу Ваққос розилаллоҳу анҳу биринчи бўлиб исломга кирган кишилардан ҳисобланадилар. У киши бу ҳақда шундай деганлар:
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен Исломга кирган кунимдан аввал биров исломга кирмаган эди. Таъкидки, етти кунгача Исломнинг учдан бири бўлиб тердим»
Бухорий ривот қилган
Саъд ибн Абу Ваққос розилаллоҳу анҳу Исломга қандай кирганлари қуйидагиларни айтадилар: “Исломга киришимдан уч кун илгари тушимда ўзимни қатма-қат зулматларнинг ичида қолганимни кўрдим, унинг тўфони ичида типирчилаб турганимда бирдан менга ой нур сочиб қолди. Мен у томон юрдим. Ўз олдимда ул ойга мендан олдин борганларни кўрдим. Зайд ибн Хориса, Али ибн Абу Толиб ва Абу Бакр сиддиқни кўрдим. Уларга:
«Бу ёққа қачон келдингиз?», дедим.
«Бу соатда», дедилар.
Эрта билан менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яширин равишда Исломга даъват қилаётганликларини хабари етди. Шунда Аллоҳ менга яхшиликни ирода қилганини, мени зулматлардан нурга чиқаришини ирода қилганини билдим. Бас, У зот томон шошилиб бордим. Жиёд дарасида учратдим. Намоз ўқиб турган эканлар. Мусулмон бўлдим. Тушимда кўрганлардан бошқа менинг олдимга туша олмаган…”.
Саъд ибн Абу Ваққос розилаллоҳуанҳу Исломга кирганларида у киши ўн етти ёшда эдилар. У киши ёшликларидан бақувват, шижоатли бўлиб ўсиб улғайдилар ва кўплаб фазилат ва бахтларга эга бўлдилар. Жумладан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўриқчи бўлишлик бахтига эришганлар:
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида бир кеча уйқулари қочди ва:
«Саҳобаларимдан бир солиҳ киши мени кечаси қўриқлаганида эди», дедилар.
Биз шундоқ ҳолда турганимизда силоҳнинг шитирлагани эшитилиб қолди. Бас, У зот,
«Ким бу?», дедилар.
«Саъд ибн Абу Ваққос», деди
«Нимага келдинг», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
«Кўнглимга Набий соллаллоҳу алайҳи васалам ҳақида ҳавф тушиб, У зотни қўриқлагани келдим», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига дуо қилиб, сўнгра уйқуга кетдилар”.
Термизий ва Муслим ривоят қилишган.
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳу васалламнинг истакларига биноан Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни кўнгилларига У зотни қўриқлашликни солиб қўйди. Бу эса Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга Аллоҳ таоло томонидан берилган фазилатлардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўнгилларини топиб, истакларини бажариб, дуоларини олиш юксак даражадир. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ана шундай кишилардан эдилар.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти 3 курс талабаси Тошматов Каримуллоҳ
Ер юзига энг яқин бўлган юлдуз — Қуёш барча мавжудотлар, жумладан, инсонлар учун ҳаётий муҳим сайёрадир. Қуёш барча органик молекулалар ҳосил бўлишида иштирок этиб, инсонлар ҳам қуёш нурисиз яшай олмайди.
Қуёш нури триптофан аминокислотасининг серотонин гормонига айланишида ёрдам беради. У бизга қувонч ва ўзимизга ишонч туйғусини беради, кайфиятимизни кўтаради. Серотонин кучли антидепрессант бўлиб, мия, мушаклар ва ички органлар фаолиятини яхшилайди.
Қуёш нури орқали турли касалликларга даво топиш мумкин, жумладан, иммунитети пасайган, уйқусизлик, гормонал касалликлар ва мавсумий аффектив касалликларга чалинган одамлар учун қуёшда тобланиш фойдали бўлади.
Бундан ташқари, қуёш ултрабинафша нурларининг яна бир муҳим хусусияти мавжуд: у тери ҳужайраларида D витамини ишлаб чиқаришда фаол иштирок этади.
D витамини организмга калцийнинг сўрилиши учун зарур элемент ҳисобланади. У остеопороз ривожланишининг олдини олади, суяк тўқималарининг тикланишига ёрдам беради ва болаларда суяклар деформацияси ва ўсиш билан муаммоларнинг олдини олади.
Қуёш нури депрессиядан қутқаради, ундан ҳосил бўладиган D витамини нафас олиш ва гормонал касалликларнинг олдини олади ва кексайганда деменция ва атеросклероз ривожланишидан ҳимоя қилади.
Аммо узоқ муддатга қуёш нурлари остида қолиш танага зарар етказади.
Қуёш нурлари биринчи навбатда тери ва кўзларга таъсир қилади. Хусусан, ёз фаслидаги ўта иссиқ ҳаво шароитида терининг қуёш нурига сезгирлиги ошади ва фотодерматит касаллиги юзага келади.
Ортиқча қуёш нури иммунитетни заифлаштиради ва тери ҳужайраларида мутацияга сабаб бўлади. Бу эса ўз навбатида тери саратони — меланома, ретинобластомага олиб келади.
Қуёш остида узоқ қолиш ҳомиладор аёллар учун хавфлидир. Чунки ортиқча нурланиш ҳомила ривожланиши учун муҳим бўлган B9 витамини, яъни фолий кислотаси миқдорини камайтиради.
Офтоб нурларининг салбий таъсирларидан яна бири, томирларни кенгайтириши ва оёқларда варикоз, юзда эса ингичка томирларнинг ёрилишидан келиб чиқувчи қизил доғлар пайдо бўлишига сабаб бўлишидир.
Қуёш нурлари кейинчалик терининг барвақт қаришини келтириб чикаради. Чунки бу нурлар теридаги тўқималарни бўшаштиради ва у тезда қуришиб-буриша бошлайди.
Ҳар йили қуёшнинг ультрабинафша нурлари таъсиридан тери саратони касалига учраб минглаб инсонлар ҳаётдан кўз юммоқда.
Ёш болалар учун қуёшда юриш янада хавфлидир. Болалик ва ёшлик чоғида кўп қуёшда қорайганларда ёши ўтгандан кейин тери саратони касалига учраш эҳтимоли ортади.
Айниқса, қорайишни “соғлик аломати” деб билувчилар, болалик чоғидаёқ кейинги йилларда тери саратони бўлишига кифоя қиладиган миқдорда қуёшнинг салбий таъсирини олишга улгурган бўладилар. Ёз мавсуми тугаши билан тана ранги очилишига қарамай, ультрабинафша нурлари таъсири кетмайди.
Қуёшнинг зарарлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини 14 аср аввал бундай огоҳлантирганлар: “Офтобда ўтирманг. Офтобда ўтириш киши танасини бузиб, куритади. Яъни, намлигини тортиб олади, терисини бузади. Териси қуриб, кийими ҳам эскиради. У инсон баданидаги яширинган касалликларни юзага чиқаради”.
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “...Албатта, ҳароратнинг шиддати жаҳаннамнинг қайнаб чиққан иссиғидандир”, деганлар.
Шунинг учун, жазирама иссиқ кунларда офтоб остида кўп қолишдан сақланинг ҳамда кўпроқ “Аллоҳумма, ажирний минан-наар” (Аллоҳим, мени дўзахдан сақлагин) деб дуо қилишни унутманг!
Даврон НУРМУҲАММАД