Бугун, 18 октябрь куни Макка шаҳрида ўтаётган Ислом олами уюшмаси Олий кенгашининг 43-сессиясида дастлабки нотиқлар қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари нутқ сўзладилар.
У киши ўз нутқларида мусулмонлар ўртасида бирдамлик, ҳамжиҳатликни кучайтириш, ўзаро аҳилликка эришиш, турли ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш кераклиги, сессиянинг қабул қилинадиган қарорларида мусулмонларнинг умумманфаатини назарда тутиш мақсадга мувофиқ бўлиши борасида тўхталиб ўтиб, бу ишлар айниқса бугунги кунда давр талаби эканини таъкидладилар.
Шунингдек, Ўзбекистонда олиб борилаётган дин соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида гапириб бердилар.
Анжуман иштирокчилари муфтий ҳазратларининг нутқларини диққат билан тинглаб, мазкур нутқдан таъсирланганликларини, ҳазратнинг айтган сўзлари уларда катта таассурот қолдирганини баён этдилар.
Анжуманда муҳокама қилинаётган масалалар ҳақида сайтимизда батафсил ёритиб борамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
1. Ерни ифлос қилманг
“Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилманг!” (Аъроф сураси, 56-оят).
2. Аллоҳ покликни яхши кўради
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ покизадир – покизаликни севади”.
3. Ахлат ташламанг!
Набий алайҳиссалом: “Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар”, деганлар.
4. Аллоҳ кечириб юборади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам йўлда юриб кетаётиб тиканли бир шохни кўриб, уни олиб ташлади. Шунда Аллоҳ уни тақдирлади ва мағфират қилди”, дедилар.
5. Бу ҳам – садақа
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўлдан азият берувчи нарсани олиб ташлашингиз ҳам – садақадир”, деганлар.
6. Қанча мева бўлса шунча савоб
Набий алайҳиссалом: “Ким бир ўсимлик экса ва мева берса, Аллоҳ таоло унинг меваси ададича (савоб) беради”, дедилар.
Даврон НУРМУҲАММАД