Бугун, 17 октябрь куни “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018” Республика босқичи 18-25 ёшлилар ўртасидаги ҳифз йўналиши 1-ўрин соҳиби, Андижон шаҳридаги “Саййид Муҳйиддин махдум” ислом билим юрти талабаси Муҳаммадисо қори Маҳмудов шу йилнинг 18-21 октябрь кунлари Қуръони каримни тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш бўйича Россия Федерациясида ўтказиладиган XIX Халқаро Қуръони карим мусобақасида иштирок этиш учун Москва шаҳрига жўнаб кетади.
Маълумотларга кўра, мазкур мусобақанинг ташкилотчиси Россия мусулмонлари диний идораси ва Россия муфтийлари кенгашидир. Мусобақанинг финал босқичида бутун дунёдан 30 нафардан ортиқ қорилар иштирок этади.
Шу йилнинг 21 октябрь куни Москвадаги Crocus City Hall концерт залида Қуръон байрами ўтказилади. Байрам тадбирида XIX халқаро Қуръони карим мусобақасининг финал босқичи бўлиши айтилмоқда. Бу ҳақда Islam-today нашри хабар берди. Шунингдек Қуръон байрами меҳмонлари турли ижодий жамоалар чиқишларини, маҳорат дарсларини, кўргазмаларни, тренинг ва болалар шаҳарчаларини томоша қилишлари мумкин бўлиши қайд этилган.
Халқаро алоқалар бўлими
Шу кунларда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар Диний идоралари ҳузуридаги Фатво кенгашининг навбатдаги семинари Туркия пойтахти Анқара шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Озарбайжон давлатларидан келган мутахассислар иштирок этмоқда.
Тадбир Туркий давлатлар ташкилоти котибияти ташаббуси ва Туркия диёнат ишлари бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган йиғилиш олти кунлик махсус семинар шаклида ўтказилмоқда.
Мазкур йиғилишда янги ойни кузатиш, намоз вақтлари, тақвим тузиш, озуқа маҳсулотларига қўшиладиган желатин моддасининг ҳукми, сафар масофаси, закот нисобини аниқлашга оид масалалар бўйича ҳар бир юрт вакили ўз тажрибаларини баён қилиб, фикр-мулоҳаза алмашмоқда. Шунингдек, тадбир қатнашчилари Туркия диёнат ишлари бошқармаси иш фаолияти билан ҳам яқиндан танишмоқда.
Йиғилишдан кўзланган мақсад Туркий давлатлар ўртасида диний-маърифий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, фатволар чиқаришда ўзаро якдиллик ва бирхилликни таъминлашдир.
Ушбу халқаро семинарда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламолари Ғуломиддин домла Холбоев, Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров, Абдулатиф домла Турсунов қатнашмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати