Бугун, 17 октябрь куни “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018” Республика босқичи 18-25 ёшлилар ўртасидаги ҳифз йўналиши 1-ўрин соҳиби, Андижон шаҳридаги “Саййид Муҳйиддин махдум” ислом билим юрти талабаси Муҳаммадисо қори Маҳмудов шу йилнинг 18-21 октябрь кунлари Қуръони каримни тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш бўйича Россия Федерациясида ўтказиладиган XIX Халқаро Қуръони карим мусобақасида иштирок этиш учун Москва шаҳрига жўнаб кетади.
Маълумотларга кўра, мазкур мусобақанинг ташкилотчиси Россия мусулмонлари диний идораси ва Россия муфтийлари кенгашидир. Мусобақанинг финал босқичида бутун дунёдан 30 нафардан ортиқ қорилар иштирок этади.
Шу йилнинг 21 октябрь куни Москвадаги Crocus City Hall концерт залида Қуръон байрами ўтказилади. Байрам тадбирида XIX халқаро Қуръони карим мусобақасининг финал босқичи бўлиши айтилмоқда. Бу ҳақда Islam-today нашри хабар берди. Шунингдек Қуръон байрами меҳмонлари турли ижодий жамоалар чиқишларини, маҳорат дарсларини, кўргазмаларни, тренинг ва болалар шаҳарчаларини томоша қилишлари мумкин бўлиши қайд этилган.
Халқаро алоқалар бўлими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким иймон билан, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазонда иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар (Муттафақун алайҳ).
Жобир розияллоҳу анҳудан яхши санад билан ривоят қилади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир мусулмоннинг Рамазонда ижобат бўладиган дуоси бор”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Солиҳ салафлар Аллоҳнинг китобига бошқача эътибор беришар эди. Айниқса Рамазонда ақл бовар қилмас даражада ажойиб бир ҳолатлар кўрилган. Баъзилари Рамазонни ўн кечасида Қуръонни хатм қилишар, баъзилар етти ва баъзилар уч кечада хатм қилишар эди.
Соиб ибн Язиддан ривоят қилинади: “Саҳобалар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврларида Рамазонда йигирма ракат таровеҳ ўқишар ва унда юзлаб оятларни хатм қилишар эди. Усмон ибн Аффон даврларида қиёмда узоқ туришганидан асоларга суяниб олишар эди” (Имом Байҳақий ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Қуръон дунё осмонига Қадр кечасида бир йўла нозил қилинди. Сўнгра, ундан кейин йигирма йил мобайнида бўлиб-бўлиб нозил қилинди”, деди (Байҳақийнинг «Шуъабул иймон» асаридан).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақаларнинг энг афзали Рамазонда берилган садақадир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Қатода розияллоҳу анҳу: “Агар Рамазонда гуноҳларинг кечирилмаса, ундан бошқасида кечирилмайди”, деб айтдилар.
Аллоҳим! Сендан гўзал рўза ва гўзал хотима сўраймиз. Бизни Рамазонда зиён кўрувчилардан қилиб қўйма!