Имом Бухорий, имом Муслим ва имом Аҳмадлар бу воқеани Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу воқеани саҳобаларга сўзлаб берганлар. Унинг қисқача мазмуни қуйидагилардан иборат:
«Бану Исроилда Журайж деган бир авлиё, обид, тақводор зот бўлган экан. У ўзига пахса девордан бир ибодатхона қуриб олган экан. Тафсир китобларида ўзи аввал тожир бўлган, дейилган. Аммо бир куни тижоратдан воз кечиб, ўзини батамом тоат-ибодатга бағишлабди. Журайж онасига кўп хизмат қилган, онасининг розилигини олган одам эди. Ибодатда ҳам мустаҳкам, ўта парҳезкор эди. Бир куни она келиб, ташқаридан ўғлини чақирди. Ўғил ибодатхонанинг ичида нафл намоз ўқиётган эди. Онасининг овозини эшитиб, «Ё Роббим, қай бири муҳим? Онамми, намозимми?» деб ўйлади. Аммо намозини муҳимроқ санаб, онасига жавоб бермай, намозини ўқийверди. Она ҳар сафар чақирганда уч марта чақирар, сўнг қайтиб кетаверарди. Она уч кун давомида уч марта келди. Уч марта келганида ҳам Журайж намоз ўқиётган вақтга тўғри келиб қолди. Журайж ҳар сафар «Эй Роббим, онамми, намозимми?» дер ва намозида давом этаверарди. Журайж онасини ниҳоятда яхши кўрадиган, ниҳоятда ҳурмат-эҳтиром қиладиган, хизматини қилиб, онасининг розилигини олган одам эди. Лекин намозда туриб, ҳатто онага ҳам жавоб бериб бўлмайди деб тушунарди. Ҳолбуки, нафл намоз бўлса, уни тезлатиб ўқиб, тезлатиб салом бериб, фақат она эмас, бошқа одамга ҳам жавоб берса бўлади. Онага жавоб бериш эса бундан ҳам авлороқ эди. Хуллас, Журайж онага жавоб бермади. Учинчи кун учинчи марта ҳам чақириб бўлганидан кейин она ранжиб, «Бузуқ аёлнинг туҳматига қолмагунингча Аллоҳ сени ўлдирмасин» деб ёмон дуо қилиб юборди ва Аллоҳнинг изни билан бу дуо ижобат бўлди. Эл-юртда Журайжнинг обрўси баланд эди. Табиийки, Журайжнинг бу обрўсини кўра олмайдиганлар ҳам бор эди. Ана шу кўра олмайдиганлар даврасида «Қандай қилсак, Журайжни шарманда қиламиз?» деган маслаҳатлар тез-тез бўлиб турар эди. Бир фоҳиша аёл бор эди. Чиройли, келишган бу аёл «Мен уни йўлдан ураман», деб, гаров ўйнади. У Журайжнинг олдига бориб, уни ўзига қаратаман деб роса уриниб кўрди, лекин Журайж унга қараб ҳам қўймади. Шунда фоҳиша унга бошқа йўл билан зарар етказиш мақсадида тоғларга чиқиб кетди, бир чўпонни топти-да, у билан қўшилиб, ундан ҳомиладор бўлди. У даврнинг қоидасида ҳам зинодан бола орттирган одамлар ўлимга маҳкум қилинар экан. Одамлар «Бу боланинг отаси ким?» дейишган эди, фоҳиша: «Журайж», деди. Одамлар ғазаб отига миниб, ҳеч нарсани суриштирмасдан, Журайжнинг ибодатхонасини вайрон қилишди. Ўзини эса уриб-сўкиб, ҳақоратлашиб, «Биз сени ҳалол, ибодатли одам деб юрсак, сен ҳаромхўр экансан» деб, уни ўлдиришга шайланишди. Шунда Журайж икки ракъат намоз ўқиди. Барчамизга маълумки, Пайғамбарими соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир мушкул вазиятга тушганларида намоз ўқир эдилар. Бу нарса барча мусулмонларга, бутун умматга суннатдир. Аллоҳ асрасин, бошимизга бирор мушкул иш тушса, намоз ўқишимиз керак, ёрдам сўраб, Аллоҳга юзланишимиз керак. Журайж намозини ўқиб бўлгач, «Менга болани кўрсатинглар», деди. Бола бешикда ётар эди. Журайж борди-да, боланинг қорнига бармоғи билан ниқтаб, «Эй бола, сенинг отанг ким?» деди. Шу пайт мўъжиза юз бериб, бешикдаги бола тилга кирди-да, аниқ қилиб, «Отам Фалончи чўпон», деб жавоб берди. Одамлар ҳайратдан саросимага тушиб қолишди. Қандай катта хато қилиб қўйишганини тушунишди. Ҳаммалари келиб, Журайжга «Ибодатхонангни олтиндан қуриб берайликми?» дейишди. «Йўқ, аввалгидек, пахса девордан қуриб беринглар», деди Журайж. Ибодатхонасини пахса девордан қайтадан қуриб беришди».
Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларга мана шу воқеани ҳикоя қилиб берганлар. Бу воқеада онанинг фазли нақадар юксаклиги билинади. Бу ҳикоядан биринчи ўринда олинадиган фойда шуки, ота-онанинг фазли, айниқса онанинг даражаси ниҳоятда юксакдир. Шунинг учун машойихларимиз шундай дейдилар: «Онанг сени бир ишга буюраётган бўлса, билгинки, Роббинг сени ибодатга чорлаётган бўлади». Оналаримиз бизга иш буюраётган бўлса, Роббимиз бизни ибодатга чорлаётган бўлар экан. Журайжнинг воқеасидан яна кўплаб фойдалар олишимиз мумкин. Жумладан, билишимиз керакки, Аллоҳ таоло Ўзининг валий бандаларини ҳам баъзан ана шундай ишлар билан синаб, яна ҳимоялаб ҳам қўяр экан. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бешикдаги болани тилга киритиб, Журайжни ҳимоя қилиб қўйди.
Уламоларимиз тарихда гўдаклигида сўзлаган тўртта чақалоқ бор, шулардан бири Журайжга гапирган чақалоқдир, дейишган. Тарих китобларида ўша боланинг исми ҳам, айтилган отаси ким бўлганлиги ҳам айтилган. Аммо бугунги мавзу учун шу ергача айтилгани кифоя, биродарлар.
Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ
ЎМИ матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳасан розияллоҳу анҳу зироат экинлари экиладиган ерларга эга эди. Бундан ташқари, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан бирга давлатдан йилига беш минг дирҳам маош оларди. Бу миқдордаги маошни фақат Бадр жангида қатнашганларгина олишлари мумкин эди. У киши розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳунинг даврида йилига юз минг дирҳам маош оладиган бўлди. Кўплаб бой саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари туфайли Ҳасан розияллоҳу анҳу ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуга катта миқдорда ҳадялар беришарди. Бундан ташқари, баъзи саҳобалар ўлимидан олдин ўзи қолдирган меросдан уларга берилишини васият қилишарди. Масалан, Бадр ва Уҳуд жангларида қатнашган Ислом суворийси Миқдод ибн Амр ибн Саълаба ал-Киндий ўлимидан олдин бойлигидан ўн саккиз минг дирҳамни Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога васият қилади. Бу васият амалга оширилади.
Ҳасан розияллоҳу анҳу кўп марта уйланган саҳобалардан эди. Бироқ у ажрашган аёлларига нисбатан жуда сахий эди. Ана шундай аёли Оиша Ҳасамийяга йигирма минг дирҳам нафақа тўлаган. Яна ажрашган икки хотинига ўн минг дирҳамдан ташқари бошқа мол-мулкларни ҳам нафақа қилиб қўшиб берган. У никоҳига оладиган аёлларига ҳам кўп миқдорда маҳр берарди. Иккита аёлига йигирма минг дирҳамдан, бошқа бир аёлига эса юзта жория ва юз минг дирҳам маҳр берган.
Ҳасан розияллоҳу анҳу бор мол-мулкини икки марта, мол-мулкининг ярмини оёқ кийими ва маҳсиларигача уч марта ҳадя қилган. Ёрдамга муҳтож бир кишига бир юз ўттиз минг дирҳам, бошқа бирига эса юз минг дирҳам садақа қилгани ривоят қилинган. Мадина кўчаларидан ўтиб кетаётган бир йўловчини зарур бўлган улов ва озиқ-овқатлар билан таъминлаган. Эҳтиёжи учун юз минг дирҳам сўраб Аллоҳ таолога дуо қилган кишига ўшанча пул жўнатган. Масжидул Ҳаромнинг четида бир кишининг «Аллоҳим, менга ўн минг дирҳам бер», деганини эшитиб, дарҳол уйига қайтиб бориб, унга шунча пул юборган.
Ҳасан розияллоҳу анҳу ҳаж сафари чоғида ўзи ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуни, жияни Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни қўй гўшти билан меҳмон қилган бечора аёлни Мадина бозорида кўриб қолиб, унга мингта қўй ва минг тилла бериб юборган.
Маккадан Мадинага сафари чоғида бир одам у кишини ёмғирдан ҳимоялаш учун ўз чодирида меҳмон қилади. Ана шу чодир эгасига чўпонлари билан бирга юзта туя ҳадя қилади.
Яна Ҳасан розияллоҳу анҳу ўзига бир қўй ҳадя қилган қулни қўйлари билан бирга сотиб олиб, уни озод этади ва унга сурувни ҳадя қилади. Шунга ўхшаш яна бир воқеа: итига овқатидан берган қулни ўзи қўриқлаётган боғи билан бирга сотиб олиб, уни озод қилади. Кейин ўша боғни қулнинг ўзига ҳадя қилади.
«Миллионер саҳобалар» китобидан