Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

Наманганда “Энг маърифатли имом” танловининг вилоят босқичи ўтказилди

15.10.2018   5860   5 min.
Наманганда “Энг маърифатли имом” танловининг вилоят  босқичи ўтказилди

Ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидлар имом-хатиб ва имом-ноиблари ўртасида анъанавий тарзда “Йил имоми” кўрик танлови ўтказиб келинар эди. Жорий йилдан эса мазкур танлов Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 10 сентябрдаги 01/А092-сонли буйруғи асосида “Энг маърифатли имом” номи остида янги Низом асосида ўтказилди.

Танловнинг мақсади – бугунги тараққиёт талабларига жавоб берадиган, кучли илмий салоҳиятга эга, юқори касбий маҳорат соҳиби бўлган, ташаббускор, илғор фикрли, инновацион ғоялар муаллифи, замонавий ахборот технологияларидан етарлича фойдалана оладиган ва кенг халқ оммасига ўз фикрини етказиш қобилиятига эга бўлган энг иқтидорли, фаол имом-хатибларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

Уч босқичда ўтказилиши белгиланган танловнинг биринчи шаҳар-туман босқичи ғолиблари 15 октябрь куни Наманган шаҳридаги “Яҳёхон тўра” жоме масжидида ўтказилган вилоят босқичида ўзаро беллашдилар.

Танлов Қуръони карим тиловати билан бошланди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакили, вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов сўзга чиқди. У жорий йилги танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг                16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 15 банддан иборат тарихий фармони ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда белгиланган вазифалар эканини таъкидлади.

Ўтказилаётган кўрик-танловдан кўзланган мақсад юртимизни юқори савияли, кучли билимга эга диний кадрлар билан таъминлаш, имомларнинг малака ва кўникмаларини янада ривожлантириш эканини айтди.

Хусусан, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатларнтириш мақсадида ўтказилаётгани, юртимизда диний-маърифий соҳага, илм аҳлига кўрсатилаётган эътиборга алоҳида тўхталди. Давлатимиз раҳбари ва Мусулмонлар идораси раҳбариятига танлов иштирокчилари номидан ташаккурлар айтди.

Шунингдек, танловда имомлардан ташқари масжидларда жонкуярлик билан хизмат қилиб келаётган, ўз устида мунтазам иш олиб бораётган бир гуруҳ ходимлар ҳам тақдирланади деб, барча иштирокчиларга омад ва муваффақиятлар тилади.

Танловда кузатувчи сифатида иштирок этган Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Муҳаммадайюб домла Ҳомидов ҳам сўзга чиқди.          

У киши Ўзбекистон мусулмонлари идораси Раҳбариятининг саломини танлов иштирокчиларига етказиб, ҳақиқатда Наманган вилоятида бу йилги танловга ўзгача иштиёқ билан катта тайёргарлик кўрилганини эътироф этди ҳамда танлов иштирокчиларига омад тилади.

Танловда иштирокчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди ҳамда танлов сўнгида натижалар эълон қилинди:

“Энг маърифатли имом” танловининг Наманган вилоят босқичи ғолиблари:

I-ўрин: Умурзаков Кодиржон Джураевич (Поп тумани “Муҳаммаджон қори” жоме масжиди имом-хатиби)

II-ўрин: Усмонов Ибодулло Исмоилхонович (Косонсой тумани “Эшонбобо” жоме масжиди имом-хатиби)

III-ўрин: Хапизов Шамсиддин  Ахмедович (Наманган тумани “Халил ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби)

“Энг кўп обуна уюштирган имом”

- Ҳамроқулов Камолиддин (Норин тумани “Ҳаққулобод” жоме масжиди имом-хатиби

“Энг кўп мақола нашр этган имом”

- Исақов Абдулвоҳид (Наманган шаҳар “Мирёқуббой Мирҳакимбой” жоме масжиди имом-хатиби)

 “Энг обод масжид”

- Наманган шаҳар “Мавлоно Алийюл қори” жоме масжиди (масжид имом-хатиби Ҳамдамов Абдулбосит)

 “Энг тарғиботчи имом”

- Турсунов Шукрулло (Наманган шаҳар “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом-хатиби)

“Энг таъсирли ижодий иш”

- Икрамов Обидхон (Наманган вилоят бош имом-хатибининг ўринбосари “Жазарий матни” ҳамда “Қуръони карим тиловатида вақф ва ибтидо” рукни остида чоп этилган асарлари учун)

“Энг хушовоз муаззин”

- Юсупов Носирхон (Косонсой тумани “Аълохон маҳдум” жоме масжиди муаззини)

“Энг ишбилармон мутавалли”

- Сиддиқов Хасанхон (Уйчи тумани “Машҳад мозор” жоме масжиди мутаваллиси)

“Энг миришкор боғбон”

- Ризаев Маъмуржон (Поп тумани “Кичик Хўжаобод” жоме масжиди боғбони)

“Энг намунали таҳоратхона”

- Наманган шаҳар “Маҳдум эшон” жоме масжиди  таҳоратхонаси (масжид имом-хатиби Шахобитдинов Боситхон)

“Энг замонавий қоровулхона” 

- Наманган шаҳар “Абу Юсуф” жоме масжиди  қоровулхонаси (масжид имом-хатиби Юсупов Боситхон)

“Энг бой кутубхона”

- Наманган шаҳар “Абу Юсуф” жоме масжиди  кутубхонаси (масжид имом-хатиби Юсупов Боситхон)

Ғолиблар Наманган вилоят вакиллигининг диплом ва ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

  

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакиллиги

Матбуот хизмати

Фотолавҳалар
Бошқа мақолалар

Қалбнинг зангини кетказувчи амал

8.01.2025   7271   3 min.
Қалбнинг зангини кетказувчи амал

Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.

Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.

Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.

Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.

Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.

Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.

Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.

Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.

Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.