Бугунги глобаллашув шароитида дунё янгиликларини ўрганиш ва уларни синтез қилиш, оқини қорасидан ажратиб бориш, албатта, муҳим фаолиятдир. Зеро, дунёда бўлаётган жараёнларга эътиборсиз қолиб, кўз юмиб бўлмайди.
Аллоҳ таолонинг иродаси ила дунёда Одам фарзандлари турли миллат ва элат вакилларига ажиратилган. Уларни бир-бирларидан ажиратувчи энг асосий восита бу тилдир. Тиллар бошқаларидан шунчалик даражада фарқланиб кетганки, уларни узоқ ва чуқур ўрганишларсиз тушиниб, англаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам ўз тилидан бошқа тилларни билувчилар жамиятда унчалик кўп учрайвермайди, балки баъзилар бир нечта тилларни билса, бошқалари ундан бошқаларини ўзлаштирган бўлади, ва бошқа тоифа эса фақатгина маҳаллий тилини гина билади холос.
Лекин, уларнинг дунё янгиликларидан бир хил хабардор бўлишга ҳақлари бор ва бу борада улар тенгдирлар. Шундай экан фақат биргина йўл, яъни турли хил тилларда келаётган маълумотларни маҳаллий тилга таржима қилиш ва жамиятнинг барча қатлам вакиллари учун тақдим қилиш зарур бўлади. Бундан маълум бўладики, таржимонларнинг, яъни касб юзасидан эмас, балки таржима қилишга салоҳиятли бўлган шахсларнинг жамият ҳаётидаги ўрни аҳамиятлидир.
Аслида таржимадан кўзланган максад - хорижий тил лисоний воситалари ёрдамида яратилган матн ёки нутқни она тили материали асосида қайта яратишдан иборатдир. Бунинг учун таржимон, биринчи навбатда, асл нусхани тўла-тўкис идрок этиши, сўнгра уни ўз тилида беками-кўст қайта ифодалаши даркор. Муаллиф бермоқчи бўлган маълумот ёки яратган воқеъликни тўлалигича идрок этиш учун таржимон кенг мушоҳада қувватига эга булгани ҳолда, асар таркибидаги лисоний воситаларнинг мазмуний ва услубий-эстетик жихатларини туғри англаши, шу билан бирга муаллиф назарда тутган бош ғояни, унинг ният ва мақсадларини. очиқ-ойдин кўзга ташланиб турган воқеа-ҳодисалар тасвиридан ташкари яна матн ортида турган воқеъликни, бир сўз билан айтганда нафақат лисоний, балки ғайрилисоний омилларни ҳам тўла-тўкис тасаввур этиши зарур. Токи натижа шундай бўлсинки, аслият ўз ўқувчи ёки тингловчисига қандай тушунча ёки завқ бахш этса, унинг таржимаси ҳам асарни аслиятда мутолаа қила олмайдиган ўқувчи ёки эшитувчига ҳудди шундай таасурот инъом этсин.
Таржимада нухсонларни кўрган шахс аслни саёзликда айблайди, ёки умуман ундаги ғояга қарши фикир пайдо қилади. Натижада асл асардан кўзланган мақсад амалга ошмайди, балки тескари таъсир кўрсата бошлайди. Шунинг учун ҳам таржиманинг маълумотлар алмашинуви жараёнларида аҳамияти жуда каттадир.
Мазкур фикрларни хулосаси ўлароқ айтиш мумкинки, барча илмлар қатори таржимонлик илми ёки тил ўрганиш ҳар доимгидан кўра бугунги глобаллашув шароитида энг муҳим вазифалардандир.
Иброҳим АҲМАДЖОНОВ
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
ЎМИ матбуот хизмати
Туркиянинг “CNN-Türk” телеканалида эфирга узатилган “Тафаккур доираси” дастурида сўзга чиққан таниқли олим, Миллий мудофаа университети ректори, профессор Эрҳан Афёнжу Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида фикр юритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Кўрсатувда қатнашган турк тарихчиси Эрҳан Афёнжу Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг энг гўзал шаҳарлари жойлашган алоҳида географик ҳудуд сифатида таърифлаган.
Олимнинг фикрича, жуда кўпчилик сайёҳлар Ўзбекистонни ўз кўзи билан кўришни истайди. Чунки дунёга машҳур Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент каби шаҳарлар ана шу заминда жойлашган.
Турк тарихчиси ёшларга мурожаат қилиб, хорижга саёҳат қилишни, аввало, Туркий дунё мамлакатларини кашф этиш, аждодлар юрти билан яқиндан танишишдан бошлаш лозим эканини таъкидлади.
“Ёшларга тавсиям шуки, ҳозир хорижга саёҳат қилмоқчи бўлсангиз, аввало Туркий заминни айланинг. Масалан, Ўзбекистонга бориб, тарихий шаҳарларни кўриб келинг, аждодларингиз юрти билан танишинг. Сўнг Салжуқийлар давлати барпо этилган заминларни кўринг”, – деди профессор.
Эрҳан Афёнжунинг таъкидлашича, бундай саёҳатлар ёшлар учун ҳар томонлама фойдали ва қизиқарли бўлиб, уларнинг тарихий хотираси ва дунёқарашини бойитади.
“Масалан, Самарқанднинг гўзаллигини дунёнинг кўп жойларида топа олмайсиз. Айниқса, турк ёшлари ўз аждодлари яшаган заминни бориб кўришлари лозим”, – деди олим.
Профессор Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг асосий бешикларидан бири, илм-фан маркази сифатида ҳам алоҳида эътироф этган.
Шунингдек, турк тарихчиси Ўзбекистоннинг нафақат тарихий ва маданий, балки географик жиҳатдан ҳам яшаш учун қулай ҳудуд эканини таъкидлаган.
Дастур давомида профессор билдирган фикр-мулоҳазалар Туркия жамоатчилиги орасида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, бой маданий мероси ва туризм салоҳиятига бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати