Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам комил мўмин кишиларга бериладиган кароматлардан бирини шундай баён қилганлар:
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ‘‘Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ‘‘Мўминнинг фаросатидан эҳтиёт бўлинглар, чунки у Аллоҳнинг нури ила назар солади’’, – дедилар, сўнгра ‘‘Албатта, бу (ходиса) да фаросатли кишилар учун аломатлар бордир’’ оятини ўқидилар’’ (‘‘Сунани Термизий’’да келган).
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам комил ва мухлис банданинг Аллоҳ таоло томонидан иззат-икром қилинишини, унга ҳақ билан ботил орасини ажратиш форосати берилишини хабар бермоқдалар. У зотнинг: ‘‘Мўминнинг фаросатидан эҳтиёт бўлинглар’’, дея буюришларидан қуйидаги маънолар ирода қилинган: маъсиятларнинг ошкорасидан ҳам, махфийсидан ҳам сақланинглар, эҳтимол, мўмин киши халойиқдан яшираётган нарсаларингизни билиб турар, натижада, унинг олдида шарманда бўласизлар. Чунки комил мўмин киши сизлар яшираётган нарсага Аллоҳ таола чароғон қилган қалб кўзи билан назар солади ва ҳақиқатни ҳис этади. Фаросат луғатда ‘‘фаҳмлаш’’, ‘‘ўткир ақл’’ маъноларини англатади. Шунинг учун ҳам халқимизда ‘‘Фаросат ярим каромат’’ деган ҳикматли сўз бор. ‘‘Туҳфатул аолий’’ китобида фаросат турларга ажратилиб шарҳланган:
Фаросатнинг турлари:
Иймоний фаросат – банда қалбига солган Аллоҳ таолонинг нури бўлиб, қалбни чулғаб оладиган идрокдан бўлади. Ушбу фаросат иймон қувватига кўра турлича бўлиб, иймон қанчалик кучли бўлса, фаросат ҳам шунчалик ўткир бўлади.
Риёзий фросат – тўйиб таом емаслик, бедорлик ва ўзини ҳилватга олиб ёлғиз бўлиш каби ишлар билан ҳосил бўлади. Мазкур ишларни қилиш натижасида кишида фаросат ва атрофидаги нарсаларнинг ҳақиқатини англаш тўғрисидаги маълум бир тушунчалар юзага келади. Ушбу фаросат фақатгина мўмин кишига хос эмас, балки мазкур риёзатларни чеккан кофир кишида ҳам ҳосил бўлиши мумкин. Чунки бу фаросат иймонга ҳам валийликка ҳам далолат қилмайди, шунингдек, ҳақиқатни ҳам, доимо тўғри йўлни ҳам кўрсатиб бермайди.
Холқий фаросат – Аллоҳ таолонинг ҳикмати тақазо қилган боғлиқликлардан ҳулоса чиқариш истеъдоди бўлиб, мазкур боғлиқликларни илғай олган кишиларда ҳосил бўлади.
Каромат тушунчасининг ғайриоддий ишларга қўлланилиши ҳақида қуйидаги сўзлар айтилган: ‘‘Кароматнинг ғайриоддий ишларга нисбатан қўлланилиши мажозийдир. Зеро, Аллоҳ таоло ана шундай ғайриоддий ишларни тақводор мўмин учун иззат-икром сифатида зоҳир қилади. Кароматнинг зоҳир бўлиш ҳикмати эса валийнинг дунёда зуҳдга бўлган азму қарорини кучайтириш ҳамда уни нафсу ҳаво чақириқларидан ажратишдир’’.
Ушбу таърифлардан кўриниб турибдики, валийлар Аллоҳ таолонинг дўстлари бўладилар, улар тарафидан содир бўладиган ғайриоддий ишлар Аллоҳ таолонинг уларга берган инъоми бўлади. Улар бу мукофотларга шариат ҳукмларини яхши биладиган ва уларга қатъий амал қиладиган олим бўлганлари сабабли эришганлар. Чунки шариат аҳкомларини яхши тушунмаслик ва тушунишга жиддий ҳаракат қилмаслик Аллоҳ таолонинг дўстлари шаънига тўғри келмайди. Қолаверса, жаҳолат билан қилинган амалларда шариат кўрсатмаларидан чиқиб кетиш кўп учрайди. Шариат кўрсатмаларига номувофиқ ҳолатда риёзат чекиш эса тоат бўлмайди. Сўфи Оллоёр бобомизни Аллоҳ раҳмат қилсин, бу масалани икки оғиз сўз билан қалбга нақшлаб қўйган
Шариат ҳукмидин ташқи риёзат
Эмас тоат, қабоҳатдур, қабоҳат
Яъни қанчалик машаққат билан қилинган бўлмасин шариатга тўғри келмаган риёзат ибодат саналмайди. Балки бемаъни ҳатти-ҳаракатлар бўлади. Тоат ибодат учун аввало шариат ҳукмларини ўрганиш лозим.
‘‘Эътиқод Дурдоналари’’ китоби асосида
Нуриддин Акромов тайёрлади
ЎМИ матбуот хизмати
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ Роббига осийлик қилаётган бир жамоани кўрдилар ва уларга қарата бундай дедилар: “Аллоҳ таолонинг наздида хор бўлишди ва У Зотга осий бўлишди. Борди-ю, улар Аллоҳ учун қадрли бўлганларида, Аллоҳ уларни гуноҳдан сақлаган бўлур эди”.
Демак, Аллоҳ таоло қайси бандасини яхши кўрса, уни гуноҳлардан сақлаб қўяр экан. Бирортамиз гуноҳ қилиб, Аллоҳни унутиб, Роббининг наздида ҳақир банда бўлишни истаймизми?! Албатта, йўқ!
Нафсингиз сизни гуноҳга чорлаган пайтда қилаётган ишингизнинг оқибати ҳақида ўйланг ҳамда Аллоҳ таоло сизни кўриб турганини ҳис этинг. Ўзингизга ўзингиз шу саволни беринг: “Сени ҳурматлаб эъзозловчи бирор ким шу ҳолингда кўриб қолса, ундан уялган бўлармидинг?! Қандай қилиб Роббинг бўлмиш Аллоҳ таолодан уялмайсан?!”.
Нафсингизга: “Сен эртага бошингга бу гуноҳларнинг балоси уриши ва шарманда бўлишдан омондамисан?” денг. Бир нарсани ёдингиздан чиқармангки, сиз қандай гуноҳ қилишингиздан қатъи назар, Аллоҳнинг ато этган неъматларидан фойдаланган ҳолингизда гуноҳга қўл урган бўласиз. Аллоҳ таоло сизга берган, сиз у билан ҳаромга назар ташлаётган кўзингизнинг ўзи қанча неъмат?! Ҳаромга чўзаётган қўлингизнинг ўзи аслида қанча неъмат?! Қанчадан-қанча талаффузи ҳалол бўлмаган нарсаларни тилингизда айлантирасиз. Ато этилган неъматлар ила гуноҳ қилишингиз неъмат ато этгувчи Зотга нисбатан миннатдорчиликми, шукрми?!
Зимистон тунда тош остидаги чумолини кўра олган Зот сизни ҳам кўриб турибди, буни ёдингиздан чиқарманг!
Ҳикоят. Бир куни бир эркакка бегона аёл билан бирга хилватда қолишни шайтон зийнатли қилиб кўрсатибди. Аёлнинг ёнига кирганида кўзлари олайганича унга қараб: “Бизни ҳеч ким кўрмаяптими?” – дебди. Аёл: “Йўқ, Аллоҳдан бошқаси кўрмаяпти”, дебди. Шу пайт эркакнинг кўзлари ёшланиб: “Худо ҳаққи, кўраётганлар ичида Роббим буюкдир! Мабодо мени бирор кичикроқ бола кўриб турган бўлса-да, унинг олдида бунақанги иш қилишга журъатим етмайди-ю, қандай қилиб оламлар Рабби бўлган Зот кўриб турган бўлса, мен бу каби гуноҳ ишни қила оламан?!” – дебди ва аёлнинг уйидан чиқгани ҳолда Аллоҳ таолонинг: «(Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (яъни, қараш ман этилган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни (ёмон ниятларни) ҳам билур»[1], деган каломини эслабди.
Шоир айтади:
Хилват бир гўшада қолсанг-да юз йил,
Ҳолинг кўриб турган Худо бор, билгил.
Ошкору яширин – баридан воқиф,
Аллоҳ ҳеч ишингдан эмасдир ғофил.
Гуноҳкорга қилаётган иши қанчалик кичик, арзимасдек кўринса-да, Аллоҳнинг наздида қилган гуноҳи катталашиб бораверади.
Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Банданинг гуноҳни кичик деб ҳисоблаши – бу унинг Аллоҳга бўлган журъатидан. Боиси, банда маъсиятни кичик деб ҳисобласа, гуноҳга беписанд қарайди, қалбида уни енгил қабул қилади ва гуноҳларининг кўпайишидан парвоси фалак ҳам бўлмайди”.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳам бу борада шундай дейдилар: “Мусулмон одам бир тоғнинг остида турибман-у, мана шу тоғ бошимга қулаб кетай деяпти, дея гуноҳларини тасаввур қилган одамдир. Фожир эса гуноҳларни бурнига қўниб, кейин тезда учиб кетган пашша дея ҳисоблайди”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Ғофир сураси, 19-оят.