Аввал хабар берганимиздек, 3 октябрь Ўзбекистон қорилари – Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов, институтнинг 4 курс талабаси “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси 2018” мутлақ ғолиби Йўлдошбек қори Нуриддинов ҳамда “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Абдурраҳмон қори Сўфиев Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида бўлиб ўтадиган нуфузли халқаро мусобақада иштирок этиш учун жўнаб кетган эдилар.
Кеча, 5 октябр куни саралаш босқичи амалга оширилиб, Жаҳонгир қори Неъматов ушбу мусобақада кузатувчи ҳакам сифатида иштирок этмоқда.
Саралаш натижаси бугун эълон қилиниб, унга кўра қориларимиз Йўлдошбек қори Нуриддинов, ҳамда Абдурраҳмон қори Сўфиев шу кун мусобақага киришишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ушбу мусобақа Масжидун-Набавийда ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу мусобақа Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида 40 йилдан бери илк бор ўтказилмоқда.
Мусобақа 6-11 октябрь кунлари – олти кун мобайнида бўлиб ўтади. Қори юртдошларимизнинг илмига Аллоҳдан барака сўраб дуо қилишингизни сўраб қоламиз.
Мусобақа тафсилотлари билан ушбу саҳифада танишишингиз мумкин:


24–29 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари жам бўлади.
Форум дастуридан тантанали очилиш маросими, ялпи мажлислар, мавзуга оид медиа-кўргазмалар, матбуот анжуманлари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Шўба йиғилишлари доирасида ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар, шунингдек, медиа соҳасидаги халқаро лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон талабалари учун жаҳон медиа саноатининг етакчи мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа маҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш борасида тажриба алмашади.
27 август куни форум қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилади. Дастур доирасида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилади ва шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий ОАВ вакиллари учун махсус медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.
Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати