Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмонга қай бир мусибат: ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини (гуноҳларини) кафорат қилади», дедилар».
Демак, мусулмон киши катта-ю кичик мусибатларга, оғир беморликларга ҳам, тикон киришига ҳам сабр қилмоғи лозим бўлар экан.
Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурларига у киши Минода турганларида қурайшлик ёшлар кулиб кириб келди. Бас, у киши:
«Сизларни нима кулдирмоқда?» дедилар.
«Фалончи чодирнинг ипига қоқилиб, йиқилиб бўйни синишига ва кўзи чиқишига сал қолди», дедилар.
«Кулманглар! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, “Қай бир мусулмонга тикан кирса ёки ундан ортиқ нарса етса, албатта, унга бир даража ёзилур ва бир хатоси ўчирилур, деганларини эшитганман», дедилар Оиша онамиз.
Эътибор берайлик, ҳадиси шарифда айтилишича, ана шундай ҳолга тушган одамга Аллоҳ таоло катта марҳамат кўрсатар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундай киши ҳақида: “Қай бир мусулмонга тикан кирса ёки ундан ортиқ нарса етса, албатта, унга бир даража ёзилур ва бир хатоси ўчирилур”, демоқдалар.
Қандай қилиб Аллоҳ таолонинг улкан марҳаматига сазовор бўлиб турган инсон устидан уни масхара қилиб кулиш мумкин!? Ҳар биримиз бу масалада жуда ҳам эҳтиёт бўлмоғимиз лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни синовга учратур”, дедилар”.
Ана ўшандек синовларнинг бири беморликдир. Демак, беморликка мубтало бўлган мусулмон инсон ўзига ориз бўлган хасталикни Аллоҳ таолодан ўзига нисбатан синов деб билмоғи лозим ва сабр қилиб, Аллоҳ таолонинг Ўзидан шифо сўрамоғи керак. Мўмин-мусулмон одам ўзига беморлик етганда сабрсизлик қилиш ўрнига, сабр қилиб, хасталикни Аллоҳ таоло берадиган яхшиликдан олдинги синов деб билмоғи лозим. Агар ўша синовдан яхши ўтса, унга яхшилик ато қилинади. Мабодо, Аллоҳ кўрсатмасин, синовдан ўта олмаса, ўзидан кўрсин.
Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра шиддатлироқ беморликка учрайдиган бирор кишини кўрмадим”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақомлари улуғ бўлганидан ҳам у зотга дарднинг шиддатлиси келар эди. Бирор мусулмон банда хасталикка чалинса, нима учун ҳадеб бемор бўлаверар эканман, бошқалар соппа-соғ юрибди-ку, қабилидаги гап-сўзларга бормай Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг беморликка учрашларини кўз олдига келтирмоғи лозим. Беморликка учраш Аллоҳ таолонинг азобига учраш дегани эмас экан, балки баъзи вақтларда, хусусан, мўмин-мусулмон, тақводор одамлар учун беморлик даражаларининг кўтарилиши учун хизмат қилиши ҳам мумкин экан.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Соибнинг ҳузурига кирдилар ва:
“Эй Умму Соиб, сенга нима бўлди, қалтираяпсан? ” дедилар.
“Иситма! Аллоҳ уни баракасиз қилсин!” деди у.
“Иситмани қарғама. У одам боласининг хатоларини худди босқон темирнинг зангини кетказганидек кетказур”, дедилар у зот”.
Ушбу ҳадиси шарифдан бир неча муҳим масалаларни ўрганиб оламиз.
Аввало, эркак киши бемор бўлиб ётган аёл кишини кўргани бориши мумкинлиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Умму Соиб онани кўргани борганлари шунга далолат қилади.
Иккинчидан мўмин-мусулмон одам ўзига етган беморликни сўкмаслиги кераклиги.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам беморликдан қийналаётган бир кишини кўргани бордилар ва унга: “Хурсанд бўл! Аллоҳ бу менинг оловимдир, уни гуноҳкор бандамга дўзахдаги насибаси ўрнига берурман, деюр”, дедилар.
Бу ҳадиси шариф беморликка сабр қилишнинг кўплаб фойдаларидан яна бирини баён қилмоқда. Унда бу дунёда тортган дард, агар банда дардни сабр ила, Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлиб, шариатга хилоф қилмай бошдан кечирса, охиратда бўладиган азоб ўрнига ўтиши мумкинлиги баён қилинмоқда.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:
“Албатта, Аллоҳ таоло, қачонки бандамни икки суюклиси ила мубтало қилганимда у сабр қилса, иккисининг эвазига унга жаннатни берурман, деюр”, деганларини эшитдим”.
Бу ҳадиси шарифдаги “икки суюклиси” дан мурод икки кўзидир.
Албатта, икки кўзидан ажраш ёки умуман икки кўзи кўрмайдиган бўлиб туғилиш ҳар қандай банда учун оғир мусибат. Шунинг учун ҳам бу оғир мусибатга сабр қилган бандага улкан мукофот – жаннат ваъда қилинмоқда.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қорин хасталиги ила ўлган шаҳиддир, вабода ўлган шаҳиддир”, дедилар”.
Беморликларга сабр қилган мўмин-мусулмон бандага бир неча хил мукофотлар ваъда қилинмоқда.
гуноҳларнинг ювилиши;
даражаларнинг кўтарилиши;
хатоларнинг ўчирилиши;
Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилиши;
дарднинг оғирлигига қараб ажрнинг кўпайиб бориши;
дард чекиб, сабр қилиб тузалган одам гуноҳлардан пок бўлиши;
тортилган дард охират азоби ўрнига ўтиши;
Оғир дардга сабр қилган банданинг жаннатга киришига сабаб бўлиши.
Бу ерда зинҳор ва зинҳор савоб бўлар экан деб ўзига хасталик тилаш ёки хасталикка олиб борадиган ишни қилиш, қасддан даволанмай юриш мутлақо мумкин эмас.
Хўжаобод туманидаги “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Муҳаммад Қуддус Абдулманнон манбалар асосида тайёрлади.
Бир ўтириб, яшаб ўтган шунча йиллик ҳаётимизда бошдан кечирган ғам-ғуссаларимиз ҳақида фикр юритиб кўрсак, қайғулар икки хил эканини кўрамиз:
Биринчиси – ўша пайтда кўзимизга катта кўриниб, ҳатто йиғлашимизга сабаб бўлган қайғуларимиз. Лекин вақт ўтиши билан улар аслида оддий нарса экани, йиғлашга арзимаслиги маълум бўлади. Баъзан ўша кунларни эслаганимизда кулгимиз келиб, «Шу арзимас нарса учун ҳам сиқилиб, йиғлаб юрган эканманми? У пайтларда анча ёш бўлган эканмиз-да», деб қўямиз.
Иккинчиси – ҳақиқатдан ҳам катта мусибатлар. Баъзилари ҳаётимизни зир титратган. Бу қайғулар ҳам ўтиб кетади, лекин ўчмайдиган из қолдириб кетади. Бу излар узоқ йилларгача қалбга оғриқ бериб тураверади. Бу қайғулар баъзан тўхтаб, баъзан ҳаракатга келиб, янгиланиб турадиган вулқонга ўхшайди. Бундай ғам-қайғуларнинг яхши тарафи шундаки, улар ҳаётда ҳам, охиратда ҳам яхшиликларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Улар қалбимизда ўчмас из қолдирса, ҳар эслаганда кўзларимизда ёш қалқиса, энг асосийси – ўшанда дуога қўл очиб, сабр билан туриб бера олсак, кўп-кўп яхшиликларга, ажр-савобларга эга бўламиз. Ғам-қайғу янгиланиши билан яхшиликлар ҳам янгиланиб бораверади.
Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.
Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).
Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.
Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».
Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.
Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.