Бугун, юртимиз мусулмонлари улкан мусибатга, оғир жудоликка учради. Кўп йиллардан бери нафақат юртимиз, балки қўшни мамлакатларга ҳам сермаҳсул хизматлари билан танилган, муҳтарам устоз, таниқли уламо Абдураззоқ ҳожи Юнусов табаррук 70 ёшда вафот этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, уламолари, имом-хатиблар ва мударрислар ҳамда Абдураззоқ ҳожи Юнусовнинг шогирдлари у кишининг оила аъзоларига, яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Улуғ олим Абдураззоқ ҳожи Юнусовнинг жанозалари 2018 йил 5 октябрь куни Тошкент шаҳридаги Камолон даҳасидаги “Хўжа Аламбардор” жоме масжидида жума намозидан сўнг ўқилади.
Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Cавол: Коллежда ўқиб юрган вақтларимда баъзан автобусдан йўлкирани бермасдан тушиб кетардим. Бу ишнинг оғир гуноҳ эканини англаб етдим. Буни қандай тўғриласам бўлади? Тахминий ҳисоблаб, садақа қилсам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз бу ишингиз учун аввало истиғфор айтиб, тавба қиласиз. Тўламаган йўлкираларингизни тахминий ҳисоблайсиз ҳамда ўзингиз фойдаланган автобуслар бошқармасидан йўлкиралар тўланадиган ҳисоб рақамлари бўлса, қарзларингизни шунга ўтказиб қўясиз ва шу билан зиммангиздаги юкдан қутиласиз, иншааллоҳ. Агар уларда бундай имконият бўлмаса, садақа қилиб юборасиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.