Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Ноябр, 2024   |   04 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:39
Қуёш
06:59
Пешин
12:12
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:31
Bismillah
05 Ноябр, 2024, 04 Жумадул аввал, 1446

Сурхондарёда йирик исломий тадқиқот маркази қурилмоқда

4.10.2018   2963   2 min.
Сурхондарёда йирик исломий тадқиқот маркази қурилмоқда

Янги илмий тадқиқот марказ, 2500 ўринли масжид, имомлар учун 5 та кўп қаватли тураржой барпо этилади.

Президентимизнинг 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан Термиз шаҳрида Имом ат-Термизий номидаги илмий тадқиқот маркази, 2500 ўринга мўлжалланган масжид, 138 ўринли меҳмонхона ҳамда оталар чойхонаси, шунингдек,имомлар учун 5 та икки қаватли турар жойлар ва бошқа бир неча хизмат кўрсатиш иншоотлари бунёд этилмоқда. Бу ҳақда "Халқ сўзи" нашри хабар берди.

“Мажмуа ҳудудидаги масжид биноси шарқ меъморчилигининг ноёб анъаналарини ўзида мужассам этган. Иншоотдаги битта йирик гумбаз ҳамда унга ёндош 2 та 42 метр баландликдаги минора масжидга кўркамлик ва ўзига хос салобат бахш этади. Ёпиқ бино ичида бир вақтнинг ўзида 2500 намозхон ибодат амалларини бажариши мумкин”, - дейди “Проф гуруҳ” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мурод Абдуллаев.

Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида милодий 824 йилда таваллуд топган. Умрини илму маърифат, хусусан, ислом дини таълимотини ўрганиш ва тадқиқ этишга бағишлаган аллома энг ишончли ҳадислардан иборат “Сунани Термизий” китобининг муаллифи сифатида бутун дунёга шуҳрат қозонди. Бу асар то ҳануз муқаддас Қуръони каримдан кейинги манба — “Кутуби ситта”, яъни энг ишончли олтита ҳадис китобидан бири сифатида тан олинади.

Қурилиш ишлари тугагач марказ шундай кўринишга эга бўлади.

Имом Термизий мангу қўним топган ёдгорлик мажмуасида ўтган йили улкан ҳажмдаги қурилиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Аллома қабри устига янги мармартош ўрнатилиб, мавжуд мақбара қайта таъмирланди, мақбарага ёндош янги иншоот қурилди. Шу билан бирга, мажмуа ҳудудида миллий меъморчилик асосидаги янги масжид барпо этилиб, энг нодир асарлар жамланган кутубхона, турли илмий анжуманлар ўтказишга мўлжалланган алоҳида хоналар ташкил этилди. 2,5 гектарни ташкил этувчи ҳудуд девор билан ўралиб, шарқона айвонлар қад ростлади, умумий овқатланиш, савдо ва турли хизмат кўрсатиш шохобчалари ёдгорлик мажмуасига кўрк бағишлаши баробарида зиёратчилар ҳамда сайёҳлар учун қулайлик яратмоқда.

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг тенглик ҳақидаги фикрлари

4.11.2024   1407   3 min.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг тенглик ҳақидаги фикрлари

Cавол: Ҳазрати Умарнинг: “Менда жоҳилиятдан бирор нарса қолмади. Фақатгина мусулмонлардан қайси аёлга уйланишим ва кимга қиз беришимга парво қилмайман”, деган гапларини қандай тушунамиз?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Муҳаммад ибн Сийриндан, у эса буюк саҳоба Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан нақл қилган саволда зикр қилинган ривоятни тўлиқ шакли қуйидагича:  

عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ سِيرِينَ ، قَالَ : قَالَ عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ : مَا بَقِيَ فِي شَيْءٍ مِنْ أَخْلاَقِ الْجَاهِلِيَّةِ ، إلاَّ أَنِّي لاَ أُبَالِي إلى أَيَّ الْمُسْلِمِينَ نَكَحْت وَأَيَّهُمْ أَنْكَحْت.

“Менда жоҳилият ахлоқидан бирор нарса қолмади. Фақатгина қайси муслима аёлга уйланишим ва қайси мусулмонга қизимни никоҳлаб беришимга парво қилмайман” (Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да, Ибн Саъд “Табақот”да ривоят қилишган).

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ушбу гапларида никоҳдаги тенглик ҳақида сўз юритилмоқда. Шунинг учун ҳам муҳаддислар  ушбу ривоятни “Кафоат боби – никоҳдаги ўзаро тенглик” мавзусида келтиришган. Яъни, мусулмонларнинг барчалари никоҳда, ўзаро қуда-андачиликда бир-бирларига тенгдирлар. Улар наслу насабга қараб одамларни ажратишлари ва бу борада ҳаддан ошишлари тўғри эмасдир. Шунинг учун "мен кимнинг қизига уйланишим ва кимга қизимни никоҳлаб беришимнинг аҳамияти йўқ. Бунда фақатгина унинг мусулмон бўлиши кифоя”, дейилмоқда.

Дарҳақиқат, жоҳилият даврида одамларга наслу насабига қараб муомала қилиш, насли пастроқ кишиларни одам ўрнида кўрмаслик авж олган эди. Ислом дини келиб, бу тушунчалар мутлақо нотўғри эканини, одамлар аслида бир мартабада эканларини, фақатгина тақволари билан бир-бирларидан ортиқ эканларини баён қилди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларига қарата бундай мурожаат қилганлар: 

"إن الله قد أذهب عنكم عُـبـِّية الجاهلية وتعاظمها بآبائها ، الناس رجلان : بَـرٌّ تقي كريم على الله عز وجل ، وفاجر شقي هيِّن على الله عز وجل ، الناس كلهم بنو آدم ، وخلق الله آدم من تراب" (رواه الترمذي).

“Аллоҳ сизлардан жоҳилият давридаги ота-бобоси билан фахрланиш ва кибрланиш одатини кетказди. Одамлар икки тоифадирлар: Аллоҳ таолонинг ҳузурида қадр топган – солиҳ ва тақволи киши ҳамда Аллоҳ таолонинг ҳузурида қадрсиз – фожир ва бахтсиз киши. Одамларнинг барчаси Одамнинг фарзандларидир. Одамни эса, Аллоҳ таоло тупроқдан яратган”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Шундан келиб чиқиб, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам никоҳда мусулмонлар ўзаро тенг экани ва наслу насабга кўра одам ажратиш нотўғри эканини айтмоқдалар. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар