Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 10 сентябрдаги 01А/092-сонли буйруғига асосан Андижон вилояти масжидларида фаолият кўрсатаётган имом хатиблар ва имом ноиблари ўртасида “Энг маърифатли имом” кўрик танловининг шаҳар ва туман босқичи юқори савияда, кўтаринки руҳда ташкил қилинди. Ушбу кўрик танловда вилоят бўйича жами 181 нафар имом хатиб ва 62 нафар имом ноиблари ўзаро беллашдилар. Бу ҳақда ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги хабар берди.
Танлов шартларига кўра иштирокчилар тўрт йўналиш бўйича ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Ҳакамлар ҳайъатининг якуни хулосасига кўра Андижон вилоятидаги барча шаҳар ва туманларидан ҳар биридан биттадан ғолиб аниқланди ва “Энг маърифатли имом” кўрик танловининг Андижон вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритдилар.
Мусобақа иштирокчилари ва ғолиблари эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
“Энг маърифатли имом” кўрик танловининг шаҳар ва туман босқичи ғолиблари рўйхати
1. Андижон шаҳридан – “Боботаваккул” жоме масжиди имом-хатиби Кенжаев Нодирбек;
2. Андижон туманидан – “Довудхонтўра” жоме масжиди имом-хатиби Мадрахимов Абдуваҳоб;
3. Асака туманидан – “Муҳиддин Саххоф” жоме масжиди имом-хатиби Зоҳидов Муҳаммадали;
4. Балиқчи туманидан – “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби Акбаров Саидолимхон;
5. Олтинкўл туманидан — “Далварзин” жоме масжиди имом-хатиби Ортиқов Искандарбек;
6. Бўз туманидан — “Юнусобод” жоме масжиди имом-хатиби Усмонов Умиджон;
7. Улуғнор туманидан -“Овулмат” жоме масжиди имом-хатиби Абдурахимов Ихтиёржон;
8. Марҳамат туманидан -“Ўқчи” жоме масжиди имом-хатиби Минхожиддинов Қамариддин;
9. Қўрғонтепа тумани, Хонобод, Қорасув шаҳридан – Қўрғонтепа туманидаги “Р.Бобохонов” жоме масжиди имом-хатиби Тўланов Абдулхамид;
10. Хўжаобод туманидан -“Юсуфчек” масжиди имом-хатиби Ураимов Иномиддин;
11. Шаҳрихон туманидан – “Муҳаммад Розиқбой” жоме масжиди имом-хатиби Каримов Олимжон;
12. Пахтаобод туманидан – “Муҳаммад Шариф Ҳисорий” жоме масжиди имом-хатиби Акбаров Лочинбек;
13. Избоскан туманидан – “Нўъмонжон хожи” жоме масжиди имом-хатиби Каримов Эсонбой.
14. Жалақудуқ туманидан – “Капа” жоме масжиди имом-хатиби Турдиев Қобилжон;
15. Булоқбоши туманидан – “Кулла” жоме масжиди имом-хатиби Ашуров Мирхомид.
ЎМИ Матбуот хизмати
Cавол: Ҳазрати Умарнинг: “Менда жоҳилиятдан бирор нарса қолмади. Фақатгина мусулмонлардан қайси аёлга уйланишим ва кимга қиз беришимга парво қилмайман”, деган гапларини қандай тушунамиз?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Муҳаммад ибн Сийриндан, у эса буюк саҳоба Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан нақл қилган саволда зикр қилинган ривоятни тўлиқ шакли қуйидагича:
عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ سِيرِينَ ، قَالَ : قَالَ عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ : مَا بَقِيَ فِي شَيْءٍ مِنْ أَخْلاَقِ الْجَاهِلِيَّةِ ، إلاَّ أَنِّي لاَ أُبَالِي إلى أَيَّ الْمُسْلِمِينَ نَكَحْت وَأَيَّهُمْ أَنْكَحْت.
“Менда жоҳилият ахлоқидан бирор нарса қолмади. Фақатгина қайси муслима аёлга уйланишим ва қайси мусулмонга қизимни никоҳлаб беришимга парво қилмайман” (Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да, Ибн Саъд “Табақот”да ривоят қилишган).
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ушбу гапларида никоҳдаги тенглик ҳақида сўз юритилмоқда. Шунинг учун ҳам муҳаддислар ушбу ривоятни “Кафоат боби – никоҳдаги ўзаро тенглик” мавзусида келтиришган. Яъни, мусулмонларнинг барчалари никоҳда, ўзаро қуда-андачиликда бир-бирларига тенгдирлар. Улар наслу насабга қараб одамларни ажратишлари ва бу борада ҳаддан ошишлари тўғри эмасдир. Шунинг учун "мен кимнинг қизига уйланишим ва кимга қизимни никоҳлаб беришимнинг аҳамияти йўқ. Бунда фақатгина унинг мусулмон бўлиши кифоя”, дейилмоқда.
Дарҳақиқат, жоҳилият даврида одамларга наслу насабига қараб муомала қилиш, насли пастроқ кишиларни одам ўрнида кўрмаслик авж олган эди. Ислом дини келиб, бу тушунчалар мутлақо нотўғри эканини, одамлар аслида бир мартабада эканларини, фақатгина тақволари билан бир-бирларидан ортиқ эканларини баён қилди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларига қарата бундай мурожаат қилганлар:
"إن الله قد أذهب عنكم عُـبـِّية الجاهلية وتعاظمها بآبائها ، الناس رجلان : بَـرٌّ تقي كريم على الله عز وجل ، وفاجر شقي هيِّن على الله عز وجل ، الناس كلهم بنو آدم ، وخلق الله آدم من تراب" (رواه الترمذي).
“Аллоҳ сизлардан жоҳилият давридаги ота-бобоси билан фахрланиш ва кибрланиш одатини кетказди. Одамлар икки тоифадирлар: Аллоҳ таолонинг ҳузурида қадр топган – солиҳ ва тақволи киши ҳамда Аллоҳ таолонинг ҳузурида қадрсиз – фожир ва бахтсиз киши. Одамларнинг барчаси Одамнинг фарзандларидир. Одамни эса, Аллоҳ таоло тупроқдан яратган”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Шундан келиб чиқиб, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам никоҳда мусулмонлар ўзаро тенг экани ва наслу насабга кўра одам ажратиш нотўғри эканини айтмоқдалар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.